Яна бир бор “иккитагина иш ўрни яратган тадбиркорни елкамда кўтараман”, дея таъкидлади. Бу ишонч, бу рағбат ортида самимият ва ҳақиқат борлигини ҳар биримиз ўз фаолиятимизда кўряпмиз. Мен эл-юртга хизмат қилишга бел боғлаган, одамларни иш билан таъминлаб, оилалар фаровонлигига ҳисса қўшишни мақсад қилган мамлакатимиз тадбиркорларининг бир вакили сифатида олдимга янада катта мақсадларни қўйдим.
Бир аёл сифатида ўзимни бахтли ҳис қиламан. Чунки, аввало, юртимиз тинч, оилаларимиз хотиржам, фарзандларим бағримда. Қолаверса, қўлимда ҳунарим, ишим бор. Бир нечта йўналишда тадбиркорлик қилиб, шунинг ортидан одамларни иш билан таъминлаяпман. Асосийси, доим интилиш, ҳаракатдаман. Булар бари инсонга фақат мамнунлик бағишлайди.
Бугун ана шу қувончим янада ортди. Давлатимиз раҳбарининг фармони билан бир гуруҳ ишбилармон, мамлакатимиз иқтисодиётига ҳисса қўшаётган инсонлар қатори мен ҳам “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирландим. Хушхабарни эшитиб, чекка бир қишлоқдаги аёлга бўлган эътибор, эътирофдан кўнглим кўтарилди. Яна қанча тадбиркор хотин-қиз мендек қувонаётганини тасаввур қилаверинг.
Ўзим қишлоқ хўжалиги соҳасида 2006 йилдан буён ишлаб келаман. “Фермер хўжалигини ташкил этганимда, ишни мева-сабзавот, узум етиштиришдан бошлаганмиз. Ҳозир хўжалигимизда асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик ҳам бор. Минерал сув ва қоғозни қайта ишлашни йўлга қўйганмиз. Хўжаликда 20 та доимий, 30 та мавсумий ишчи меҳнат қилади. Тармоқларнинг ҳар биридан оладиган даромадимиз ўзига яраша. Аммо асосий йўналишимиз ва даромадимиз узумчиликдан. Фермер хўжалигидаги 76 гектар ер майдонининг салкам 35 гектарида узумзор ташкил этилган.
Мен истиқомат қиладиган Заркент қишлоғи азалдан узумчиликда донг таратган. Қишлоғимиз аҳолисининг 90 фоизи миришкор боғбонлар. Бу ернинг табиати, иқлими, лалми ерлари, қир-адирлари узумчилик учун қулай. Шу боис, бу ерда пишиб етиладиган узумлар таъми, кўриниши билан бошқа ҳудудларникидан ажралиб туради. Паркент туманига кириб келишингиз билан қир-адирликлар, баланд тепаликлар оралаб юраверсангиз, йўл-йўлакай турли усулда парваришланаётган узумзорларга кўзингиз тушади.
Бу ерликлар узум етиштиришда ўзига хос тажрибага эга. Аксарияти, авлоддан-авлодга ўтиб келяпти. Мен ҳам соҳа сир-асрорини қайнотам — машҳур боғбон устозимиз Тожибой Ризаевдан ўзлаштирганман. Бугун улар асос солган боғ-роғларда меҳнат қилиб, тажрибаларни ёшларга, келажак авлодга ўргатяпмиз. Масалан, узум ҳосили териб олингач, бошқа ҳудудлардаги каби ток ерга кўмилмайди. Бизда бироз бошқачароқ, ток новдалари ерга ётқизилиб, ўзининг барглари билан ёпилади. Заркентликларнинг аксарияти токни шу усулда қишдан омон сақлайди. Ўтган йили Аграр соҳа аёллари уюшмаси аъзоси сифатида Навоий вилоятига бориб, ўз тажрибамни уларга ўргатиб келдим. Бажарилиши лозим бўлган агротехник тадбирларни кўрсатиб бердим. Бундай тажрибаларни бошқа ҳудудларда ҳам оммалаштиришга ҳаракат қиляпмиз.
Умуман, қайси соҳа бўлмасин, уни яхши билган, тушуниб иш қилган тадбиркор доим натижага эришади, даромад топади. Хўжалигимизда майизбоп кишмиш, экспортбоп пушти тойипи, суғдиёна, ризамат ҳамда винобоп узумлар етиштирилади. Ўтган йили ички бозорга 200 тонна, экспортга 300 тонна маҳсулот чиқардик. Бу йилги ҳосилдорлик ҳам яхши, ҳозиргача 80 тонна узум тердик. Қўшни давлатларга мунтазам экспорт қилиб келяпмиз.
Ҳосил охирида узумнинг бир қисмини хонадонимизда ота-боболаримиздан қолган сояки усулда қуритамиз. Ҳар йили 10—12 тонна узум қуритиб, майиз қиламиз. Қизиғи, қуёш керак бўлмайди, салқин жойда қуритилади. Майизлар 2,5–3 ойда тайёр бўлади. 3 килограмм кишмишдан ўртача 1 кило майиз олинади.
Кўпчилик тадбиркорликнинг даромадига қизиқади, аммо меҳнат қилмасдан туриб, натижа кутиш — хато. Асосийси, ҳозир аёлларимиз ҳамма ишлардан ортиб, илм олишга, тадбиркорлик қилишга, ўзига қараб, дам олишга ҳам вақт топяпти. Чунки бунга шароит, имкониятлар бор. Кўнглимиз хотиржам ишлаймиз, бошқаларга ҳам ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Оилалар фаровон, дастурхонлар тўкин, одамлар хурсанд бўлса, биз бундан икки карра қувонамиз.
Гавҳар РИЗАЕВА,
Паркент туманидаги “Заркент Гавҳари” фермер хўжалиги раҳбари,
“Фаол тадбиркор” кўкрак нишони соҳибаси