Бинобарин, об-ҳаёт тақчиллиги шароитида уни истеъмол қилиш ва сарфлашда тежамкор технологиялар қанчалик тез қўлланилса, оммалашса, шунчалик яхши.

Сув ресурслари Марказий Осиё минтақасида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда. Демак, сувдан фойдаланиш маданиятимизни ўзгартириш, фаолиятда янгича ёндашувларни татбиқ этиш биз учун ҳаётий заруратга айланмоғи керак. Бу борадаги ишларни асло кечиктириб бўлмайди.

Айни пайтда мамлакатимиздаги 70 фоиздан зиёд экин майдонлари эски усулда суғорилади. Бундай суғориш тизими давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, «ерга нисбатан ҳам, сувга нисбатан ҳам ваҳшийлик»дир. Буни одамлар онгига, маданиятига сингдириш ўта муҳим.

Шу боис, Президентимизнинг сайловолди дастурида ҳам ушбу масалаги алоҳида эътибор қаратилиб, 2030 йилга қадар республикамиздаги суғорма деҳқончилик қилинадиган барча экин майдонларини тўлиқ сув тежайдиган технологияларга ўтказиш, соҳага бозор механизмларини кенг татбиқ этиш, бундай ускуналарни жорий этган фермер ва деҳқонларни рағбатлантириш механизмларини янада кўпайтириш чоралари кўрилиши белгиланди.

Умуман, мамлакатимизда олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим — сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.

Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилгани, жумладан, субсидиялар ажратилаётгани катта самара бериб, кластер ташкилотлари ва фермерларни рағбатлантирмоқда. Мисол учун, 2019–2022 йилларда сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги корхоналарига жами 1 триллион 465 миллиард сўм субсидия ажратилган. Субсидиялар ажратиш механизмлари йилдан йилга такомиллаштириб борилаяпти.

2022 йилдан эса сув тежовчи технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидия ажратиш тизими рақамлаштирилди. Бу каби енгиллик ва қулайликлар мазкур йўналишдаги ишларни ривожлантиришга хизмат қилади, албатта.

Сув тежовчи технологияларнинг афзаллиги кўп. Аввало, бу усул давлат бюджетига кўп юк бўлиб тушмайди, асосан, сув истеъмолчиларининг ўз маблағлари ҳисобига барпо этилади. У туфайли нафақат сув, балки минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, ишчи кучи харажатлари сезиларли даражада иқтисод қилинади. Ҳосилдорлик эса ошади.

Мамлакатимизда ҳозирга қадар жами 473,5 минг гектар майдонда томчилатиб, 44,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 18 минг гектарда дискрет, 133,9 минг гектар майдонда бошқа сув тежовчи суғориш тизимлари жорий қилинди. 569 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Натижада уларнинг қўрсаткичи 1,2 миллион гектарга ёки суғориладиган умумий майдонга нисбатан 28 фоизга етказилди. Шу тариқа мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги йил сайин ортиб бормоқда.

Шу ўринда юртимизда, умуман, жаҳон қишлоқ хўжалигида энг оммалашган томчилатиб, ёмғирлатиб ҳамда пульсар суғориш усулларига батафсилроқ тўхталиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда.

Томчилатиб суғориш тизими жаҳоннинг қишлоқ хўжалиги тараққий этган кўпгина мамлакатларида кенг қўлланилади. У жамоатчилик ва илмий жиҳатдан интенсив технология, деб тан олинган. Томчилатиб суғоришда сув ўсимликнинг илдиз қатламига бир текисда етиб боради. Натижада даланинг экин атрофи бир хил намланади. Тупроқда ортиқча намлик юзага келмайди.

Бу суғориш режимида ўсимликнинг сувга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда сув берилади. Минерал ўғитларни ҳам бевосита сувга қўшиб бериш мумкин. Тупроқ қотмаслиги боис техника билан ишлов беришга зарурат туғилмайди.

Мавсум давомида ҳар гектар майдон ҳисобига 50–60 литр атрофида ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари тежалади. Йил давомида бериладиган ўғитлар учун харажатлар томчилатиб суғорилганда 30 фоизга камаяди, вегетация даврида бериладиган ўғитлар учун харажатлар эса 50 фоизгача камаяди. Экиннинг ўғитни ўзлаштириши 90 фоиздан ошади.

Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адир майдонларида ҳам экинларни томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.

Ёмғирлатиб суғориш экинларни сунъий ёмғир ҳосил қилиш асосида суғоришга мўлжалланган усул ҳисобланади. Бунда суғориш қувурлар ва ёмғирлатувчи махсус муҳандислик қурилмаси ёрдамида амалга оширилади. Сунъий ҳосил қилинаётган ёмғирнинг жадаллиги суғорилаётган дала тупроғининг сув шимиш салоҳиятидан камроқ ёки унга тенг бўлиши лозим.

Ёмғирлатиб суғоришнинг самараси сунъий ҳосил қилинаётган ёмғир томчиларининг ўлчамларига тўла боғлиқ. Яъни ёмғир томчилари қанчалик майда бўлса, суғориш шунчалик сифатли бўлади. Тупроқ яхши намланади, унда кўлмаклар ва сув оқимлари юзага келмайди, тупроқ қотиб қолмайди.

Бундай суғориш узоқ муддат (тинимсиз) олиб борилганда, тупроқда кўлмаклар ҳосил бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун ёмғирлатгичларнинг импульсли, яъни айланиб сув сепадиган турини қўллаш тавсия қилинади. Ўз ўқи атрофида айланиб сувни узиб-узиб сепадиган ёмғирлатгичлар энг кўп тарқалган мослама саналади.

Тупроғи ғовак ва сув ўтказувчанлиги кучли майдонларда чуқур илдиз отиб кетмайдиган (попук илдизли) экинларни, айниқса, сабзавот ва далага ёйиб экиладиган экинларни ёмғирлатиб суғориш яхши самара беради.

Тупроғи эрозияга мойил енгил тупроқли, ер юзаси нотекис бўлган адирликларда ҳам экинларни ёмғирлатиб суғориш тизимларидан фойдаланиш иқтисодий жиҳатдан яхши самара беради.

Тез-тез кучли шамол бўлиб турадиган ва тупроғининг сув ўтказувчанлиги паст бўлган ҳудудларда эса ёмғирлатиб суғоришни қўллаш тавсия қилинмайди.

Дискрет (пульсар) суғориш усули республикамиз қишлоқ хўжалик экинларини сув билан таъминлашда замонавий автоматлаштирилган, юқори самарадорликка эга комплекс суғориш тизими саналади. Ушбу тизимда суғориш манбасидан фермер хўжаликлари даласига сув етказиб беришда яроқлилик муддатини ўтаб бўлган ички суғориш тармоқларида йўқотиладиган сувни тежаш ҳамда сув ер ости ёпиқ қувур тизими орқали етказиб берилиши ҳисобига 30 фоизгача тежалади ва суғориш самарадорлиги ортади. Бунда далада ер ости ва устки қувурлар, гидрант, автоматик бошқариш тизими, назорат ўлчов асбоблари ўрнатилади. Шу билан бирга, ўқариқлар ўрнига фойдаланиладиган эгилувчан қувурлар ҳисобидан сув сарфи ҳамда сувчилар сони қисқариши эвазига иш ҳақи тежалади.

Бундан ташқари, кейинги пайтларда соҳада кучли шишувчан ва нам сақловчи полимер (гидрогель)лар орқали, шунингдек, экинларни тупроқ остидан суғориш амалиёти ҳам қўлланилмоқда.

Айни пайтга келиб юртимизда сув тежовчи ускуна ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 50 дан ортгани ҳамда мазкур технологияларни маҳаллийлаштириш 80 фоизга етказилгани бу борада эҳтиёжни қондиришга эришилаётганини англатади. Маҳаллийлаштириш ҳисобига маҳсулот таннархи арзонлашиб, валюта иқтисод қилинмоқда. Шу билан бирга, ҳозир ускуналарни қўшни давлатларга экспорт қилиш имконияти ҳам мавжуд.

Соҳада кадрларни тайёрлаш ва улар малакасини ошириш мақсадида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университетида «Сув тежамкор суғориш технологиялари» магистратура ва «Сув хўжалигида инновацион технологиялар ва улардан фойдаланиш» бакалавр таълим йўналишлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, вазирлигимиз тасарруфидаги коллежларда «Сув тежовчи суғориш тизимига хизмат кўрсатиш техниги» касб йўналиши бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Юртимиздаги барча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг сувдан тежаб-тергаб фойдаланиш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида Президентимизнинг шахсан ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти миллий тадқиқот университети ҳамда масъул тижорат банки ҳамкорлигида «Сувчилар мактаби» лойиҳаси ташкил этилди.

Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларида ушбу лойиҳа доирасида ўқувлар ташкил этилиб, кластерлар, фермер хўжаликлари, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси вакилларига сув тежайдиган технологияларни жорий этиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатиш, қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, соҳага доир инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаси ўргатилмоқда.

Дауранбек КДИРБАЕВ,

Сув хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи