Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарига кўра, мусобақанинг сўнгги куни қизлар жамоалари ўртасида бўлиб ўтган баҳслардаикки пешқадам – Тошкент шаҳри ва Наманган вилояти вакиллари ўзаро куч синашди. Учрашувда сезиларли устунликка эга бўлган пойтахтлик ватерполчи қизлар якунда 9:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган мусобақада Тошкентнинг “Гермес” спорт клуби Қозоғистон жамоасига бир тўп фарқи билан 8:9 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, Тошкент шаҳри жамоаси сирдарёлик сув полоси усталарини 26:7 ҳисобида енгди.
Тошкент шаҳридаги биринчи ва иккинчи сон Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби жамоаларининг ўзаро баҳси 6:4 ҳисобида 2-сон БЎСМ жамоаси фойдасига ҳал бўлди. Наманган вилояти ҳамда Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоалари ўртасидаги учрашув сўнгги дақиқаларга қадар муросасиз рухда кечиб, 9:8 ҳисобида наманганлик ватерполчиларнинг ғалабаси билан якун топди.
Шундай қилиб, қарийб бир ҳафта давом этган мамлакат чемпионати баҳсларининг якунларига кўра, қизлар орасида Тошкент шаҳри жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Наманган вилояти вакиллари иккинчи, сув спорти турларига қарашли Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоаси учинчи ўринни банд этди.
Ўсмирлар ўртасидаги мусобақада эса Наманган вилояти жамоаси олтин медални қўлга киритди. Республика олий спорт маҳорати мактаби жамоаси кумуш, Тошкент шаҳри ватерполчилари эса бронза медалига сазовор бўлди.
Барча ғолиб ва совриндорларга медаль ва эсдалик совғалари топширилди.