Хусусан, Президентимизнинг “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.

Халқимизда дунёқарашни кенгайтириш учун кўп ўқиш ёки дунё кезишга доир турли мақоллар, ҳикматлар мавжуд. Ислом оламида “Ўқиш ақлни бойитар, сафар эса қалбни” деган нақл кенг тарқалган. Японлар орасида “Китоб — уйдаги устоз, сафар — йўлдаги устоз”, инглизларда эса “Ўқимаган саёҳатчи кўради, ўқигани англайди” деган мақоллар машҳур.

Маҳмудхўжа Беҳбудий бу икки юмуш — ўқишни ҳам, саёҳатни ҳам мукаммал бажаришга ҳаракат қилган. 1899 йилдаги илк сафари унинг дунёқарашини буткул ўзгартириб юборгани ўз даврида эътироф этилган. Аллома бу саёҳати ҳақида алоҳида мақола ёзмаган бўлса-да, 1914 йилдаги сафари таассуротларини “Ойина” журналининг бир неча сонида чоп эттирган.

Шарқнинг Европа мустамлакасига айлантирилгани, Марказий Осиёнинг чор Россияси томонидан маҳв этилиши оқибатини кўриб, гегемон давлатларнинг макр, зулм ва ёлғон асосига қурилган сиёсатидан юраги зада бўлган Беҳбудий Ақсо масжиди зиёрати давомида барча пайғамбарларни ёдга олиб, Яратганга бундай муножот қилади:

“Илоҳо! Бу азиз ва фаъол бандаларинг ҳурматидан бизга басират бер! Эшитар қулоқ, англар ақл бер! Оҳ, у эзгулар қандай эканлар? Биз на ҳолдамиз? Оҳ, қадар анбиё, авлиё, машоҳирлар келиб, биз — инсонлар учун шариатлар, тариқатлар, маърифатлар ваъз этиб, бизни ҳақиқатга даъват этиб эканлар. Биз, гумроҳлар йўлдан чиқиб, ҳазизи нафсониятга куллиян (буткул) чўмубмиз. Букун ўзларини маданият ва инсониятни(нг) энг олий табақасинда деб ёлғондан даъво этадурган инсонлар ваҳшониятни(нг) энг асфал (тубан) даражасинда қўл ва аёқ урарлар. Миллиёнлар ила бани одамнинг боиси кулфати ва мусибати бўлурлар.

Эй Оллоҳи азим уш-шаън! Бу магар санинг ғазабингмидур? Афв эт, биз, инсонларни ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умумий ато айла, инсонларга инсоният бер! Золимларга қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм, яшасин адолат ва ҳаққоният, омин...”.

Бу дуо — муножот шаклидаги матн Маҳмудхўжа Беҳбудий тафаккурининг энг теран қирраларини очиб беради. У фақат диний илтижо эмас, балки ижтимоий, сиёсий ва маънавий баёнотдир. Унинг бугунги аҳамиятини бир неча ракурсда таҳлил қилиш мумкин.

Беҳбудий Яратгандан мол-давлат ёки куч-қудрат эмас, балки басират, яъни ҳақни кўра билиш қобилиятини ато этишини сўрайди. Бу жуда муҳим жиҳат. Алломанинг фикрича, инсоннинг асосий фожиаси жаҳолати эмас, балки англамай туриб даъво қилиши, яъни кўзи бўла туриб кўрмаслигидир. Ҳозир ҳам шундай — ахборот кўп, лекин унинг моҳиятини англайдиганлар кам. Шу маънода, Беҳбудийнинг “эшитар қулоқ, англар ақл” ҳақидаги тилаги нафақат ХХ, ҳатто XXI асрда ҳам инсоният учун энг долзарб аҳамиятга эга.

Жадидлар йўлбошчисининг “ўзларини маданият ва инсониятни(нг) энг олий табақасинда деб ёлғондан даъво этадурган инсонлар…” деган маломати бугун янада оғир янграйди. Замонавий қуроллар, технологиялар, миллатчилик, сохта демократия шиорлари ортида урушлар, қирғинлар, иқтисодий зулм яшириниб турибди.

Демак, Беҳбудий маданиятни ахлоқдан узилган тараққиёт сифатида кўради ва буни инсоният учун энг хавфли ҳолат деб баҳолайди. Бугунги глобал дунё тартиби ҳам айнан шу муаммо билан юзма-юз турибди. Унинг “ҳазизи нафсониятга куллиян чўмубмиз” деган фикри айбни, аввало, ўзимиздан қидиришга даъват. Шунингдек, “Душманни лаънатлашдан олдин жамиятингни уйғот, муаммоларга ечим топ” қабилида билдирилган жадидларга хос позициядир. Бунинг учун виждон амрига бўйсуниб, адолатни биринчи ўринга қўйиш керак. Шу жиҳатдан Беҳбудий инсонни ташқи душмандан олдин ички душманга — нафсга қарши курашга чорлайди.

