Ҳар қандай янги бизнес асосида кўплаб ғоя ва йўналишлар ётади. Аммо ғояни доим ҳам муваффақиятли амалга ошириш имконсиз. Бунинг учун етарли ресурс, иқтисодий шароит ва мана шу шароитни юзага келтирадиган муҳит зарур. Яъни, мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, сўнгги йилларда тадбиркорларнинг эркин ва фаол ишлаши учун яратиб берилаётган шароитлар, ишбилармонликни ривожлантиришга қаратилган имтиёзлар биз айтмоқчи бўлган ижобий муҳитга мисол бўла олади.
Иқтисодиётда муваффақиятли бизнеснинг ўрни юқори. Инновацион ғояларни мақсадли яратиб, ишлаб чиқаришга жорий этиш, аввало, ички бозорга кенг ассортиментдаги сифатли, рақобатбардош маҳсулот таклифини ошириш, қолаверса, аҳолини иш билан таъминлаш деганидир. Бунинг ортидан хизмат кўрсатиш ва етказиб бериш дастурларининг замонавий кўринишлари шаклланиб, рақамли иқтисодиёт ҳам ривожланиб бораётгани масаланинг бошқа томони.
Содда қилиб айтганда, мамлакатда кичик ва ўрта бизнес вакилларининг кўпайиши миллий иқтисодиёт ривожига сезиларли таъсир кўрсатади. Аммо ишбилармон одам бизнес ғоясини амалга ошириш учун қулай муҳит излайди. Унга етарли шароит яратиб берилсагина, ишини ривожлантира олади.
Ўтган йили 20 августда давлатимиз раҳбарининг илк бор тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ташкил этилиб, мазкур сана юртимизда “Тадбиркорлар куни” сифатида белгилангани катта воқеликка айланган эди. Ўшанда тадбиркорлардан келиб тушган 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббуслар асосида соҳани қўллаб-қувватлаш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга қаратилган 7 та йўналиш асосида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Дастурда соҳа вакилларига қатор имтиёзлар берилдики, халқимиз бундан ўрнида фойдаланиб келмоқда.
Шундай қилиб, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти яхши анъанага айланди. Жорий йил 20 август санасида ҳам мазкур учрашув ўтказилиши кутиляпти. Очиқ мулоқот олдидан давлат раҳбарига мурожаатлар қабул қилиш бошланган. Савол ва таклифларни йиғиш бўйича республика штаби ҳамда “колл-марказ” ташкил этилган. Шу йил 3 август куни давлатимиз раҳбари раислигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан мулоқотига тайёргарликнинг бориши бўйича ўтказилган йиғилишда жараён таҳлил қилинди. Унга кўра, бугунги кунгача 7 минг 200 дан ортиқ таклиф ва мурожаатлар келиб тушган. Уларнинг аксарияти жойида ҳал этилмоқда.
Муваффақиятли бизнес бошлаш учун янги имконият
Кутилаётган очиқ мулоқот кўплаб тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар демакдир. Ўртага ташланган муаммоларга ечим топилиши соҳага қадам қўяётган ёшларнинг ўз омадли бизнесларини яратишларига ҳам хизмат қилади.
Ёшлар ва бизнес — бугунги кунда бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Айнан ёшлар тадбиркорлик фаолияти учун янги ғояларни яратмоқдалар, таваккал қилишдан қўрқмай, замонавий йўналишларга қадам қўйяпти. Бу улардаги бугунги кун руҳига мос фазилатлар — ташаббускорлик, ҳаракатчанлик, жасорат, таваккал қилишга мойиллик, ўрганиш ва қайта ўрганиш қобилияти, инновацияларга очиқлик билан боғлиқ. Қолаверса, йигит-қизларга билдирилаётган ишонч уларнинг фаолиятларида мустаҳкам тиргак бўлаётгани рост.
Ана шундай илғор ёшлар орасида ака-ука Дилшодбек ҳамда Азизбек Хожиевлар ҳам бор. Уларнинг ҳар иккиси ўз бизнесини муваффақиятли йўлга қўйиб, бўш иш ўринлари яратган.
Азизбек Хожиев 2012 йилдан буён ўзи раҳбарлик қилаётган “XK the best product” МЧЖда импорт ўрнини босувчи суюқ девор гул қоғозларини ишлаб чиқаради. Йилига 10 миллион квадрат метр маҳсулот тайёрланадиган ушбу корхонада 70 нафар киши меҳнат қилади.
Дилшодбек эса Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетининг 2-босқич магистранти. 2019 йилда “New Best Style” МЧЖ корхонасини ташкил этиб, хорижий инвестициялар асосида пардозбоп гулқоғозлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Корхонада иш жараёни ҳам, технологиялар ҳам — бари замонавий. Чет давлатлардан олиб келинган ускуналар ишлаб чиқаришни бир неча бор тезлаштириб, ишчи кучини енгиллаштиради. Ҳозир бу ерда 250 нафар киши доимий меҳнат қилмоқда.
Тадбиркор маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон, Грузия, Сурия, Россия, Озарбайжон, Арманистон давлатларига экспорт қилади. Корхона йилнинг энг яхши экспортёри, сифатида ҳам эътироф этилган.
Дилшодбек тадбиркорлик фаолиятида эришаётган ютуқлари билан кўпчиликка намуна бўлмоқда. Шу йил 30 июнь — Ёшлар кунида тадбиркор “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланди. Давлатимиз раҳбари йигит-қизларга йўллаган табрик нутқида “Хорижий инвестициялар иштирокида замонавий корхоналар барпо этиб, кўплаб янги иш ўринлари яратаётган, ўз маҳсулотларини экспорт қилаётган тадбиркор ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда. Мисол учун, ... Ҳоразм вилояти Ҳазораспда Дилшодбек Ҳожиев сингари изланувчан ёшларимиз ҳавас қилса арзийдиган натижаларга эришмоқда. Мана шундай салоҳиятли ёшларимизнинг бир гуруҳи юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани албатта барчамизни мамнун этади", дея таъкидлагани Дилшодбекни янада руҳлантирди. Қаҳрамонимиз яқин йилларда ўз фаолиятини кенгайтириб, қўшимча иш ўринлари яратиш, кам таъминланган оилалар хонадонига даромад киришига ҳисса қўшишни мақсад қилган.
Бугунги тадбиркорга нималар керак?
Ана шундай ёшларга ҳавас қилиб, кўплаб йигит-қизлар омадли бизнес бошлашга интилаётгани қувонарли. Аммо уларнинг аксариятини, аввало, қандай қилиб муваффақяитли бизнес бошлаш мумкин, деган савол ўйлантиради. Бунинг учун мавжуд имкониятларни баҳолаш билан бирга, билим, кўникмалар, иш тажрибаси, алоқалар, мижозларни ўрганиш ва вақтни тўғри тақсимлаш талаб этилади. Шунингдек, бунга замонавий гаджетларни ҳам қўшиш керак. Гап шундаки, бошланғич капиталнинг фақатгина ўзи бизнесдаги муваффақиятни таъминламайди. Агар "Омадли бизнес” муваффақиятининг ўлчови фақат тикилган маблағ бўлса, унга эришиш анча осон бўлар эди. Бироқ пулдан ташқари яна бир қанча ресурслар зарур.
Омадли бизнес яратувчилари мижозларнинг эҳтиёжларини қондиришга асосланади ва нарх-сифат ҳамда яхши хизмат комбинациясини таклиф қила оладиган бизнесменлар юқори фойда олиши мумкин. Бундай яратиш учун истеъмолчига қандай қиймат таклиф қилиш мумкинлигини тушуниш керак. Гап шундаки, бизнес нафақат тадбиркорлик субъектлари, балки истеъмолчилар фаолиятини қамраб оладиган тизимдир.
Бугунги кунда ғоя яратиб, бизнесни бошлашнинг ўзи камлик қилади. Барча соҳалар замонавийлашиб бораётган ҳозирги даврда илмий, инновацион янгиликларни ўрганиб бориш, истеъмолчи талабига мос арзон ва сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим. Бунинг учун рақобат муҳити зарур. Тадбиркорлик субъектлари қанча кўп бўлса, рақобат шу асосида шаклланиб бораверади.
Бундан ташқари, муваффақиятли тадбиркорликни ривожлантириш учун бир қанча омиллар талаб этилади. Хусусан, мулк муносабатларининг уйғунлашуви, ишбилармонларга фаолияти доирасидаги жараёнларни бошқариш бўйича иқтисодий эркинликларнинг берилиши, бозорнинг очиқлиги, яъни товарлар, сармоялар, маълумотлар, ишчи кучи, хомашё ҳаракати учун сунъий ғояларнинг йўқлиги, бозор инфратузилмасининг мавжудлиги, тадбиркорни ҳимояловчи мустаҳкам қонунчилик ва ҳуқуқий кафолатларнинг таъминлангани ҳамда давлат томонидан уларга имтиёзлар берилиши муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ана шу жиҳатлар яққол кўзга ташланмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланаман, янги ғояларни амалга ошираман, деган ҳар бир инсонга барча шароитлар яратиб бериляпти. Бу эса ҳудудларда ишбилармонлар сонининг ортиши, соҳага илм-фан ва техника ютуқлари, инновацион технологиялар кириб бориши, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиши, муҳими, одамларнинг иш билан таъминланишига хизмат қилмоқда.
Шодиёр НАРЗУЛЛАЕВ,
Тошкент давлат Иқтисодиёт университети тадқиқотчиси
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 05.08.22, 158-сонида эълон қилинган)