Тезкор тадбирлар Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилди.
Аниқланишича, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари ҳокимлик захирасидаги 9 гектар ер майдонини полиз экинлари экиш учун 4 ойга ижарага беришни ваъда қилиб, Шеробод туманида яшовчи фуқародан 90 млн сўм талаб қилган. У жорий йил январь ойида мазкур маблағнинг 30 млн сўмини олган.
Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс Термиз шаҳридаги умумий овқатланиш шохобчаларидан бирида қолган 60 млн сўмни олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Шунга ўхшаш ҳолат Наманган вилояти Чуст туманида ҳам қайд этилди. Ҳокимнинг маҳаллалардан биридаги ёрдамчиси «Садача» кичик саноат зонасидан қариндошига ажратилган 43 сотих ернинг 20 сотих қисмини бошқа фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг АҚШ доллари талаб қилган.
У ваъда қилинган пулнинг 10 минг долларини олаётган вақтида қўлга олинган. Ҳозирда унга нисбатан фирибгарлик ҳамда пора беришга далолат қилиш моддалари бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолатлар ер ресурсларидан фойдаланиш соҳасида таъмагирлик ҳолатлари сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупцияга қарши кескин чоралар кўрилаётгани қайд этилмоқда.
Ер ва мулк билан боғлиқ барча жараёнлар очиқ аукцион орқали, қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилиши шарт.