Иккинчи кўз — гаджет воситасида эса тез, юзаки ва интерактив фикрланади.
Ҳа, технологиялар
замонида минглаб имкониятга эга турли электрон қурилмалар яратилмоқда. Улар
ёрдамида жуда мураккаб вазифаларни ҳам бир зумда бажаряпмиз. Аммо танганинг
иккинчи томони ҳам бор.
Йўқ, биз
гаджетларни
яхши
ёки
ёмон
деб
қатъий
хулоса
чиқармоқчи
эмасмиз.
Улар
шунчаки
замонавий
қурилмалар,
холос.
Асосий
масала
улардан
қандай
мақсадда
ва
қай
тарзда
фойдаланаётганимизда.
Қолаверса,
гап
шу
орқали
технологиялар
билан
миллий
ва
умуминсоний
қадриятлар
ҳамда
ахлоқий
муносабатлар
ўртасида
ўзимиз
ҳосил
қилаётган
зиддиятлар
борасида
бормоқда.
Ижтимоий тармоқлардан бирида социолог олим Суҳроб Хидировнинг шу мавзудаги фикрларига кўзим тушди. У дунёга машҳур кинорежиссёр Стивен Спилберг асари асосида “Ўзбекфильм” киностудиясида режиссёр Нозим Тўлахўжаев томонидан ишланган “Майин ёмғир ёғади” мультфильмини мисол келтириб, бундай дейди:
— Фильмнинг асосий ғояси технология тараққиёти инсониятнинг ахлоқий масъулиятидан устун бўлмаслиги ҳақида огоҳлантиришдир. Илмий жиҳатдан қаралганда, сунъий интеллект фақат алгоритмлар ва маълумотларга асосланган ҳисоблаш тизими. У онг, ҳиссиёт ва ахлоқий жиҳатдан баҳолаш қобилиятига эга эмас. Шунинг учун технология ривожи инсон
назорати ва маънавий тамойиллар билан мувозанатда бўлиши зарур. Бу фильм бизни
техникани шунчаки яратиш эмас, балки қандай мақсадда ва қандай масъулият билан
қўллаётганимиз ҳақида чуқур ўйлашга чорлайди.
Бир қарашда бундай мулоҳазалар оддий ўқувчи учун бир оз илмийдек туюлиши
мумкин. Лекин мавзу инсон маънавияти, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳам
бевосита боғлиқ. Шу маънода, одоб-ахлоқ, маънавий қарашлар ва маънавиятни юксак
қадрлайдиган халқ сифатида мазкур мавзу ҳар биримизга дахлдор.
Шиддатли замонга ҳамнафас бўлиш, ишда ва ўқишда кўп нарсага улгуриш,
кундалик турмушда вазифаларни бажариш осон ва қулай бўлиши учун технологик
воситалардан кенг кўламда фойдаланяпмиз. Айниқса, уяли телефонлар бу борада
етакчи ўринга чиқди. Улар шунчалик урфга кирганки, ким қандай фойдаланаётганига
эътибор ҳам бермай қўйганмиз. Бу қурилмаларни қўллашда на ёшнинг, на
касб-ҳунарнинг аҳамияти қолди. Айниқса, ёшлар ва ўсмирлар йўлда ҳам, уй ва
ўқишда ҳам бу матоҳни қўлдан қўймайди. Ҳатто ухлаётганда ҳам қўнғироқни эшитмай
қолишдан чўчибми, уяли телефонни ёстиғининг ёнига қўйишни канда қилмайди.
Бу каби манзаралар — кундалик ҳаётда уяли телефонлардан фойдаланишга доир
энг содда ва кўп учрайдиган кўринишлар. Лекин бу ҳамма улардан фақат шу тарзда
фойдаланади дегани эмас, албатта.
Чексиз ахборот маконида таниқли мутахассислар ва олимлар томонидан бу
мавзуда турли мулоҳазалар бериб борилади. Уларнинг босма китоб ва матбуот орқали
ҳар қандай ахборотни ўзлаштириш борасидаги кўплаб ижобий хулосалари ҳам ўринли.
Шу билан бирга, технологик қурилмаларнинг қулай жиҳатлари ҳақидаги фикрларини
ҳам инкор қилиб бўлмайди.
Бундай ҳолатда гўёки маънавий ва техник тараққиёт
ўртасида дилемма юзага келгандек туюлади: қай бири афзал? Эҳтимол, саволни
бундай шаклда қўйиш керак эмасдир. Чунки ҳар икки йўналиш ҳам ҳаётимиз учун
бирдек муҳим ва зарур. Техника тараққиёти яшаш шароитимизни яхшилашга ва қулай
бўлишига хизмат қилса, маънавият ҳаётимиз, тафаккуримиз мазмуни ҳамда инсоний
қиёфамиз кўзгуси.
Гаджетлар оламининг асл аъзоларига айланиб улгурган бугунги ёшлар
(ўсмирлар ва кичик ёшдаги болалар ҳам) ҳамда бу олам иммигрантлари бўлмиш
ота-оналар ўртасидаги мулоқот ва муносабатлар ҳам ўзгача тус олаётганига гувоҳ
бўляпмиз.
Айтайлик, эшик қўнғироғи жиринглаб, болангиз кириб келади. Онасининг
“Келдингми, қаерда эдинг?” каби саволларига ҳам тушунарсиз бир нималар деганча,
қўлида телефон билан ўз хонасига шошиб кириб кетади. Ота-онасининг деярли бирор
топшириғига “йўқ” демайди, аммо уни ўз вақтида бажармайди ҳам. Жавоб доим
деярли бир хил бўлади: “Хўп, ҳозир...” ва тамом.
Уйдагилар билан жонли мулоқот жуда суст, ҳамма виртуал оламга шўнғиган.
Айтайлик, оналар телефонга кўз ташлаган ҳолда ҳам овқат тайёрлайверади. Болалар
эса ён-атрофига ручка-қалам ва дафтар-китобларини ёйиб қўйиб, телефон ёрдамида
жимгина дарс тайёрлаётгандек кўринади. Улар савол бермайди. Чунки улар уяли
телефондан жавоб топишни аллақачон ўрганиб олган. Олинган жавобларнинг объектив
ёки нотўғри экани таҳлил қилинмайди, манбаларнинг қай даражада ишончлилигига
эътибор берилмайди. Эътиборсиз ота-оналарга ҳам шуниси қулай гўё. Бундай
технологик воситалардан нотўғри ва ортиқча фойдаланишнинг бола руҳияти ва
соғлиғига салбий таъсиридан амалий ҳимоялаш тўғрисида-ку, гапирмаса ҳам бўлади.
Шу ўринда дарёдан томчи бўлса-да, айрим зиёлиларнинг бу борадаги қарашлари
ва фикрларини келтириб ўтсак.
Бир муддат аввал yuz.uz сайтида чиққан суҳбатда Тошкент шаҳридаги
мактаблардан бирида дарс берувчи бошланғич синф ўқитувчисининг бундай фикрларига кўзим тушганди:
— Технологиялар таълимнинг душмани эмас. Аксинча, агар гаджетлардан
оқилона фойдаланилса, улар биз, ўқитувчиларга ўқув жараёнини олиб боришда фақат
ёрдам беради. Интернет — фойдали ва қимматли восита, ахборот хазинаси ҳамда
кундалик ҳаётни енгиллаштирадиган алоқа воситаси. Смартфонлар ўқувчиларга ҳам
янги билимларни ўзлаштиришда, кўникмаларни ривожлантиришда ва дунёқарашини
кенгайтиришда ёрдам бериши мумкин.
Электрон қурилмалар ва сунъий интеллект қанчалик фойдали бўлмасин, шунчаки
билишнинг бир воситаси бўлиб қолаверади. Охир-оқибат мустақил фикрлашимиз,
маълумотларни тафаккур чиғириғидан ўтказиб ёндашишимиз ва тўғри хулосага
келишимиз асосий омил сифатида сақланишини кўриб турибмиз. Бу борада тадқиқот
ўтказаётган мутахассислар энди ахборот ва маълумотларни биринчи бўлиб
етказишдан кўра уни тўғри, ишончли ва мантиқан талқин қила олиш устувор аҳамият
касб этиб бораётганини таъкидламоқда.
Шу ўринда ишончли деб эътироф этилган қатор манбалардан зиёлилар ва ўз
соҳасининг мутахассислари билдирган фикрларнинг айримларини келтириб ўтиш
ноўрин бўлмас. Қолаверса, айнан шу соҳада тадқиқот олиб бораётган ва вазиятга
бевосита гувоҳ бўлаётган олимларнинг фикрларини келтириш анча холис таассурот
уйғотади. Яқинда ўқиганим ғарблик бир олимнинг фикри қуйидагича: “Муаммо
шундаки, бизда рақамли қурилмалар ва технологияларнинг янги дунёсида амал
қиладиган ҳеч қандай маданий анъаналар йўқ. Ҳар қандай жамиятга ҳар қандай янги
мосламалар ва усулларни жорий этишда, улардан оқилона ва соғлом фойдаланиш
қоидалари ҳамда анъаналарини ишлаб чиқиш учун 100 йилдан 200 йилгача вақт керак
бўлади деб ҳисобланади. Лекин бизда бу 100-200 йил йўқ. Нима қилиш керак?
Аввало, замонавий болаларнинг янги меъёрда яшаётганини англаш ва қабул қилиш
керак. Янги нормаллик бу турли соҳалардаги, баъзан эса дунё тартибидаги
иқтисодий, ижтимоий ва психологик ўзгаришлардир”.
Ёки бу фикрга қаранг:
— Гаджетлар бизга тезкор эндорфинлар ва дунёдаги ҳамма нарсадан
хабардорлик иллюзиясини беради, аммо афсуски, муносабатлар ва офлайн ижтимоий
ҳаётни “эритиб” юборади, — дейди хорижлик продюссер Анна Белева. — Ҳатто
фаолияти бевосита гаджетлар билан боғлиқ бўлган одам сифатида мен ҳам оилавий
кечки овқат пайтидаги мулоқот, ҳатто таътилда ҳам, янгиликларни кузатиш ва
YouTube томоша қилиш билан алмашганини пайқадим.
Ёзувчи ва файласуф А.Король эса “Виртуал муҳитга ғарқ бўлган инсон учун
оила ҳақиқатан иккинчи даражага тушиб қолиши мумкин. Шунинг учун одамлар ўз
ёнида эътибор, ғамхўрлик ва муҳаббатга муҳтож яқин кишиси борлигини ҳис
қилмайди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда чиройли манзараларни кўрамиз.
Шундан сўнг онгсиз равишда ўз реал ҳаётимизни салбий қабул қила бошлаймиз.
Чунки реал оилавий муносабатлар фотосуратлардаги жуфтликларники каби мукаммал
эмас, турмуш ўртоқ эса унчалик жозибали ва муваффақиятли кўринмайди. Натижада
инсон ўз жуфтини танқид қила бошлайди ва оилада келишмовчилик юзага келади”,
дейди.
Аҳли дониш ва файласуфлар тафаккурни инсон ақлий фаолиятининг юксак шакли,
нарса ва ҳодисаларнинг моҳиятини, улар ўртасидаги ўзаро боғланишларни чуқур
англаш, билиш ва умумлаштириш жараёни сифатида изоҳлайди. Оламни тушунишда
тасвирлар, ҳис-туйғу ва сезги аъзолари ожизлик қилган ўринларда, албатта, ақл
ва мантиқ билан англаш энг тўғри йўл экани таъкидлаб келинади. Зеро, Навоий
бобомиз айтганидек: “Ўз вужудингга тафаккур айлагил...”.
Рустам БОЙТЎРА,
“Янги
Ўзбекистон” мухбири