Қарор билан ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика фаолиятини янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгиланди.

Қарорга кўра:

Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош маркази тузилмасида Генетик тадқиқотлар ва Шахснинг геном ахборотини давлат рўйхатига олиш бўлимлари ташкил этилди;

Ички ишлар вазирлиги таъсисчилигида ўқотар, пневматик, газли, сигнал берувчи, совуқ, улоқтирувчи ва бошқа қуроллар, уларнинг ўқ-дориларини, махсус воситаларни, ўқ ўтказмайдиган махсус ҳимоя воситаларини, электрошок қурилмалари, пиротехника буюмлари ва портловчи материалларни сертификатлашни амалга оширувчи давлат муассасаси ташкил этилади;

ички ишлар органларининг эксперт-криминалистика бўлинмаларига эксперт-криминалистика соҳасида шартнома асосида экспертлик, биометрик идентификация, илмий-тадқиқот ва ахборот хизматларини ҳамда соҳага оид бошқа пуллик хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини берилди;

махсус илмий-техник ва интеллектуал салоҳиятга эга шахсларни мутахассис ёки техник ишчи сифатида эксперт-криминалистика бўлинмаларига шартнома асосида жалб этиш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, экспертиза ва тадқиқотларнинг қуйидаги янги турлари ўтказилиши йўлга қўйилади:

2022 йил якунигача:

видео ва фототехника экспертизаси, шу жумладан видеоёзувларда қайд қилинган транспортнинг ҳаракатланиш тезлигини аниқлаш экспертизаси;

электр таъсирли қуроллар экспертизаси;

газли қуроллар экспертизаси;

газ-ҳаво аралашмаси ва физик портлашлар экспертизаси;

транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонлари портлаши экспертизаси;

одам ДНКси биологик экспертизаси;

махсус техника ва транспорт воситаларини баҳолаш экспертизаси;

озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси;

2023 йил якунигача:

рақамли маълумотлар базаси экспертизаси;

Интернет тармоғида булутли сервислар экспертизаси;

фоноскопия экспертизаси.

2023 йил 1 январгача шахс, буюм ва ҳодисалар тўғрисида олинган ахборотлар бўйича автоматлаштирилган криминалистик ахборот-қидирув тизими жорий этилади.

Шунингдек, 2023 йил якунигача суд-тергов фаолиятида ашёвий далил сифатида олинган синтетик турдаги гиёҳвандлик, шунингдек, психотроп ва кучли таъсир этувчи дори воситаларининг кимёвий таркиби бўйича марказлашган ахборот-қидирув тизимини яратиш чоралари кўрилади.

2022/2023 ўқув йилидан Ички ишлар вазирлиги Академиясининг бакалавриат дастури бўйича таълим тизимида “рақамли криминалистика асослари” фани ўқитилиши йўлга қўйилади.