Бугунги ёшлар сунъий ақл ёрдамида янгиликлар яратишга ҳаракат қилмоқда. Биз эса сунъий идрокка жадидликнинг умумий мафкурасида Беҳбудийдан олинган мазкур фикр (матн)нинг ўрнини очиб бериш топшириғини бердик. Ажиб жавоблар олинди. Қисқартириб келтирамиз:

“Бу фикрга жадидлик мафкурасида марказий руҳий-ғоявий ҳужжат сифатида қаралиши мумкин. У жадидликнинг нима эканини эмас, балки нега пайдо бўлганини энг очиқ ва оғриқли тарзда ифода қилади. Қуйида фикрнинг жадидлик умумий мафкурасидаги ўрнини аниқ ракурсларда кўриб чиқамиз.

Биринчидан, жадидлик, аввало, маънавий исён. Уни кўпинча янги мактаб, янги алифбо, матбуот, театр доирасида чеклаб қўйишади. Аслида, булар сабаб эмас, восита. Ушбу матнда жадидлик — маънавий исён, инсоннинг жаҳолатга, сукутга, кўникилган зулмга қарши ичидан кўтарилган фарёди экани яққол сезилади.

Беҳбудий муножоти — жадид қалбидан чиққан илк ҳайқириқ.

Иккинчидан, жадид мафкурасида дин сукут эмас, ҳаракатни билдиради. Бунда жадидларнинг динга муносабати жуда аниқ-тиниқ очиб берилган. Жадидлар динни инкор қилмайди, лекин уни музлатиб қўйишга ҳам қарши. Беҳбудийнинг илтижосида шариат, тариқат, маърифат, ҳақиқат занжири келтирилади. Бу тасниф жадидликдаги исломий модернизм асосидир.

Учинчидан, “айбни ўзимиздан қидириш” тушунчаси — жадид тафаккурининг меҳвари. Матнда “биз, гумроҳлар йўлдан чиқиб…” деган жумла бор. Бу жуда муҳим. Жадидлик ҳамма бало сабабини фақат мустамлакада кўрмайди, балки ички жаҳолат, қўрқув ва нафсни асосий фожиа деб билади. Шу жиҳатдан ҳам бу матн жадид мафкурасида ўзини ўзи танқид қилиш маданиятини кучайтиради.

Тўртинчидан, жадидликнинг глобал қараши масаласи. Беҳбудий фикри фақат Туркистон ҳақида эмас. У дунё бўлиб олинаётгани, маданият ниқобидаги ваҳшийлик, миллионлаб инсонлар фожиаси ҳақида сўзлайди.

Демак, жадидлик фақат маҳаллий ислоҳот эмас, балки умуминсоний адолат ғоясига боғлиқ ҳаракатдир. Ушбу матн жадидларнинг дунёқарашини глобал ахлоқий позиция даражасига олиб чиқади.

Бешинчидан, бу матнда жадидликнинг виждони акс этган. Жадидликни яхлит тизим сифатида тасаввур қилсак, мактаб — унинг ақли, матбуот — тили, театр — кўзи, сиёсий фаоллик — қўли бўлса, бу матн виждонидир. Унда йиғи ва мунг бор, айблов бор, илтижо бор, умид бор. Жадидлик айнан шу руҳда ҳаракатда бўлган.

Якуний хулоса шуки, бу матн жадидлик мафкурасида дастур эмас, қонун эмас, лекин руҳий асос, ахлоқий ўзак, ҳаракатга келтирувчи оловдир. Агар жадидликни тушунмоқчи бўлсак, уни шу муножотни таҳлил қилишдан бошлаш керак. Чунки жадидлик, аввало, Яратган олдида ҳам, тарих олдида ҳам жавобгарлик ҳиссидир”.

Баъзи камчиликларни ҳисобга олмаганда, сунъий ақл жадидлик ғоялари ҳақида мантиқли ва жуда таъсирли хулоса бермоқда. Уларни бойитиш учун бу борадаги янги тадқиқотларни тармоқларга мунтазам киритиб боришимиз навбатдаги вазифалардан.

Ҳалим САИДОВ,

Ўзбекистон Журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети профессори,

филология фанлари доктори