Сўнгги йилларда бутун ер юзида сув муаммоси ниҳоятда долзарб масалага айланмоқда. Айрим ҳудудларда аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш қатор қийинчиликлар билан амалга оширилмоқда. Амударё туманида ҳам бу борадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Яқинда туманнинг Амир Темур номли овули аҳолисига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида ер остидан тортиб олинган сувни чучуклаштирувчи ускуналар ўрнатилган “ЭКОС” станцияси ишга туширилди. Ушбу қурилма орқали эндиликда овулда 242 та хонадонга чучуклаштирилган сув етказиб берилмоқда.

Туманнинг Туркманистон Республикаси билан чегарадош ҳудудидаги Амир Темур номли овул оқар сув йўлларининг охирги қисмида жойлашган. Чекка ҳудуддаги мазкур овул ичимлик суви тармоғига ҳам уланмаган.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида ўтган йили ҳам туман ҳокимлигининг ташаббуси билан 5 миллиард 300 миллион сўм эвазига сув тозалаш қурилмаси ва махсус иншоот бунёд этиш бошланган эди.

Ҳозирги кунда мазкур сув тозалаш маркази орқали овулдаги 244 та хонадон тоза ичимлик суви билан таъминланмоқда. Ушбу сув тозалаш қурилмаси орқали ер ости сувлари 35 метр чуқурликдан, диаметри 300 миллиметр бўлган 4 дона қувурлар орқали тортиб олиниб, кераксиз тузлар ва минераллардан тозаланган ҳолда аҳолига истеъмол учун етказиб берилмоқда.

Оқ олтин овулида ҳам аҳолига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида худди шундай сувни чучуклаштириш ускуналари ўрнатилган “ЭКОС” станцияси фойдаланишга топширилган. Мазкур станция орқали овулда 560 та хонадон чучуклаштирилган сув билан таъминлаш имконияти яратилди.

Амир Темур номли ва Оқ олтин овуллари аҳолиси эндиликда тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконияти яратилганидан ниҳоятда мамнун ва мазкур станцияни қуриш ташаббуси билан чиққан, бош-қош бўлган тадбиркорга, масъулларга ва давлатимизга миннатдорчилик билдирмоқдалар.