Ташкилот 1991 йилдан буён хотин-қизларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларини кенгайтириш ва ҳимоя қилиш, тадбиркорлик ва ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, молиявий ва ахборот ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, гендер тенглик, хотин-қизлар меҳнатининг рақобатбардошлигини ошириш каби қатор вазифалар доирасида фаолият юритиб келмоқда. Бугунгача ана шу мақсадларга қаратилган 100 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. 50 320 нафар аёллар семинар ва малака ошириш таълим дастурларида иштирок этди, 43 минг нафар аёллар бизнес асосларига ўқитилди. 30 минг атрофида янги иш ўринлари яратилди.
Ўтган йили ана шу Ассоциацияга халқаро мақоми берилгани катта ютуқлардан бири. Ташкилот биносида бўлиб ўтган “Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини янада ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги давра суҳбатида ушбу мақомнинг аҳамияти, олдинда турган мақсад-ва вазифалар ҳақида сўз борди. Тадбирда хорижий давлатларнинг Ўзбекистонда фаолият юритаётган дипломатик корпуси, халқаро ташкилотлар, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари, ОАВ вакиллари иштирок этди.
— Ўтган давр мобайнида Ассоциация мамлакатимиз ва хорижда тан олинган, барча даражадаги — чекка қишлоқлардан тортиб, йирик шаҳарларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватловчи кучли жамоага айланди, — дейди “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси Гулнора Маҳмудова. — Ментор—мураббийларнинг ҳудудий маълумотлар базаси ишлаб чиқилиб, ишга туширилди. “Устоз–шогирд” таълим тармоғи муваффақиятли фаолият юритмоқда. Бугунгача ассоциация қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. “Тадбиркор аёл”ни ЕХҲТ, БМТ, БМТТД, USAID, ЕТТБ, ИТБ ва қатор халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам алоқа ришталари боғлаб туради. Ушбу ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик хотин-қизларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка ўргатиш, аёллар миграцияси, гендер тенглиги ва иқтисодий интеграция, савдонинг глобаллашуви ва янги иш ўринлари яратиш масалаларини ҳал этиш имконини бермоқда. Ташкилотимиз ўтган йили халқаро мақомини олгач, лойиҳаларимиз кўлами янада кенгаяди. Хусусан, тадбиркор аёлларимизнинг хориж бозорларига чиқиш даражасини ошириш, чет эллик тадбиркор хотин-қизлар билан алоқалар ўрнатишни режалаштирганмиз.
Тадбирда иштирок этган халқаро ҳамкорлар, хориж давлатлари вакиллари ҳам ўз фикрларини билдирди. Улар Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида ассоциация саъй-ҳаракатлари, давлат, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар билан ишлаш самарали механизмига юқори баҳо бердилар. Халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорликнинг янги нуқталари муҳокама этилди.
Бугунги кунда ассоциация сафида 17 мингга яқин аъзо бўлиб, мамлакатимизда ташкилотнинг 68 ҳудудий бўлими фаолият кўрсатмоқда, 200 дан ортиқ тренерлар хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга ўзларининг салмоқли ҳиссаларини қўшмоқда.
Ассоциация томонидан тақдим этилган 5 йиллик қисқа, ўрта, узоқ муддатли мақсадлар халқаро ҳамжамият, мамлакатимиз масъул идора ва ташкилотлари ва хотин-қизларимиз ҳаракатларини ўзаро манфаатли бирлаштириш, Ўзбекистонда аёллар тадбиркорлиги ҳаракатини янада ривожлантириш имкониятларини беради.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири