Ўзбекистон ҳам ана шу улкан ўзгаришлар жараёнида янги тараққиёт босқичига қадам қўйиб, сунъий интеллект ва илғор технологияларни миллий ривожланишнинг муҳим драйверларидан бири сифатида белгилаб олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида жорий йил учун белгиланган устувор йўна­лишлардан бири иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш экани бе­жиз эмас. Чунки барқарор иқтисодий ўсишга эришиш, глобал бозорда рақобатбардошликни таъминлаш ва янги қиймат яратиш айнан замо­навий технологиялар билан узвий боғлиқ.

Прогнозларга кўра, келгуси йилда иқти­содиётда 6,6 фоиз ўсишни таъминлаб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 167 миллиард дол­ларга етказиш режалаштирилмоқда. Агар меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш бўйича тизимли ишлар олиб борилса, ушбу кўрсаткични янада ошириш учун барча имко­ниятлар мавжуд.

Ана шу мақсадда саноат соҳасида “Унумдор­лик ва самарадорликни икки карра ошириш” да­стури ишга туширилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан меҳнат унумдорлиги ва энергия самарадорлигини оширишга қаратил­ган алоҳида лойиҳа амалга оширилади. Ушбу ташаббус доирасида халқаро молия институтла­ридан 200 миллион доллар миқдорида кредит ва грантлар жалб қилиниб, саноат корхоналарига хориждан юқори малакали технолог ва муҳан­дислар олиб келинади. Шу билан бирга, биз­нес жараёнлар рақамлаштирилади, энергия ва бошқа харажатларни қисқартириш бўйича ау­дитлар ўтказилади ҳамда илғор технологиялар трансфери таъминланади.

Бу ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида “Тўртинчи саноат инқило­би маркази” ташкил этилади. Марказ негизида робототехника, интернет буюмлари, “ақлли” фабрикалар каби “Индустрия 4.0” ечимларини саноат корхоналарига жорий этиш учун мах­сус тартибга солиш механизми яратилади. Бу механизм корхоналарга янги технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишдан олдин улар­ни синовдан ўтказиш имконини беради.

Бугунги кунда сунъий интеллект соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар фақат тех­нологик ривожланишни эмас, балки инсон салоҳиятини ошириш, билим ва интеллектуал қудратни юксалтиришни ҳам мақсад қилади. Шу боис, тезкор ўзгаришлар даврида сунъий интеллект қандай имкониятлар очаётгани, қай­си соҳаларда янги салоҳият яратаётгани ва энг муҳими, унинг илдизи қайси омилларга таяни­ши масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Яқинда оммавий ахборот воситаларида ривожланган давлатлардан бирида сунъий интел­лект вазир лавозимида ишлай бошлагани ҳақида хабар тарқалди. Бир эшитганда бу янгилик киши­да шубҳа уйғотиши табиий: инсон ақли маҳсули бўлган дастур қандай қилиб бундай масъулиятли вазифани бажара олади? Бунинг ажабланарли жиҳати йўқ. Илгари фақат буйруқ бажарадиган дастурлар энди қарор қабул қилиш, тизимни бошқариш даражасигача етмоқда.

Кўпчилик бу ўзгаришга бошқачароқ ёндаш­моқда. Одамлар учун энди вазифани ким ба­жараётгани эмас, қандай бажараётгани муҳим. Яъни коррупциясиз, шахсий манфаатларсиз, холис ва самарали бошқарув бўлаётган экан, бу вазифани инсон ёки сунъий интеллект бажара­ётгани катта аҳамият касб этмаяпти.

Сунъий интеллектнинг бу даражада ривожланиши қатор саволларни кун тартибига олиб чиқмоқда. Инсон ихтиро қилган сунъий идрок одамзоддан устун бўлиб қолмайдими, яъни соҳибларини бошқара бошламайдими? Ёки ин­сон ва техника ўртасидаги муносабатлар кела­жакда қандай шаклланади? Бу каби саволларга жавоб топишдан олдин ўтмишга юзлансак.

Сунъий интеллект тушунчаси яқинда пайдо бўлган эмас. Асрлар давомида инсоният тафак­кур қобилиятини ошириш, ақл-идрокини янада самарали қўллаш мақсадида турли ихтиролар яратиб келган. Булар замирида одамзоднинг меҳнати, тафаккури ва интилиши мужассам бўлган. Ҳар бир янгиликда инсон тафаккури маҳсули акс этади. Энди эса бу тараққиёт янги босқичга кўтарилди, яъни сунъий интеллект инсон тафаккурининг бир қисми сифатида ри­вожланмоқда. Бироқ қанчалик тезкор ва аниқ ишламасин, унда инсонга хос қалб, ҳиссиёт ва руҳий кечинмалар мавжуд эмас. Аммо мукам­мал аниқлик ва самарадорлик билан ҳаракатла­нади. Ана шу жиҳати туфайли сунъий интел­лект кўпчиликни ҳайратга солмоқда.

Технологик тараққиёт тарихига назар ташласак, саноат инқилоби жараёнида инсон ва машина муносабати изчил ўзгариб борга­нини кўрамиз. Биринчи саноат инқилоби қўл меҳнатидан машина меҳнатига ўтишга замин яратиб, мануфактура саноати ўрнига йирик ин­дустрия шаклланишига олиб келди. Бу жараён меҳнат унумдорлигининг ошиши, шаҳарлашув кўлами кенгайиши (урбанизация), иқтисодий ўсиш ва аҳоли турмуш даражаси яхшиланиши каби ижобий ўзгаришларда акс этди.

Иккинчи саноат инқилоби эса темир йўл қурилиши, электр энергияси ишлаб чиқари­лиши ва кимёвий саноат ривожланиши билан тавсифланади. Бу даврда конвейер усулида оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маз­кур янгилик ишлаб чиқариш тезлиги ва самара­дорлигини оширди.

Учинчи саноат инқилоби даврида автомат­лаштириш, атом электр станциялари фаолияти, алоқа воситалари ва компьютерлар пайдо бўл­ди. Бу босқичда инсоннинг кўплаб ақлий ва­зифалари технологиялар зиммасига юкланди, яъни инсон ва машина ўртасидаги муносабат янада чуқурлашди.

Бундай улкан ўзгаришлар инсонларни тўхтаб қолишга эмас, аксинча янада илга­рилашга ундади. Интеллектуал масалалар, илмий муаммолар ва фантастик тасаввурлар ҳақидаги муҳокамалар янги босқичга кўта­рилди. Илгари фақат фантастик асарларда учрайдиган ҳодисалар энди ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бугун муҳокама марказида турган сунъий интеллектга кўпчилик олим ва мута­хассислар тўртинчи саноат инқилобининг асосий белгиси сифатида қарамоқда.

Интеллект ахборотни англаш, идрок этиш, қайта ишлаш, сақлаб қолиш ва асосли қарорлар қабул қилиш қобилиятидир. У инсонлар, ҳай­вонлар ва ҳатто айрим машиналарда ҳам турли даражада мавжуд бўлиши мумкин. Аммо интел­лект мавжудлиги ҳар доим онг мавжудлигини англатмайди. Интеллект ҳисоб-китоб қилиш, маълумотни таҳлил этиш ва муаммоларни ечиш имконини беради. Онг эса ҳиссиётга эга, юксак психик фаолият шакли бўлиб, фақат инсонга хос.

Сунъий интеллект ва нейрон тармоқлар ай­нан шу интеллектуал қобилиятга эга дастурлар ва қурилмаларни яратишга қаратилган тех­нологиялар мажмуасидир. Улар инсоннинг ақлий имкониятларини моделлаштириш ва амалий фаолиятга татбиқ этишга қодир.

Ҳозир маълумотлар оқими тобора ортиб бораётгани сабабли мураккаб муаммоларни ҳал этиш жараёни инсон учун муайян ноқу­лайликлар туғдирмоқда. Шунинг учун ҳам сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича дунё миқёсида изчил ишлар бажарилмоқда. Бу технология инсоннинг оғирини енгил қи­лиш, самарадорликни ошириш, янглишиш эҳтимолини камайтириш имконини бермоқда.

Айниқса, тиббиёт соҳасида сунъий интеллектнинг ўрни тобора мустаҳкамла­ниб бормоқда. Энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари сунъий интеллект ёрдамида бажарилмоқда. Бу эса хатар даражасини камайтириб, самарадорликни оширмоқда. Шу билан бирга, сунъий интеллект асосида йирик лойиҳаларни режалаштириш, вақт ва ресурсларни тежаш имконияти туғилмоқда.

Технологиянинг бу каби имкониятлари кенг қўллаб-қувватланмоқда. Айрим мамла­катларда ҳатто сунъий интеллектга ихтисослашган университетлар ташкил этилмоқда. Бу таълим муассасалари келажак мутахас­сисларини тайёрлаш, соҳага оид тадқиқот­ларни чуқурлаштириш ва инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутмоқда.

Миллиардларга татийдиган лойиҳалар

Бугун дунёда сунъий интеллект техноло­гиялари иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ва бошқа муҳим йўналишларда асосий воситалардан бирига айланиб улгурган экан, улар давлат бошқарувида самарадорлик­ни ошириш, ресурслардан тежамкор фойдала­ниш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифа­тини яхшилашга хизмат қилади.

Ўзбекистонда ҳам бу борадаги саъй-ҳаракатлар тобора изчил ва мақсадли тус ол­моқда. Давлатимиз раҳбари 2025 йил 6 октябрь куни мамлакатимизда сунъий интеллект тех­нологияларини ривожлантириш ҳамда уларни иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларга кенг татбиқ этиш масалаларига бағишланган тақдимот би­лан танишди.

Тақдимотда давлатимиз раҳбари таъкид­лаганидек, сунъий интеллект нафақат иқтисо­дий ривожланиш, балки самарали бошқарув, хавфсизлик, таълим ва соғлиқни сақлашда ҳам муҳим воситага айланмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам бу соҳада тизимли ислоҳот­лар амалга оширилиб, мамлакатимиз сунъий интеллектни татбиқ этиш бўйича халқаро рей­тингда 17 поғона юқорилади. Ҳозир Ўзбекистон 188 давлат орасида 70-ўринни, Марказий Осиё бўйича эса 1-ўринни эгаллаб турибди.

Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳаларда сунъий интеллект лойиҳаларини жорий этиш мақсади­да 50 миллион доллар ажратилган. Соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, экология ва молия соҳаларини қамраб олган 86 та лойиҳа шакллантирилди. Ҳозир сунъий интеллектни қўллаш учун зарур ҳи­соблаш имкониятларини яратиш мақсадида “супер компьютер кластери”ни ташкил этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Соҳада кадрлар тайёрлаш суръатини ошириш мақсадида кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. “Бир миллион сунъий интел­лект етакчилари” миллий дастури доираси­да ёшлар учун aistudy.uz ва omp.aistudy.uz платформалари ишга туширилди. Уларда сунъий интеллект бўйича 5 та бепул онлайн ўқув дастури йўлга қўйилган. Дастур доира­сида 2027 йилга қадар 1 миллион йигит-қиз сунъий интеллект соҳасига доир билим ва кўникмаларга эга бўлади.

Ёшлар — бугунги ривожланишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи. Шу боис, улар учун сунъий интеллект ҳакатонлари ташкил этилмоқда. Яқинда Нукус шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича “HealthTech AI Hackathon” мусобақаси муваффақиятли ўтказилди. Бундай ташаббуслар бошқа соҳаларда ҳам кенг йўлга қўйилиши режа­лаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ушбу ислоҳот ва лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб, уларни янада жа­даллаштириш, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш ва соҳага инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ топшириқлар берди. Ахбо­рот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда “катта маълумотлар” базасини яратиш, уларни қайта ишлаш учун замонавий инфратузилма­ни йўлга қўйиш ҳам белгиланди. Бу эса фақат технологик ривожланиш эмас, балки янги та­раққиёт босқичининг бошланишидир.

Ўзбекистон бугун ўз тараққиёт йўли­да муҳим босқичга етди. Бу борада илм, тафаккур, янги ғоялар ва замонавий ечимлар­га асосий устувор омил сифатида қаралмоқда. Сунъий интеллектни кенг жорий этишга доир саъй-ҳаракатлар юртимиз фақат технологик тараққиётни эмас, балки инсон салоҳиятини ривожлантириш, ҳар бир фуқаронинг билим ва имкониятларини юксалтиришни мақсад қи­либ олганини кўрсатади. Инсон ва сунъий ин­теллектнинг ҳамкорлиги бугун биз учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Бу имконият­лардан унумли фойдаланиш эса эртанги куни­мизни қандай қура олишимизга боғлиқ.

Имконият соясидаги хавфлар

Сунъий интеллект ҳаётимизга қулайлик олиб кириш билан бирга бутун жамият ва глобал иқтисодий тизимни ўзгартириш қо­билиятига ҳам эга. Илгари фақат фантастик асарларда учрайдиган роботлар, интеллекту­ал дастурлар ва машиналар энди ҳаётимиз­нинг ажралмас қисмидек намоён бўлмоқда. Қатор олимлар сунъий интеллектга фақат манфаат келтирадиган соҳа эмас, балки чексиз қудратга эга бўлиб бораётган тизим сифатида қарамоқда. Унинг оқибатлари ҳақида турли фаразларни илгари сурмоқда.

— Сунъий интеллект математика, дастурлаш, биология каби йўналишлар бўйи­ча фалсафа доктори талаблари даражаси­да яхши натижа кўрсатмоқда. Менимча, 2026-2027 йилларга бориб, деярли барча йўналишни ҳамма одамдан яхши билувчи сунъий интеллект тизимларига эга бўламиз, — дейди ANTHROPIS компанияси асос­чиси Дарио Амодеи. — Сунъий интеллект ёрдамида дунёдаги барча муаммони бир зумда ҳал қилиш мумкинми? Менимча, йўқ. Масалан, мустақил ҳаракатланувчи автомобиллар ишлаб чиқариш муаммоси ҳанузгача долзарб. Шунинг учун сунъий идрок имкониятлари физик оламнинг хусу­сиятлари ва қонуниятлари билан чекланган. Фармацевтика соҳасини олайлик: сунъий интеллект бизга клиник синовларни тез­лаштириш имконини беради, бироқ уларни барибир одамлар ўтказишига тўғри кела­ди. Чунки физика ва биологиядаги қону­ниятлар билан ҳисоблашиш керак. Агар сунъий интеллект имкониятларидан тўғри фойдаланилса, биология каби йўналишлар бўйича 5-10 йилда 100 йиллик тараққиётга эришиш мумкин.

Сунъий интеллектни ривожлантириш жараёнида нафақат технология ва иқтисо­диёт, балки ахлоқ, ҳуқуқ ва инсон қадр-қим­мати нуқтаи назаридан ёндашиш талаб эти­лади. Қонунчилик, назорат тизимлари ва халқаро стандартлар ушбу технологиялардан хавфсиз ва масъулиятли фойдаланишни кафо­латлаши зарур.

— Универсал сунъий интеллектни ўрганиш учун кўпроқ сармоя ажратилиши лозим. Уни ишлаб чиқиш қўлимиздан келмоқда. Бу борада аниқлаштирилиши зарур бўлган жуда кўп жиҳат бор. Шахсан мен бу жараённинг марказида бўлсам ҳам сунъий интеллект тараққиётининг секинроқ бўлишини хоҳлайман. Бироқ жараён тобора тезлашмоқда, — дейди Стенфорд уни­верситети профессори Ечин Чой. — Менимча, сунъий интеллектни ўзини ўзи такомиллашти­ришига эмас, инсон ҳаётини яхшилашга кўпроқ йўналтириш лозим. Бу орқали инсоният олдида­ги энг мураккаб саволларга жавоб топиш имко­нияти кенгаяди. Масалан, табиий офатлар, ўрмон ёнғинлари каби ҳодисаларни қандай бошқариш мумкин? Уларни олдиндан тахмин қилиш ёки моделлаштириш мумкинми? Шунингдек, сунъий интеллектни шунчаки ривожлантириш ўрнига унга инсон қадриятлари ва ахлоқий меъёрларни ўргатишга алоҳида эътибор қаратиш керак, деб биламан.

Сунъий интеллект инсониятнинг энг улкан ихтироси бўлиши мумкин. Бироқ у аниқ мақ­сад, масъулият ва инсон манфаатларига хизмат қилиши шарт.

Сардор ТОЛЛИБОЕВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири