Сирожиддин ЗАЙНИТДИНОВ ҳикояси:

— Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил июль ойида Олмазор туманига ташрифи давомида Ўзбекистон карлар жамиятининг Кар-соқовлар маданият марказига ҳам борди.

Давлатимиз раҳбари шу куни жамиятимиз аъзолари билан суҳбатлашар экан, мендан келгуси мақсад ва режаларим ҳақида сўради. Яқинда шахмат бўйича Буюк Британияда ўтадиган очиқ чемпионатга тайёргарлик кўряпман, дедим. Президентимиз чемпион бўлишим кераклигини айтди ва шу ернинг ўзида жамиятимизнинг уч аъзосига уй совға қилди. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Кўзим ёшга тўлди, ички бир туғён вужудимни қамраб олди. “Шавкат Миромонович, мен ­албатта ғалаба билан қайтаман, сизга ваъда бераман”, дедим. У кунни асло унутиб бўлмайди.

Аслида жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳар бир спортчининг орзуси, унда ғалаба қозониш — бахт. Давлатимиз раҳбарига берган ваъдамни бажардим: 2018 йилда Манчестер шаҳрида ўтган очиқ чемпионатда олтин медални қўлга киритиб, иккинчи бор жаҳон чемпиони бўлдим.

Эшитиш қобилиятим ва нутқим билан боғлиқ муаммоларимга қарамай, шахмат умрим мазмунига айланган. Усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман.

Болаликнинг улғайиши

Ҳаётда Сирожиддин Зайнитдиновга ўхшаган матонатли инсонларга кўп дуч келамиз, уларнинг турмуш тарзи барчамизга ибрат бўлса, қилаётган иши, кўзлаётган марраси, қўлга киритаётган ютуқлари қалбимизда фахр туйғусини уйғотади. Дилига туккан эзгу мақсадлари ҳақида эшитганимизда эса, умрнинг ҳар бир лаҳзаси нечоғлиқ азиз эканини теранроқ англагандай бўламиз.

Шахмат бўйича икки карра жаҳон чемпиони, “Шуҳрат” медали соҳиби, 31 ёшли Сирожиддин Зайнитдинов ана шундай замондошларимиздан.

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида истиқомат қилаётган Савранбек ака ва Ҳайитгул опа оиласидаги саккиз фарзанднинг олтинчиси бўлиб туғилган Сирожиддин 3 ёшида тилдан қолди.

...Кунларнинг бирида у онасига имлаб оёғини кўрсатади ва ниманидир тушунтирмоқчи бўлади. Ўша вақтда она нега имо-ишора билан ҳаракат қиляпти, деган хавотир билан боласини бағрига босиб, шифокор ҳузурига чопди. Улар болани кўриб, ҳеч қандай касали йўқлигини, вақт ўтиб гапириб кетишини айтади. Ота-онасининг эса ҳаловати йўқолади.

Шундан сўнг, улар фарзандини Тошкентдаги профессорларга, табибларга олиб боради. Минг афсуски, Сирожиддинга эшитиш қобилиятидан айрилган, деган ташхис қўйилади, сабаби номаълумлигича қолаверади. Улар ҳануз фарзандининг нега кар-соқов бўлиб қолгани сабабини билмайди.

Савранбек ЗАЙНИТДИНОВ ҳикояси:

— Ўғлим 5 ёшга тўлганида шахматга бўлган қизиқиши ва хотираси кучлилигига эътибор бериб, астойдил шуғуллана бошладим. Фарзандларим билан ўзаро мусобақа ташкил қилар эканман, асосий эътиборимни Сирожиддинга қаратар эдим. 7 ёшга тўлганида тенгқурлари қатори мактабга бера олмадик. Буни эслаш оғриқли, ҳозир гапиряпман-у, юрагим ачиб, бўғзимга нимадир тиқилаётгандай бўлади. Яқинларим билан маслаҳатлашиб, Тошкентдаги заиф эшитувчи болалар учун ихтисослаштирилган 106-мактабда ўқитишга қарор қилдик. Бошқа иложимиз йўқ эди. Лекин онаси “ўғлимнинг бир ўзини пойтахтга қандай юборамиз, кошки эди, гапира олса, ўзингиз боринг, бирон жой топиб ёнида бўласиз, токи ўрганиб кетгунича”, деб қатъий туриб олди.

Бир томонда кўзлари жавдираб турган безабон Сирожиддинимнинг келажаги, иккинчи томонда бошқа фарзандларим ва аёлим. Ахир қандай қилиб очиқ ҳовлини, экин экилган томорқани, мол-ҳолни, қўйингки, оиланинг бутун ташвишини хотинимнинг ёлғиз ўзига ташлаб кетаман, аёл боши билан қандай эплайди, деган саволлар қуршовида қолдим.

Сирожиддинни мактабга жойлаштирганимдан сўнг, ҳар шанба, якшанба кунлари ҳолидан хабар олиб турдик. Олис йўл, кундалик харажатлар кун сайин рўзғорнинг ғорини кенгайтириб бораверди. Ниҳоят, шаҳардан ўзимга муносиб иш топарман, дея пойтахтга йўл олдим.

Бу ерда шахмат билан жиддий шуғуллана бошладик. Қаерда мусобақа ва машғулотлар ташкил этилса, қайси мураббийга олиб бориш керак бўлса, ўғлимга ҳамроҳлик қилдим. Чунки мураббийлар имо-ишора тилини билмас, мен ўртада тилмоч эдим.

Шу тариқа, ўғлим Шайхонтоҳур туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактабига ҳам қатнаб, шахмат сирларини ўрганишда давом этди. Ўзим ҳам шу мактабга ишга жойлашдим.

Менга ёрдам беринг, отажон...

Сирожиддин болалигида ҳамма тенгдошлари билан гаплашиб, улар билан бирга ўйнагиси келарди. Шундай пайтларда кўнгли тўлиб, дилидагиларни қоғозга ҳам тушириб борган...

“Нега ҳамма бола гапиради-ю, мен гапира олмайман? Ота, мен ҳам улардай гапиришни истайман. Илтимос, отажон, мени даволатинг, нима қилиб бўлса ҳам, қанча пулингиз кетса ҳам тилимдаги тугунни ечиб ташланг! Мен сиз, онам, ҳамма билан гаплашишни хоҳлайман. Катта бўлганимда, сизларни бошимда кўтараман. Фақат менга ёрдам беринг, отажон, илтимос!”.

Тўғри, Сирожиддин сўзлай олмайди, юрагидаги қувончларини, орзу-армонларини баралла айтолмайди. Аммо сизу бизни бир қарашдаёқ англайди, кўнглимиздагини сўзсиз тушунади. Энг асосийси, барчамизни шукроналик билан яшашга, ҳар бир куннинг қадрига етишга ундайди. Ўзининг енгилмас иродаси, метин саботи билан тақдир зарбаларига кулиб қарашга, уларни мардонавор енгишга чорлагандек бўлади.

Ғолиблик ва ғалабалар симфонияси

Сирожиддин шахматнинг стандарт, рапид ва блиц йўналишларида дона суради.

14 ёшида Германиянинг Маленте шаҳрида кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида биринчи ўринни қўлга киритган.

15 ёшида Қозоғистоннинг Олма­ота шаҳрида ўтган Осиё чемпионатида бронза медаль, Швейцариянинг Санкт-Галлен шаҳрида ўсмирлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медаль соҳиби бўлган.

Мўғулистоннинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида блиц йўналишда биринчи, стандарт йўналишда иккинчи ўринни қўлга киритиб олтин ва кумуш медаллар эгасига айланди.

2016 йил Қозоғистонда ўтказилган халқаро турнирда иккинчи, 2017 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида биринчи ўринни банд қилди.

Ўзбекистон чемпиони, “Шуҳрат” медали соҳиби.

Бахти бутун оиланинг бахтиёр бошлиғи

Мақоламиз қаҳрамони 2017 йилда ўзи кўнгил қўйган қизга уйланиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечирмоқда. 4 ёшли ўғли Зиёмиддиннинг тиллари бийрон, у ҳам ҳозирданоқ шахматга қизиқади. Отаси билан шахмат ўйнаш жону дили. 5 ойлик қизи — Муслима бешикда, бувижониси Ҳайитгул опанинг эркалаши ва аллалари оҳанги остида соғлом улғаймоқда. Сирожиддиннинг аёли Камолахон Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси.

Сирожиддин Зайнитдинов мураббийлик фаолиятини олиб бориш учун Халқаро ФИДЕ ташкилоти томонидан “NATIONAL INSTRUCTOR” сертификатига эга бўлган шахмат устаси. 2015 йилда Тошкент давлат педагогика университетини тамомлади. 2016 йилдан то бугунги кунга қадар Республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Шахмат федерациясида ёшларга шахмат сирларини ўргатиб келмоқда. “Sport-Frienship-Viktory” номли шахмат мактаби бор. Отаси Савранбек ака билан маслаҳатлашиб, ҳамкорликда очган мактабда қарийб ўн йилдан буён юзга яқин шогирд етиштирди. Жаҳон ва Осиё чемпионлари Жавоҳир, Ислом ва Ҳумоюн Синдоровлар, Ҳумоюн Бегмуратов, Умида Омонова, Одина Олимова, Абдулбосит Шарифжонов шулар жумласидан.

Эшитмайдиган одам шахматни қандай ўргатади?

Эшитмайдиган ва гапирмайдиган одам қандай қилиб шахматни ўргатиши мумкин, дейсизми? Шахмат мактабига келган 4-5 ёшли болаларга унинг отаси Савранбек ака ва синглиси Сабоҳат устозлик қилади. Бир йилдан сўнг иқтидорли болалар саралаб олингач, улар билан Сирожиддиннинг шахсан ўзи шуғулланади.

У гапирмасдан туриб, шахмат доналарини ҳаракатлантириш орқали дарс ўтади. Шогирдлари эса устозининг лаб ҳаракатидан нима сўраётганини ва айтаётганини аниқ англайди. Ўзининг керакли ва долзарб фикрларини доскага ёзиб тушунтириб беради. Жаҳон чемпиони ўз мактабида ўзидан-да кучли чемпионларни тарбиялашни ният қилган.

Устозим каби жаҳон чемпиони бўлдим

— Устозим Сирожиддин Зайниддинов билан жуда фахрланаман, — дейди шахмат бўйича ўн карра Осиё ва икки карра жаҳон чемпиони, ФИДE устаси Умида Омонова. — Асли сурхондарёликман. Етук шахматчи бўлиш учун пойтахтга келдим. Устозим билан йиллар давомида шуғулландик, кун келиб машҳур чемпион бўлишимга ишонтирди.

Тинимсиз машғулотлар, ўқиш ва ўрганишлар туфайли ўзим ҳам устозим сингари жаҳон чемпиони бўлдим. Келажакда устозимга ўхшаб, юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган шогирдларим бўлишини ва улар ҳам мен билан фахрланишини истайман.

Ўша вақтларда ҳам спортчиларга

бугунгидай эътибор қаратилганида эди...

Ҳайитгул опа ҳикояси:

— Ўғлимнинг шахсий шахмат мактаби бўлишини жуда истаганман ва у 21 ёшида ўзининг шахмат мактабини очди.

Лекин сизга очиғини айтсам, ўша йиллари, яъни бундан ўн йиллар илгари мактаб очишнинг ўзи бўлмаган. Отангга бор, онангга бор, қабилида обдан сарсон қилишгани кечагидек эсимда. Эҳ-ҳе, қанча аризалар “каттакон”ларнинг столида қолиб кетди.

Ўша вақтларда ҳам спортчиларга бугунгидай эътибор қаратилганида эди... Бугунги шароитлар учун Президентимизга раҳмат, азиз боши омон бўлсин!

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири