Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева Шавкат Мирзиёевга тегишли мутасаддиларга чекка ҳудудларни ҳам тезроқ интернет билан таъминлаш ва талабалар учун арзонлаштирилган интернет трафиклари ажратиш бўйича таклиф бергани ҳақида ЎзА хабар берди. Кечаги йиғилишда Давлатимиз раҳбари айни ушбу таклиф юзасидан топшириқ берган.
— Талабалар билан доимий мулоқотдамиз, янги ўқув йилини бошлашда нималарга эътибор бериш ҳақида таклифлар оляпмиз. Пандемия сабаб ўтган йили иккинчи семестрни онлайн тарзда ташкил қилдик, ҳимояларни ўтказдик. Лекин шундан сўнг кўпчилик талабаларда ўзига хос таклифлар ва талаблар юзага келди. Агар янги ўқув йилини биз онлайн бошлайдиган бўлсак, чекка қишлоқларни ҳам интернет билан таъминлаш масаласини ҳамда талабалар учун муҳим бўлган арзонлаштирилган интернет трафикларни ажратиш борасида мурожаат қилдим ва Президентимиз тегишли мутасаддиларга бу бўйича топшириқ бердилар. Ўйлайманки, бу ҳаммамиз учун жуда ҳам қулай шароитни вужудга келтиради, — деди Гулчеҳра Рихсиева.