Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Ахрор Бурханов мазкур хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этишича, жорий йилнинг 11 январь куни ҳалокатга учраган катерда 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган.

Ҳодиса оқибатида уларнинг 2 нафари енгил тан жароҳати олиб, маҳаллий шифохонага ётқизилган. Жабрланган фуқаролар тўлиқ соғайган ва белгиланган тартибда шифохонадан чиқарилган.

Шунингдек, жабрланганларнинг барча тиббий ва бошқа зарур харажатлари катерга эгалик қилувчи компаниянинг суғурта маблағлари ҳисобидан тўлиқ қоплаб берилган.

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда соғлиқни сақлаш муассасалари билан доимий алоқада бўлиб келган.