Корхонада умумий қиймати 22 миллиард сўмга тенг ёғоч чиқиндилари ва ёғочбоп ўсимликлардан “МДФ” ва “ДСП” плиталар ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Ҳозирда линия ва технологияларни ўрнатиш, синов ва хомашё базасини шакллантириш ишлари бораётган бўлса, шу йил иккинчи чорагидан бевосита ишлаб чиқариш жараёнига киришилади. Муҳими, лойиҳага мувофиқ бу ерда 50 нафардан ортиқ фуқаронинг бандлиги таъминланади ва йилига 35 миллиард сўмлик қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади.

Корхонанинг яна бир ташаббуси, ишлаб чиқаришда зарур хомашёга бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида ташаббускор томонидан фойдаланишдан чиққан ер майдонларини сув тежовчи технологиялари асосида ўзлаштириш орқали тез ўсувчан павловния плантациясини ташкил этиш лойиҳаси кўзда тутилган. Туман ҳокимлиги томонидан мазкур лойиҳа учун “Барака” МФЙ да 200 гектар фойдаланишдан чиққан ер майдони ажратиб берилган. Ташаббускор томони бу ерни ўзлаштириш мақсадида 5 та артезиан сув қудуғини қазиш орқали томчилатиб суғоришни йўлга қўйишга киришган. Бу иш туфайли яна қўшимча 50 нафарга яқин иш ўрни яратилади.

Маълумот учун, мутахассислар эътирофича, павловния дунёдаги энг тез ўсадиган дарахт турларидан бўлиб, йилига 5 метргача бўй чўзади. Хитой, Япония каби давлатларда жуда кўп етиштирилади. Унга айримлар “мўъжиза дарахт” деб ҳам таъриф беришади, чунки фойдали жиҳати кўп. Пишиқ ёғочидан мебелдан тортиб, мусиқа асбобигача тайёрлаш мумкин, сув ўтказмайди ва танасига қурт тушмайди.

Гуллаганида асалари учун нектар вазифасини ўтайди. Барги йирик ва озуқабоп бўлиб, чорва молларига юқори калорияли емиш ўрнида ҳам қўлланилади. Юқори ҳароратга чидамли. Ёқилғи сифатида ишлатилганида, бошқа ёғочлардан фарқли тарзда 100 фоиз ёнувчанлик хусусиятига эга. Ҳатто, қарағайга қараганда ҳам кўп даромад келтиради. Фақат парвариш қилиш агротехникасини ўзлаштириш керак. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 27 августдаги тегишли қарорига мувофиқ, мамлакатимизда тез ўсувчи ва саноатбоп павловния дарахти плантацияларини кенг ҳудудда барпо қилиш чора–тадбирлари ишлаб чиқилган.
Ғиждувон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати