Вилоятнинг тўртта сектор раҳбарлари, тижорат банклари ва солиқ органлари вакиллари иштирок этган сайёр учрашувда 32 нафар тадбиркорнинг ер ажратиш, кредит, коммунал тармоқ, логистика масалалари ва солиқ имтиёзлари каби кўплаб масалалари кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг бир қисми жойида ҳал этилди.

– Айрим масалалар бўйича масъул ташкилот вакилларига муддат берилди, – дейди Чиноз тумани ҳокими Ботир Алимбеков. – Қолаверса, ҳудуддаги йирик ишлаб чиқарувчилар кредит таъминоти, унинг имтиёзли муддатини узайтириш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан тижорат банклари вакиллари билан яқиндан гаплашиб олишди. Бундан ташқари, бугунги тадбирда фаолиятини бошлаш арафасида юрган ишлаб чиқарувчиларга ҳам амалий ёрдам берилди.

– Бир неча йилдан буён халқаро юк ташиш логистикаси бўйича фаолиятимизни олиб боряпмиз боряпмиз, — дейди "Иборат Логистика " масъулияти чекланган жамияти раҳбари Муҳиддин Ёқубов. — Мазкур соҳа мамлакатимизда энди оммалашяпти. Хорижий давлатларда кўплаб ҳамкорларимиз бор. Улар билан янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун айрим муаммоларимиз бор эди. Ҳозир 60 та иш ўрни яратганмиз. Вилоят ҳокими мутасаддилар билан бирга ҳуқуқий маслаҳат берди. Масаламизни ижобий ҳал қиладиган бўлди.

Тадбирда ўз бизнесни энди бошлаётган ёшлар ҳам фаол қатнашиб, таклиф ва муаммоларини айтиб ўтди. Жумладан, “Эко анд Ленд” МЧЖ раҳбари Ҳислат Муҳаммадалиев қоғозни қайта ишлаш цехи ташкил этиб, унинг учун зарур бўлган барча жиҳозларни жойлаштирган эди. Етарли айланма маблағи бўлмагани учун ишлаб чиқариш ҳалигача тўхтаб ётибди. Унинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа ишга тушиши орқали маҳалласидаги 10 нафар ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаши мумкин. Вилоят ҳокими билан суҳбат довомида бу тадбиркорнинг 100 миллион сўмга яқин кредит олишига ёрдам бериладиган бўлди.

Ечими вақт талаб қиладиган айрим мурожаатларнинг ижроси юзасидан тегишлилиги бўйича масъул мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилди.