Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш, ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назоратни кучайтиришга оид бир қатор янги тартиблар белгиланди. Хусусан:

-     ерга бўлган ҳуқуқ турлари 6 тадан 3 тага қисқартирилди. Мерос қилиб қолдириладиган, умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқлари билан ер ажратиш амалиёти тўлиқ тугатилди.

-     ҳоким қарори асосида ерларни тўғридан тўғри ва текинга бериш амалиёти бутунлай бекор қилинди.

-      Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига – хусусий мулк қилиб сотиш, хусусийлаштириш мумкин бўлмаган ерларни ҳамда хорижий шахсларга  ижара ҳуқуқини электрон аукционда сотиш белгиланди.

-      айрим тоифадаги шахсларга (ҳарбийлар, кам таъминланган оилалар, турар жойи бузилишга тушганлар) ерларни тўғридан тўғри ва бепул бериш ўрнига аукциондан ер сотиб олиш харажатларини қоплаб бериш тизимини жорий этилди.

-     жисмоний ва юридик шахслар ихтиёрида бўлган ерларни ҳақ эвазига хусусийлаштиришга рухсат берилди. 

-     энг яхши таклифни танлаш (“swiss challenge”) орқали камида 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги йирик инвестиция лойиҳаси ташаббускорига Ҳукумат қарори билан ижарага ер бериш (бунда инвестор лойиҳа суммасининг камида 10 фоизини олдиндан депозитга қўйиши лозимлиги) тартиби ўрнатилди.

Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини ажратишда янги тартиб жорий этилди. Бунда ерни барча фуқаро ва ташкилотларга очиқ танлов асосида бериш, танловсиз ер бериш фақат Ҳукумат қарори асосида амалга оширилади.

Фармон асосида ер ажратиш ва ундан фойдаланишда назорат кучайтирилди. Хусусан, туман ҳокимларининг ер ажратиш бўйича ваколатини тўлиқ бекор қилинди, қишлоқ хўжалиги ери ижараси бўйича очиқ танлов якунини вилоят ҳокими қарори билан тасдиқланади ва ижара шартномасини электрон шаклда тузилади, ернинг жойлашув харитасини “Иннола” ва “AрсГИС” дастурларида шакллантирилади, ерга бўлган ҳуқуқни автоматик тарзда кадастр рўйхатидан ўтказилади.

Бундан ташқари вилоят ҳокимининг ер бўйича қарорларини адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказади ва ҳокимнинг айни бир қарори билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш ва бошқа шахсга ажратишни тақиқланади.

Фармонга кўра, ер соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик ҳам кескин кучайтирилди.