Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Ўтказилган терговга қадар текширувда “Б.С.” фермер хўжалиги раҳбари ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, тижорат мақсадида "МТЗ-80" моторли сув насоси ускунасини табиий газ тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 417 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланди.
Департаментнинг Учкўприк туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Ш.O." МЧЖ раҳбари О.Ю. МЧЖ ишлаб чиқариш цехидаги ускуналарни умумий фойдаланишдаги газ тармоғига яширинча улаб, 286,2 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Шунингдек, Департаментнинг Булоқбоши туман бўлими томонидан ва "Ўзенергоинспекция"нинг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда “Н.Ф-М.” МЧЖ энергетиги А.З. ва бошқалар МЧЖнинг ишлаб чиқариш ускуналарини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 230 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари фош этилди.
Департаментнинг Шофиркон ва Ромитан тумани бўлимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “И.Ф.” фермер хўжалиги ҳамда “Ч.К.” МЧЖ масъул шахслари электр сув насосларини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тижорат мақсадида тўғридан-тўғри улаб, жами 122,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланди.
Ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169 моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.