“Дунё савдо аҳли ила ободдир”. Мана, неча асрлар аввал Соҳибқирон Амир Темур таъкидлаган ушбу ҳикмат бугунги кунда  янада  чуқур маъномазмун касб этяпти. Зеро, иқтисодиётимизнинг етакчи соҳаларига айланган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик, ҳунармандчилик давлатимиз, жамиятимиз ривожида ҳал қилувчи вазифани ўтамоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бу йўналишда қабул қилинаётган қарорлар эса кичик ва ўрта қатлам вакилларини ҳар томонлама қўллабқувватлаш, моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, ёшларда тадбиркорликка иштиёқ уйғотишга хизмат қилаётгани билан янада аҳамиятлидир.

“Ёшлар — келажагимиз” жамғармасининг бизнес ташаббуслар, стартап ғоялар ва лойи ҳаларни рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш борасида олиб бораётган ишлари ёшларга оид масалаларнинг ҳамиша давлат эътиборида эканига яққол далилдир.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг декабрь ойида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форумида “Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровлар аксарият ёшларимизда ижобий мотивация, бизнес ва тадбиркорлик соҳасида зарур билим ва малака етишмаслигини кўрсатди. Демак, уларга тадбиркорлик асосларини ўргатишга қаратилган ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим”, дея алоҳида таъкидлади.

— Президентимизнинг мана шу гапи фаолиятимизни янгидан кўриб чиқишга ундади. 2021 йил бошидан буён юртимиз бўйлаб ёшларга ўзининг турмуш шароитини яхшилаш, касб-ҳунар ва тадбиркорлик билан шуғулланиш орқали даромад топиш ҳамда бундай фаолиятни йўлга қўйишнинг амалий жиҳатларини ўргатишга қаратилган “Бизнес марафон” мотивацион тренингларини ўтказиб келяпмиз, — дейди “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори Хайрулла Сатторов. — Тадбирлар янада самарали бўлиши учун халқаро ва маҳаллий миқёсдаги нуфузли нотиқлар, етакчи тадбиркорлар жалб этилмоқда. Биз  навқирон авлодни тадбиркорликка фаол жалб этиш орқали ўзини ўзи ривожлантиришга  кучли мотивация уйғотишни мақсад қилганмиз.

“Бизнес марафон” тадбирларида шу кунгача 30 минг нафардан зиёд ёш тадбиркор, уюшмаган ёшлар, талабалар иштирок этди. Қувонарлиси, уларнинг 8 минг нафарга яқини қизлар. “Бизнес марафон” доирасидаги мотивацион тренинглар юртимиз ва хорижда муваффақиятга эришган ватандошларимиз, тажрибали тадбиркорлар ва бизнес тренерлар томонидан олиб борилмоқда. Тренингларда ёшлар бизнесни қандай бошлаш, рақобат муҳитида бозорда ўз ўрнини топиш, ходимлар билан ишлашдаги усуллар, руҳий ва иқтисодий банкротлик, барқарорликка эришиш, бизнесга инвестиция киритиш каби ўзларини ўйлантираётган саволлар билан мурожаат этди.

— Ёшларнинг шижоати баланд. Ҳозирги йигит-қизларни ўзимнинг ёшлигим билан солиштираман. Афзаллиги шундаки, бугун янгилик яратиш учун барча шароит бор, — дейди тадбиркор Шерзод Бекназаров. —  Улар берилган имконият, имтиёз натижаси ўлароқ, ҳар қандай бизнесни қўрқмасдан бошлашга, натижа кўрсатишга тайёр. Шижоат балқиб турибди кўзларида. Бундан жуда хурсандман. Тўғри йўналиш берилса, биз 16 йилда эришган ютуққа ёшлар бир-икки йилда эришиши мумкин, Ёшларга ўзи севган соҳа бў йича шогирд тушиб, касб-ҳунар ўрганишни тавсия қиламан. Масалан, бизнес ғилдираги қандай айланади, деган саволга жавоб олгач, уни айлантириш осон кечади. Нолдан бизнес бошласа ҳам қийналмайди. Бу тажрибамда ўз исботини топган. Шу нуқтаи назардан, ёшлар билан ўтказилаётган учрашувларнинг аҳамияти катта.

Мотивацион тренингларда ёшлар бизнесга кириш, ходимларни танлаш ва бошқариш усуллари, келажак бизнеси, чет тилини ўрганиш, ахборот технологиялари, онлайн бизнес, маркетинг ва менежмент, бозор таҳлили, бизнесдаги банкротлик, мослашувчан бизнес, тадбиркорлик қадриятлари ҳамда бошқа йўналишларда билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.

Ўз ишини бошлаш арафасида ёки тадбиркорликнинг дастлабки босқичида турган минглаб ёшлар мамлакатимизда муваффақиятли фаолият олиб бораётган ишбилармонлардан бизнеснинг ёзилган ва ёзилмаган қоидаларини ўрганди. — Энг тажрибали, муваффақиятга эришган тадбиркорлар ўзининг тажрибаси, амалиётини бизга кўрсатиб бера олди, — дейди Қарши шаҳридаги “Taraqqiyot hamkor qurilish” МЧЖ директори Фарҳод Кичкинаев. — Учрашувдан катта мотивация олдим. Энди ўзим ишлаб чиқараётган маҳсулотларни интернет платформаси орқали сотаман.

— Тадбиркорликнинг ҳам ўз йўли бор, — дея фикрини давом эттирди Хайрулла Сатторов. — Буни, эҳтимол, мактаб, лицей, институтда ўргана олмасмиз. Соҳа сирларини шу йўлни босиб ўтган тажрибали тадбиркорлардан эшитиш кишига иштиёқ беради. Шу ўринда “Бизнес марафон” илм излаган ёшлар билан илмли одамлар ўртасида кўприк бўлди. Ёшлар режа билан бизнес бошласа, халққа, жамиятга фойдаси тегса, ўз мақсадимизга етган бўламиз.

Ҳудудларда ўтказилган ёшлар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига 225 та “Бизнес саёҳат”, 349 та ўқув семинари, 145 та мотивацион тадбир, 93 та кўргазма савдо ярмаркаси, тадбиркорлик соҳасига оид консалтинг хизматлари кўрсатиш орқали 68,9 минг нафар ёш қамраб олинди. Жорий йилда эса камида 20 минг нафар ёшни талаб юқори бўлган 15 та касб-ҳунар бўйича ўқитиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси, “Ишга марҳамат” мономаркази ва “Worldskills Uzbekistan” ташкилотлари ўртасида онлайн платформа яратиш, методик таъминлаш, доимий ривожлантириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

“Ёшлар — келажагимиз” жамғармаси томонидан ёшлар ўртасида сўровномалар ўтказилди. 25 минг нафар ёшнинг хоҳиш-истагини инобатга олган ҳолда, талаб юқори бўлган 15 та касб рўйхати шакллантирилди.

Айни пайтда жамғарма томонидан ташкил этиладиган мотивацион тадбирлар, халқаро форум ва ярмаркаларда имкон қадар кўпроқ ёш тадбиркорлар иштирокини таъминлаш режалаштирилган.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири