Сунъий интеллектнинг жамият учун асосий хавф-хатарларидан бири шундаки, нейрон тармоқлар тобора кўпроқ сифатли контентни, жумладан, янгиликлар ҳисоботлари, илмий мақолаларни яратиш имкониятига эга бўлиб, сохта маълумотларнинг тарқалиш хавфини оширади. Бу ҳақда “Lenta.ru” киберхавфсизлик бўйича мутахассис Владимир Ульяновга таяниб, маълум қилди.
“Сунъий интеллект назоратдан чиқиб кетади ва бузғунчи ҳаракатлар қила бошлайди, деган қўрқув асоссиздир, чунки унда бундай турдаги ваколат ва имкониятларга чеклов ўрнатилади. Мен хавф сифатида кўраётган ягона нарса ва нима учун ундан фойдаланишни чеклаш керак деб ўйлашимнинг сабаби – энди нейрон тармоқлардан турли матнлар, илмий мақолалар, янгиликлар яратиш учун фойдаланиш мумкин”, дейди Ульянов.
“Ахборот қанча кўп тарқалса, уни ким яратганини, қанчалик реал эканлигини тушуниш шунчалик мураккаблашади. Сохта янгиликлар пайдо бўлиши мумкин”, дейди мутахассис.
Олдинроқ Италиянинг Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш идораси дунёда биринчи бўлиб "ChatGPT" чат-ботидан фойдаланишга вақтинчалик чеклов жорий этганди. Бунга шахсий маълумотлардан фойдаланиш бўйича қонун бузилиши сабаб бўлган эди. Кейинчалик Германияда ҳам "ChatGPT"ини блоклаш кўриб чиқилаётгани айтилганди.