"Тадбиркорлик кодекси" лойиҳаси билан қуйидагилар назарда тутилмоқда:

– Кодекс лойиҳаси билан яхлит 9 та амалдаги қонун, 2 та янги қонун лойиҳалари ва 10 дан ортиқ қонуности ҳужжатлари бирлаштирилиб тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишдан бошлаб уни тугатишгача бўлган барча жараёнларни тартибга солишга қаратилган;

– илғор хорижий давлатлар тажрибасига асосан, тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда;

– тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари базаси ихчамлаштирилиб, тадбиркорлар ичида оммабоп бўлмаган “хўжалик ширкати” ташкилий-ҳуқуқий шакли бекор қилинмоқда;

– якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлмаган фаолият турларини белгилаган ҳолда уларга қонунчиликда тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилмоқда;

– тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг чегаралари ҳамда тартибга солиш шакллари белгиланмоқда;

– 43 та давлат органининг 146 та назорат функциялари ва Бизнес-омбудсманни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган 18 турдаги текширувлар рўйхатлари мазкур Кодексга илова сифатида тасдиқланмоқда. Бунда рўйхатга киритилмаган барча текширувлар Бизнес-омбудсман билан келишилган тартибда амалга оширилиши белгиланмоқда;

– давлат назоратининг 4 та шакли белгиланиб, шундан фақат маълумотларни таҳлил қилиш ва текширувда аниқланган қоидабузарликлар юзасидан тадбиркорга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши белгиланмоқда.