– Мен бугун ушбу залда ва жойлардаги студияларда қатнашаётган юзлаб тадбиркор ёшлар ва опа-сингилларимизни кўриб турганимдан бениҳоят хурсандман.

Биз кейинги 2 йилнинг ўзида, фақатгина хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга 500 миллион доллар маблағ йўналтирдик. Уларни ўз бизнесини бошлаши, жумладан касб ва тадбиркорликни пухта ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Сўнгги 5 йилда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди.

Тадбиркор аёллар ва ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам иқтисодий сиёсатимизнинг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади, – деди Президент.

Давлатимиз раҳбари шижоатли ва фидойи тадбиркорларнинг айримларини тилга олиб, халқимизга мададкор бўлаётгани учун уларга миннатдорчилик билдирди.

- Биз доимо изланиб, янгиликка интилиб яшайдиган тадбиркор-ларимизни, ўз ишига фидойи ва жонкуяр, ватанпарвар инсонлар деб биламиз  ва уларни қадрлаймиз.

Айниқса, мураккаб пандемия давридаги синов  ва қийинчиликлар пайтида ҳам, халқимизга мададкор бўлиб,  ўз бизнесини нафақат сақлаб қолган, балки янги иш ўринларини яратиб, муҳтожларга кўмак бераётган  ҳамда ишлаб чиқариш ва экспортни оширган  тадбиркор дўстларимга  бугун чин қалбимдан раҳматлар айтаман.

Ана шундай фаол  ва фидойи тадбиркорларнинг 100 нафарига чуқур миннатдорчилик рамзи сифатида,  биринчи маротаба  Ўзбекистон Республикаси Президентининг миннатдорчилик хатини имзоладим.

Фурсатдан фойдаланиб,  ана шундай эътирофга сазовор бўлган фидойи, ватанпарвар, саховатпеша ва ғайратли тадбиркор ва ишбилармонларга,  такроран чуқур ташаккур билдираман  ва чизларнинг сафингиз, бутун мамлакатимиз бўйлаб,  кун сайин ошиб боришига астойдил ишонаман, - деди Президент.