Сузиш вақтида деярли ҳамма мушаклар ишлайди. Ушбу жараёнда ҳар бир мушакка зарур бўлган юклама тушади. Шунинг учун ҳам сузувчиларнинг мушаклари жуда мустаҳкам бўлади, дейилади Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази мутахассислари берган маълумотда.

Сузиш умуртқа ва таянч-ҳаракат аппарати касалликларининг олдини олиш учун энг қулай усулдир. Умуртқа атрофидаги майда мушаклар бўшашиб, умуртқа устуни зўриқмайди. Бунинг натижасида тўғри қадди-қомат шаклланади.

Айниқса, юрак-қон томир тизими иши учун айни муддао бўлган ва уни асраб-авайловчи машғулот ҳамдир.

Яхши сузиш учун чуқур ва тўғри нафас олиш муҳим. Натижада нафас мушаклари ҳам ишга тушади, ўпка фаолияти яхшиланади, кўкрак қафаси кенгаяди.Бу  машғулотни “ўпкаларнинг энг яхши гимнастикаси” деса ҳам бўлади!

Тана ҳароратининг сув ҳароратига мос ўзгариши организмни чиниқтиради, иммунитетни оширади, натижада касалликларнинг олди олинади.

Сузиш энергия талаб этувчи машғулот бўлиб, тана вазнини меъёрда бўлишини таъминловчи энг самарали восита. Демак,тана вазнингиз меъёрда бўлиши учун сувда сузишни канда қилманг!