Агроинспекциянинг Самарқанд вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари томонидан қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришда сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, сув исрофгарчилигининг олдини олиш юзасидан қаттиқ назорат ўрнатилган.

Аммо ўтказилаётган мониторинг тадбирларида қишлоқ хўжалиги корхоналари ва фуқаролар томонидан сувдан фойдаланиш тартибларига амал қилинмаслик ҳолатлари учраб турибди.

Хусусан, 2021 йилнинг 26 август куни ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида ёзги суғориш мавсумида сувдан фойдаланиш бўйича 7 та қонунбузилиш холатлари аниқланди.

Жумладан, Иштихон туманидаги “Бахрин қахрамони” ММТП ҳудудидаги “Бахрин Афруз” фермер хўжалиги томонидан 3 гектар ғўза майдонини суғориш мобайнида 0,10 гектар қисмини кўллатиб юборган ҳамда сувдан самарасиз фойдаланиб сувни оқовага ташлаб қўйган. Нарпай туманининг “Оқ олтин” MMTП ҳудудидаги туман агропилла МЧЖ ишчиси Ш.Н. томонидан тут плантацияларини суғориш вақтида сувни назоратсиз қолдириб,  хўжасизларча фойдаланган. Оқдарё туманидаги “Олчин” МФЙда яшовчи фуқаро Д.Ж. томонидан ғўза майдонини суғориш учун ажратилган сувни ўзбошимчалик билан такрорий экинга бошқариб олган ҳамда далани кўллатиб юборгани маълум бўлди.

Худди шунингдек, Пахтачи тумани “Зарафшон” МФЙда яшовчи фукаро П.Л. томонидан ҳудуддан оқиб ўтувчи “Нарпай” каналининг “24-А” сув олиш масканидан ўзбошимчалик билан сувдан фойдаланиб келаётгани аниқланди.

Пайариқ туманидаги “Бошчўрош” маҳалласида яшовчи фуқаро В.Ф. “Пай” каналининг рухсат этилмаган жойига электр насос ўрнатиб, сувдан ноқонуний фойдаланиб келган.

Тойлоқ тумани “Тараққиёт” маҳаласида яшовчи фуқаро Ш.Исломов ўзига тегишли бўлган дала томорқасини кўллатиб суғориб, сувдан хўжасизларча фойдаланган. Шунингдек, Ургут туманидаги “Ваткан-Қўзибек” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Э. “Уч-Қахрамон” каналига рухсатсиз, ўзбошимчалик билан насос ўрнатиб, сувдан ноқонуний равишда фойдаланиб келганиги ҳолати аниқланди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси бош инспектори Аваз Очилов.

Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди.