Бугун маърифат зиёси — “Маънавият фестивали” нафаси кириб бормаган Сурхондарё вилоятининг ҳеч бир ҳудуди қолмади, десак муболаға бўлмайди. Шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар, бадиий мусиқий кечалар, илмий-маърифий давра суҳбатлари барчага бирдек манзур бўлмоқда.

Хусусан, сурхон аҳли Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти томонидан ташкил этилган “Маънавият фестивали” доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни катта қизиқиш билан қарши олмоқда.

Aйниқса, “Меҳр-мурувват ва саховат” лойиҳаси доирасида эҳтиёжманд оила фарзандлари, ногиронлиги бўлган инсонлар, якка-ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиниб, кўнгли кўтарилмоқда. Уларга ҳадялар улашилмоқда.

Термиз тумани “Орол” МФЙда истиқомат қилаётган 30 нафардан ортиқ эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллари тўплами, шунингдек 10 га яқин хонадонларга китоблар, Aнгор туманидаги “Шарқ гули” МФЙда жойлашган "Нурли маскан" кўзи ожиз болаларга мўлжалланган мактаб-интернат ўқувчиларига ҳам 25 та ўқув қуроллари тўплами, Музработ тумани “Дуоба”, “Гулобод”, “Aнорзор”, “Яккатол”, “Фидокор” МФЙда яшовчи “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига ҳам шундай совғалар топширилди.

Эътиборли жиҳати лойиҳа давомида олимлар, зиёлилар, “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг масъул ходимлари, элимиз суйган санъаткорлар, актёр-актрисалар, шор ва ёзувчилар ҳар лойиҳа иштирокчиларининг ҳар бири билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг қизиқишлари, келажакдаги мақсадлари билан қизиқди. Уларга ўз йўлини топишларида асқотадиган маслаҳатларини беришди, ижодга қизиқадиган болаларга Ўзбекистон халқ шоирларининг ўзлари мастер класслар ўтиб беришди.

Энг муҳими, халқимизнинг кўнгли шод. Дуўога қўл очган отахону онахонлардан тортиб, тетапоя бўлаётган болажонгача барча хурсанд.