БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси — “Париж битими” қабул қилинган. Унга дунёнинг 193 мамлакати, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам аъзо. Асосий мақсад атроф-муҳитга ажралиб чиқаётган чиқинди ва иссиқхона газини камайтириш, муҳит экологияси зарарланишининг олдини олишдир. Ўзбекистон 2021 йил ноябрь ойида Буюк Британиянинг Глазго шаҳрида ўтказилган Иқлим бўйича халқаро саммитда жаҳон ҳамжамияти олдида 2030 йилгача ялпи ички маҳсулотга нисбатан иссиқхона гази улушини 35 фоиз камайтириш ашаббусини билдирди.
Мазкур мақсадларга эришиш учун шу даврда қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқариш қувватини қарийб 16 000 мегаваттгача етказиш режалаштирилмоқда. Президентимиз раислигида 27 февраль куни қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган йиғилишда жаҳон энергетикасида “яшил энергетика” улуши қарийб 30 фоизга етгани, айрим Европа давлатларида 80-90 фоиздан ошгани қайд этилди. Бу борада мамлакатимизда ҳам фаол иш олиб борилаётгани, сўнгги уч йилда энергетика соҳасига 8 миллиард долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилингани таъкидланди.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 16 февралдаги қарорига биноан, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишни жадаллаштириш бўйича катта дастур қабул қилингани, жумладан, “Яшил энергия” компанияси ташкил этилиб, унга дастлабки 10 миллион доллар йўналтирилгани қайта тикланувчи энергия манбаларини яратиш йўлидаги салмоқли қадамдир. Мазкур дастурга кўра, жорий йилда тадбиркорлар, ижтимоий соҳа ва аҳоли хонадонларида 1 минг 700 мегаватт қувватли қуёш панеллари ўрнатиш кўзда тутилган.
Зарурат нимада?
Қайта тикланувчи энергия турлари орасида қуёш энергиясидан фойдаланиш Ўзбекистон учун жуда қулай бўлиб, унинг ялпи салоҳияти тақрибан 98,6 фоизни ташкил этади. Шусиз ҳам бу қувватдан унумли фойдаланиш аждодларимиздан бизгача етиб келиб, қон-қонимизга сингиб кетган. Чунки узоқ туманларда ҳануз қуёш энергиясидан мева-сабзавот қуритиш, чорва моллари учун ем-хашак қуритиш, сув иситиш ва бошқа мақсадларда фойдаланиб келинади.
Олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларининг техник салоҳияти 180 миллион тонна нефть эквивалентини ташкил этиб, йиллик энергия ресурсларига талабдан уч баробар ортиб кетади. Хусусан, қуёш энергетикаси қайта тикланадиган энергетиканинг энг истиқболли тармоқларидан биридир.
У дунёдаги нефть, газ, кўмир ва бошқа энергия ресурслари қувватидан ортиқ бўлган улкан манбага эга. Мамлакат иқтисодиётида қуёш энергиясидан кенг, самарали ва қулай фойдаланиш учун яримўтказгичли ўзгартиргичлар орқали қуёш нурини тўғридан-тўғри электр энергиясига ўзгартириш ва аҳоли коммунал объектларидаги иссиқ сув таъминоти тизимида қуёш коллекторлари ёрдамида паст потенциалли иссиқликдан сув қизитишда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Шу боис, бугун юртимиз иқтисодиёти тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда аҳоли турар жойларида қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланиш борасида қатор устувор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йилда илк бор Навоий вилояти Кармана туманида қуввати 100 мегаваттлик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси эксплуатацияга топширилган.
Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони доирасида 2023 йилда мўлжалланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун вазирлик ва идоралар объектларида энергия сарфи ҳажмида муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ижтимоий ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳалари, иқтисодиёт тармоқларида қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг миқёсда жорий этиш, энергия самарадор технологиялардан фойдаланиш кўрсаткичларини ошириш орқали мамлакатимизда кузатилаётган энергия тақчиллигини бартараф этиш, инвесторлар, тадбиркорларга қулай шароитлар, имкониятлар яратиш ва рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш тартиби белгилаб берилди.
Жорий йилда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини ўрнатиш, истеъмолчиларни муқобил энергияга ўтказиш ва энергиятежамкор технологияларни жорий қилиш натижасида қўшимча 5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқариш ва 4,8 миллиард метр куб табиий газни иқтисод қилиш режалаштирилди. Бу ишларда мамлакатимиз иқтисoдиёти ва ижтимоий соҳадaги ислоҳотлар ҳамда ўзгaришлaр, саноат тармоқлари, шаҳарсозликда энергия самарадор, энергия тежовчи технология ва ускуналарни жорий қилиш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган одилона сиёсат муҳим ўрин тутади.
Кадрлар салоҳияти етарлими?
Энергетика тизимини модернизация қилиш, соҳага замонавий энергиятежамкор технологияларни татбиқ этиш, энергия ҳосил қилишнинг муқобил манбаларидан кенгроқ фойдаланиш учун билимли, малакали мутахассисларни тайёрлаш долзарб вазифалардан. Чунки соҳани ривожлантириш учун юқори малакали кадрларга эҳтиёж орта боради. Шунинг учун олий таълим тизимидаги ислоҳотларда интеграцияни ривожлантиришга муҳим мезон сифатида эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, Тошкент давлат техника университетида 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб альтернатив энергия манбалари кафедраси ташкил этилган бўлиб, муқобил энергия манбалари таълим йўналиши ва магистратура мутахассислигида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилди. Ҳозир 300 дан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Бугунги кунда университетда мавжуд қуёш фотоэлектр станциялари ҳамда замонавий кўринишда жиҳозланган электр ускуналарини текшириш ва назорат қилишни инновацион бошқариш лаборатория хонаси муқобил энергия манбалари (қуёш, шамол, водород энергетикаси) таълим йўналишлари талабалари учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Талабаларимиз олган назарий билимини амалиёт билан уйғунлаштиришда муҳим йирик лаборатория комплекси, ёш ассистент, тадқиқотчилар учун тадқиқот объекти бўлиб илм-фан ривожига ҳисса қўшади. Шу йилнинг 8 февралида Сергели туманида Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда айнан мазкур соҳа учун кадрлар тайёрлаш, ўрнатилаётган қуёш панеллари сервис тизимини ривожлантириш учун монокурслар ташкил этиш таклифини билдирдик ва бу таклиф қўллаб-қувватланди. Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида истеъмолчилар электр таъминоти тизимини шакллантириш бугуннинг долзарб масаласига айланган.
Бу эса яқин йилларда қуёш панелларининг эҳтиёт қисмларида созлаш ишларини олиб бориш малакасига эга кадрларга талабни оширади. Шу мақсадда айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб қуёш панелларига сервис хизматлари кўрсатиш бўйича монокурслар ташкил этиш устида ишлар олиб борилмоқда.
Самарадорлик қай даражада?
Тошкент давлат техника университетида ҳам қуёш ФЭС (фотоэлектр станцияси)дан самарали фойдаланиш тизимли йўлга қўйилган. 2019 йили 30 киловатт қувватли, 2022 йилда эса 110 киловатт қувватли қуёш ФЭС харид қилиниб, электр энергетикаси факультети биносининг том қисмига ўрнатилди. Қуёш фотоэлектр станциялари монокристалл ва поликристалл кремнийли фотоэлектр батареялар, асосий тармоқ инвертори, аккумуляторли инверторлар, аккумуляция тизими, яшил электр ҳисоблагичлар, улаш кабеллари, мониторинг тизимини ўзида бирлаштиради.
Монокристалл ва поликристалл кремнийли фотоэлектр батареяларнинг фойдали иш коэффициенти мос равишда 21 ва 16 фоизни ташкил этади. Уларнинг яроқлилик муддати ўртача 20 йил. Бу муддатдан ўтгандан кейин ҳам улардан фойдаланиш мумкин. Президентимизнинг шу йил 16 февралдаги қарорининг 15-бандига мувофиқ, ҳудудий электр тармоқлари корхоналари оширилган электр энергия тарифида харид қилса, қуёш фотоэлектр станцияларининг ўзини ўзи қоплаш муддати 5-6 йилни ташкил этади.
Экологик ҳисоб-китобларга кўра, 140 киловатт қувватли қуёш ФЭСдан фойдаланиш натижасида 12 ой давомида атроф-муҳитга чиқадиган иссиқхона гази 119 тоннага камаяди. Бунча ҳажмдаги газни 1 йил ютиши учун 11 гектар кўкаламзорлаштирилган майдон талаб этилади. Ушбу станция 1 ойда 23 минг 300, йилига эса 280 минг киловатт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Университет бир ойда ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 18,6 миллион сўм ёки 1 йилда 223,2 миллион сўм маблағни тежаб қолиши мумкин.
Шу кунгача университетда қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш мумкин бўлган умумий 14 минг 216 квадрат метр майдон аниқланган. 2023 йилда жами 1 минг 746 киловатт қувватли фотоэлектр станцияларни ўрнатиш ва электр энергияга талабни муқобиллаштириш кўзда тутилган. Жисмоний ва юридик шахслар ҳар ой якуни бўйича қуёш фотоэлектр станциясидаги икки ёқлама электр ҳисоблагич (экспорт, импорт кўрсаткичлари) орқали ягона электр энергетика тизимига узатилган энергия ҳажми ва тизимдан истеъмол қилинган электр энергияси ҳажми ўртасидаги ижобий тафовут миқдоридан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилади.
