Кичик саноат зоналари жойлардаги бўш турган, фойдаланилмаётган бино-иншоотлар ёки ер участкалари негизида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик асосида барпо этилади.
Ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига бозор тўйинмаган экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи истиқболли лойиҳаларни жойлаштириш орқали янги, рақобатбардош саноат ҳамда кичик хусусий корхоналар ривожини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш кўзда тутилган.
Ҳозирда Сурхондарё вилоятида 9 та кичик саноат зонаси фаолият юритаётган бўлиб, уларда умумий қиймати 143,2 млрд. сўмлик 75 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда. 350 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳалар асосида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, машинасозлик, замонавий қурилиш материаллари, чарм-пойабзал, мебель ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Яна 9 та кичик саноат зонасида эса ҳозирда экспортбоп, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарувчи лойиҳа ташаббускорларини жалб этиш ишлари олиб борилмоқда.