2021 йилда сувни тежовчи технологияларни жорий қилган 3896 та талабгорлар рўйхати шакллантирилган. Мазкур рўйхатга асосан, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Сув хўжалиги вазирлиги томонидан зарур субсидия маблағлари ажратилган.
Инспекция томонидан ўрганишлар натижасига кўра, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига 2021 йилда сув тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилганлиги учун давлат бюджетидан жами 3896 та (109 минг гектар ерга) субсидия маблағлари ажратилган.
Шундан бугунга қадар 236 таси (7,2 минг гектар ерга) сув тежайдиган суғориш тизимларини суғориш мавсумида ишлатишга улгурмаганлиги аниқланган.
Агроинспекциянинг ҳудудий бошқармалари томонидан аниқланган ҳолатлар бўйича, мазкур тизимни 2022 йил суғориш мавсумига қадар ишга туширмаган тақдирда олинган субсидия маблағлари белгиланган тартибда Давлат бюджетига қайтариши тўғрисида огоҳлантиришлар берилди.
Жумладан, Фарғона вилоятида жорий қилинган 452 та сув тежайдиган технологиялардан 83 таси 1741 гектар майдонларда ишлатишга улгурмаслик ҳолатлари аниқланган бўлса, Қашқадарёда 546 тадан 64 таси (617,4 га), Хоразмда 304 тадан 40 та (2438,6 га), Наманганда 116 тадан 17 та (525 га), Навойида 245 тадан 10 та (199 га), Жиззахда 405 тадан 7 та (95 га), Сурхондарёда 23 тадан 1 та (993 га), Тошкент вилоятида 118 тадан 5 та (95 га), Қорақалпоғистон Республикасида 127 тадан 9 тасида (309 га) сув тежайдиган суғориш технологиялари жорий қилинган бўлсада, ишга туширилмаган.
Мазкур қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари кесимида алоҳида рўйхат шакллантирилиб, Инспекция томонидан тўлиқ назоратга олинди, дея хабар бермоқда "Ўзагроинспекция” Ахборот хизмати.