Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони Ўзбекистонда мустақил суд ҳокимиятини шакллантиришга қаратилган суд-тизимини демократлаштириш ва ислоҳ қилиш, қонунчиликни либераллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминловчи кенг кўламли тадбирларни амалга оширишга йўл очади.

Мазкур фармоннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ ислоҳотининг муҳим босқичи, улкан ютуғи бўлди ва қонунчиликда туб бурилиш ясайди. Ушбу фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида чуқур тушунчага эга бўлишимиз, умуман соҳадаги ислоҳотларга бошқача назар билан қарашимиз ва қонун устуворлигини таъминлашда адолат мезонига риоя қилган ҳолда судлар фаолиятини ташкил қилиш лозим бўлади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланмаслигига, ягона суд амалиёти таъминланишига, судлар тизимининг амалдаги тузилмаси ва штат бирлиги хизмат вазифаларини оқилона тақсимлаш, судларни замон талабларини инобатга олган ҳолда такомиллаштириш ва мақбуллаштиришга имконият яратади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатилиши ишларни кўришда сансоларликка йўл қўйилишининг олди олинишига замин яратади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши ушбу янгилик иш ҳажмини сезиларли даражада қисқартириш, аксарият ишларни кўриб чиқиш тартибини соддалаштириш ва тезлаштиришга имкон яратади, фуқароларнинг одил судловга ҳеч бир тўсиқсиз мурожаат қилиши учун имкон яратилади.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш суд-ҳуқуқ ислоҳотлари янги босқичининг асоси бўлиб, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга хизмат қилади ва қуйи судлар йўл қўйган хато ва камчиликларни вилоят судлари ўз ваколати доирасида бартараф қилишлари шартлиги мустаҳкамлаб қўйилди, шунингдек фуқароларнинг вилоят судларидан норози бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига адолат излаб келишларини камайтириш чораси ҳисобланади, бундай сарсон саргардонликка йўл қўйишнинг олди олинади.

Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритилиши одил судловни тўла-тўкис амалга ошириш, қонуннинг устуворлигини таъминлашга, асосий вазифалари шахсни жавобгарликка тортиш ва жазо тайинлаш бўлиб қолмасдан, балки жиноятчиликнинг олдини олиш ва уни келтириб чиқарадиган сабабларини аниқлашга кўпроқ қаратилиши мақсадида киритилганлиги яхши натижа беради деган умиддамиз. Чунки, шахсни жавобгарликка тортиш ва суд курсига ўтқазиш сўнги чорадир.

Туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиши бу жаҳон андозаларига мос келадиган ислоҳотлардан бири бўлади ва вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг фуқаролар томонидан қилинган мурожаатларида келтирилган важларга бўладиган муносабатларини тубдан ўзгартиришига олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибинг тузилиши, бу инвесторларга ҳақ- ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта йўл очади ва инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли суд ҳимоясида бўлишини кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси таркибий тузилма (лавозим)лар киритилиши эса доимий равишда судлар фаолиятида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш амалиёти бўйича мониторинг ўтказиб, жойларда бевосита суд амалиётини ўрганишга ва тадқиқот натижалари юзасидан уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга имкон беради.

Ҳар қандай қонун ҳужжати ҳам ижтимоий турмушнинг ўзгаришига, жамиятнинг тараққиётига қараб такомиллашиб бориши табиий ҳол. Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги янги таҳрирдаги қонуни лойиҳасининг ишлаб чиқилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда муҳим қадам бўлади. Мазкур Қонуннинг муҳим хусусияти шундан иборатки, судларнинг тузилиши, туман (шаҳар), туманлараро, вилоятлар ва уларга тенглаштирилган судларнинг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг, Раёсатининг Пленумининг ваколатлари доираси; судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларга нисбатан қўйиладиган талаблар; судьялар, суд раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби; судьяларнинг мақоми, уларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш; судьяларга нисбатан интизомий иш фақат судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан қўзғатилишини назарда тутган ҳолда, судьяларнинг интизомий жавобгарлиги, интизомий ишни қўзғатиш ва кўриб чиқиш тартиби; судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шунингдек, тугатиш асослари ва тартиби; судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини киритилиши қонунан мустаҳкамлаб қўйилиши суд ислоҳотларининг мантиқий давоми бўлади.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш, қонунлар устуворлиги ғоясини ҳаётга татбиқ этишни таъминловчи асосий механизм бўлмиш мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш ва такомиллаштириш Ўзбекистонда давлат томонидан олиб борилаётган ҳуқуқий сиёсатнинг тамал тоши ҳисобланади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар судьяларимизни қонун устуворлигини таъминлашда тинмасдан изланишига, тажрибаларини бойитиб боришига, касбининг шарафлаш йўлида ҳеч қачон чарчамасликлари, судья деган улуғ номга доғ туширмаслик учун ўз халқига, давлати томонидан қабул қилинган Конституция ва қонунларга садоқатли бўлиш ҳам қарз, ҳам фарздир.

Буюк маърифатпарвар шоир Алишер Навоий ўз асарларида адолат, ҳақиқат ва эзгуликни юксак тарзда тараннум этган. Шоирнинг қозилар хусусидаги қуйидаги фикрлари асрлар ўтсада, ўзининг аҳамиятини йўқотган йўқ. «Қозилар ёвузлик ва эзгулик ўртасидаги фарқни ажратади. Унинг қалби илоҳий билимлар билан покланган, ақли аниқ фанлар билан чархланган, шахсий манфаатларидан узоқда бўлиши керак. Қозининг ҳукми диний билимлар дурдонаси бўлиши, ҳар бир кишини — хоҳ дўст, хоҳ душман бўлсин, адолат билан суд қилиши лозим. Унинг билимдонлиги ва улуғворлиги ёрқин қалбларни жунбишга солади, зийрак ва аниқ тергови қабиҳ инсонларни даҳшатга солади. Қонунни бузувчи тамагир қози адолат деворини бузади.»

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ушбу жараёнлар Президентимизнинг ташаббуси билан босқичма-босқич амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир.Суд ва судьяларимизнинг обрўсини кўтариш уларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳар доим давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборида турибди.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу фармоннинг қабул қилиниши ҳақиқатдан ҳам халқимиз кўз ўнгида суд ҳақиқий одил, инсонпарвар, қонун устуворлигини таъминлайдиган органга айланиши учун астойдил ва мунтазам ўз касбини севувчи судьялар мустақиллигини таъминлаш учун ҳуқуқий асосларни кенгайтириш имконини беради.

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун ислоҳотларга нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ҳам ҳиссасини қўшиши зарур. Суднинг мустақиллиги ва таъсирчан фаолияти сўзда эмас, амалда таъминланиши учун қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, одамларнинг ўз ҳуқуқларини талаб қилиш қобилиятини ривожлантириш, қилмиш учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга эришиш лозим бўлади.

Альтингул Юсупбаева,

Юристлар малакасини ошириш маркази

бўлим бошлиғи