Унга мувофиқ, таҳлилий ва тадқиқот тузилмалари фаолиятини ташкил қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузурида алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади. 

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида алоҳида очилган ҳисобрақамларда жамланади ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан белгиланган тартибда сарфланади. 

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади: 

  • Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 25 миллион АҚШ доллари миқдоридаги бир марталик беғараз тўлови; 
  • халқаро, хорижий ва маҳаллий ташкилотларнинг грантлари ва ҳомийлик маблағлари; 
  • Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан тушадиган даромадлар; 
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

Жамғарма маблағлари қуйидагиларга йўналтирилади: 

  • Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолият йўналишлари бўйича тадқиқотларни амалга ошириш; 
  • таҳлилий материалларни тайёрлаш ва тадқиқотларни ўтказиш учун грантлар ажратиш; 
  • экспертлик, тадқиқотга оид ва бошқа хизматларни кўрсатувчи маҳаллий ва хорижий жисмоний ва юридик шахслар хизмат ҳақи учун тўловларни амалга ошириш; 
  • таҳлил ва тадқиқот йўналишида тузилган вақтинчалик лойиҳа гуруҳлари фаолиятини молиялаштириш; 
  • ижтимоий сўровлар ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни амалга ошириш; 
  • таҳлилчилар ва мутахассисларни ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • нашрлар, адабиётлар, маълумотлар базалари ва тадқиқотлар натижаларини тайёрлаш ва харид қилиш ҳамда уларга обуна бўлиш; 
  • илмий-тадқиқот соҳасидаги конференциялар ва бошқа тадбирларни ташкил қилиш ҳамда уларнинг ишида иштирок этиш харажатлариниш; 
  • Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича бошқа харажатларни қоплаш.

Жамғарма маблағлари мақсадли ва самарали сарфланиши устидан назорат Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан амалга оширилади.