Университетда қўшимча ўрнатилиши режалаштирилган 1 минг 746 киловатт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси йил давомида ўртача 2 миллион 619 минг киловатт соатдан 3 миллион 142 минг 800 киловатт соатгача электр энергияси ишлаб чиқаради ва локал электр тармоғига узатиш имкониятига эга бўлади. Бу одатда йил давомида катта майдондаги қуёш фотоэлектр батареяларининг юза бирлигига тушаётган қуёш нурланиши оқим зичлигининг ўзгаришига боғлиқ. 2023 йилда университетда қуёш фотоэлектр станцияларини кенг жорий этиш ҳисобига 3,14 миллион киловатт соатгача электр энергиясини тежаш мумкин.
Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳисобидан йилига қарийб 2,6 миллиард сўм иқтисод қилинади. Олий ўқув юрти негизидаги қуёш фотоэлектр станциясида техник ихтисосликдаги талаба ва тадқиқотчиларга экспериментал маълумотларни олиш ва муайян техник ечимларни синаб кўриш имконияти яратилди. 2022 йилда JURU Energy Consulting МЧЖ корхонасининг беғараз ёрдами билан PV SYST пакет дастури университетдаги муқобил энергия манбалари (қуёш ва шамол энергетикаси) бакалавриат таълим йўналиши талабалари, магистрантлар ва таянч докторантларга ўқув-илмий жараёнларда фойдаланиш учун топширилди.
Аҳоли яшаш жойларида-чи?
Энди ушбу ҳолатни хонадонларда кўриб чиқсак. Уйимизда ФЭС қуриш учун қуйидагича ҳисоблаш кетма-кетлигига эътибор қаратиш лозим. Бунинг учун, аввало, фотоэлектр модуллар, инвертор, контроллёр, аккумулятор ҳамда бошқа ёрдамчи қурилмалар керак. Биринчидан, фотоэлектр модулнинг тури, яъни поликристалл кремнийли ёки монокристалл кремнийли фотоэлектр модулни танлашимиз муҳим. Иккинчидан, уйда соатбай ишлатиладиган электр энергия сарфидан келиб чиқиб, инвертор ва контроллёр танлаш даркор. Учинчидан, уйда автоном ишлайдиган ва тунги пайтда ҳам электр энергияни ФЭСдан олиш ва албатта, фотоэлектрик модулларнинг қувватидан келиб чиқиб аккумуляторларни танлаш зарур. Нимага айнан аккумуляторли, деган савол туғилиши табиий.
Чунки 1 киловатт қувватдаги автоном ФЭСнинг афзалликлари жуда кўп. Аккумуляция тизимига эга бўлмаган тармоқ ФЭС (on grid)дан фарқли равишда энергия таъминоти сутка давомида ҳам амалга оширилиши мумкин. Тармоқ ФЭС (on grid)даги локал электр тармоғида ток бўлмаганда станция ҳам тўхтаб туради, яъни тармоққа электр энергияси узатилмайди.
Электр энергиясида тез-тез узилишлар бўлаётган ҳудудлар учун автоном ФЭС (off grid)дан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Ўртача ҳисобда 5 киши истиқомат қиладиган ва маиший техникалар (1 дона телевизор, 1 дона холодильник, 1 дона кондиционер ва 5 дона Led лампочка ва бошқа)лар учун кунлик электр энергияси истеъмоли 5 киловатт соатли ФЭС керак деб ҳисобласак, ҳар 1 киловатт қувватдаги автоном ФЭС учун шу куннинг бозордаги таннархи 25 миллион сўм атрофида баҳоланмоқда. Келажакда ФЭСларнинг таннархи пасайиши кўпгина компанияларнинг Ўзбекистон энергетика бозорига кириб келиши билан боғлиқ.
Мамлакатимизда аҳоли сонининг кескин ошиши ҳамда иқтисодиёт тармоқлари ривожланиб, турмуш даражаси яхшилангани сари электр энергияга талаб ҳам ортмоқда. Сўнгги беш йилда юртимизда электр энергияси истеъмоли 20 фоиз, жумладан, аҳоли томонидан сарфланиши 31 фоиз ошган. Бу кўрсаткич йилига 6 фоиздан ўсиб бормоқда. Жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳасида кузатилаётган ривожланиш суръати, энг аввало, электр энергиясига эҳтиёжнинг ўсишига ҳам олиб келмоқда.
“On Grid” ёки “Off Grid”: қай бири афзал?
Аҳоли яшаш жойларида, биноларнинг том қисмида анъанавий локал электр тармоқлари яқинида (электр энергияси йўқотилишини камайтириш мақсадида) қуввати 100 киловаттгача бўлган “On Grid” — электр тармоғига параллел уланган, бошқариладиган қуёш фотоэлектр станциялари комплекси сонини ошириш мақсадга мувофиқ. “On Grid” — электр тармоғига параллел уланган қуёш фотоэлектр станциялари лойиҳалаш усулига қараб икки турга бўлинади: аккумулятор тизими бўлмаган ва аккумулятор тизимли.
Амалиётда бундай фотоэлектр станцияларнинг аккумулятор тизими қўлланмаган варианти кўп тарқалган. Аккумулятор тизимисиз ФЭС жуда ишончли. Амалий жиҳатдан одамнинг хизматини талаб қилмайди. Бундан ташқари, улар ёрдамида фотоэлектр батареялар энергиясидан максимал фойдаланиш 98 фоизгача самарадорликка эга. Бундай тизимларда махсус инверторлар ишлатилиб, тармоқ билан интеграллаштирилади. Тармоқдан таянч кучланишни шакллантириш, ишга тушириш ва синх ронизациялашда фойдаланилади. Қуёш фотоэлектр станцияларининг бутловчи жиҳозлари ҳануз хориждан импорт қилинмоқда.
Шу сабабли уларнинг таннархи юқорилиги сақланиб турибди. Автоном турдаги ва тармоқ билан интеграллашган қуёш фотоэлектр станцияларининг бутловчи қисмлари турлича бўлгани ҳисобига нархи бир-биридан фарқланади. (Масалан, Ўзбекистон ички бозорида кичик корхоналарда 1 киловатт қувватдаги тармоқ билан интеграллашган ФЭС қиймати 11-13 миллион сўм турса, автоном ФЭС баҳоси 24-25 миллион сўм).
Бунда нархнинг кескин фарқланиши қуёш фотоэлектр станцияси бутловчи қурилмаларидан бири бўлган аккумуляторлар нархи юқорилиги ҳисобигадир. Аккумуляция тизими қуёш фотоэлектр станциясида умумий таннархнинг 50 фоизини ташкил этади. Ўтган ойларда кузатилган энергия тақчиллиги вақтида захира энергия таъминотини олдиндан режалаштириш зарурати сезилди. Бундай ҳолатларда таркибида аккумулятор тизими бўлган “On Grid” — электр тармоғига параллел уланган қуёш фотоэлектр станцияларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Шу сабабли юртимизда саноат миқ ёсида қуёш фотоэлектр станциялари учун махсус герметик ҳимояланган, узоқ яроқлилик муддатига эга аккумуляторларни ишлаб чиқариш лозим. “Off Grid” — автоном фотоэлектр қурилмалари ва станциялари ҳамда “On Grid” — электр тармоғига параллел уланган фотоэлектр станцияларнинг бутловчи қурилмалари ва ускуналари ўта қимматлиги сабабли таннархи юқорилигича қолмоқда. Бу эса ўз ўрнида аҳолининг ушбу қурилмаларни харид қилиш учун имконияти чегараланишига олиб келади.
Мамлакатимизда автоном ва тармоқ фотоэлектр қурилмалари ҳамда станцияларининг бутловчи қисмларини серияли ишлаб чиқариш учун хусусий секторни кенгроқ жалб қилиш ва уларни рағбатлантириш механизмига эҳтиёж мавжуд.
Хулоса
Қуёш ва бошқа турдаги энергетик қурилмаларни ҳамда бутловчи ускуналарни ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёдан фойдаланиш ҳисобига таннархни арзонлаштириш, аҳолининг истеъмол қобилиятини кўзда тутиш лозим. Юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш натижасида табиий газ, ёқилғи энергия ресурслари тежалиши, келгуси авлодга табиий ресурсларни оқилона етказиб бериш ва “энергия танқислиги” қопланишига ҳам эришиш мумкин.
Тегишли қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ижросининг таъминланиши мамлакатимизда қуёш ёки шамол электр станциялари ҳамда бошқа турдаги энергиятежамкор энергетик қурилмаларнинг аҳоли ўртасида кенг оммалашишига олиб келади. Аҳолида манфаатдорлик ҳисси шаклланади. Қуёш фотоэлектр станцияси орқали соф фойда олиш, рўзғорни моддий таъминлаш учун катта имкониятлар очилади.
Харид қилинган қуёш ёки шамол электр станцияларининг ўзини ўзи қоплаш муддати камаяди. Шу тадбирлар натижасида аҳолининг яшил технологиялардан самарадор фойдаланиши ҳамда экологик тоза, энергетик қурилмаларнинг ҳаёт тарзимизга сингиб боришига кенг йўл очилади.