“Агрофирма Шўрчи” масъулияти чекланган жамияти негизида ташкил этилган янги корхонага 1 миллиард 122 миллион сўм банк кредити ажратилди. Банк қўллаб-қувватлови ҳамда ташаббускорнинг ўз маблағлари ҳисобидан хориждан қарийб 4 миллиард 600 миллион сўмлик энергия тежамкор замонавий тегирмон комплекси олиб келиб ўрнатилди.

Ҳозирда бу ерда 45 нафар киши доимий иш билан таъминланган. “Уйғун” ва “Кушон” брендлари остида бир ойда 1350 тонна ун, 450 тонна омухта ем маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Корхона йилига 20 минг тоннагача ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш имкониятига эга.

– Қўшимча фаолиятни ривожлантириш ва янги иш ўрни яратиш мақсадида нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ҳам мақсад қилиб, Туркиядан 550 миллион сўмлик яна бир замонавий технологиялар олиб келдик, – дейди жамият иш бошқарувчиси Р.Нуруллаев. – Бу ускуналар кунига 2,5 минг дона қолипли нон ва 500-800 килограмгача қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Яқин кунларда нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни бошласак, яна 10 нафар хотин-қизлар бандлигини таъминлаймиз.

Иш фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, корхонада ишлаб чиқарилаётган “Уйғун” ва “Кушон” унлари ўз харидорларини топиб улгурди. Аксарият истеъмолчилар сифати хорижникига тенг, аммо арзон бу маҳаллий маҳсулотни танлай бошлади.