“Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК томонидан ташкил этилган очиқ эшиклар кунида ОАВ ходимлари шу каби саволларга жавоб олди.

2021 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатларга кўра тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва соҳани ривожлантиришга оид вазифалар белгиланган бўлиб, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДКга ҳам бир қатор йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

— Аккредитация юртимизда нисбатан янги йўналишлардан ҳисобланади, — деди “Ўзбекистон Аккредитация маркази” ДК директори Ансабхон Зокиров. — 1994 йилдан маҳсулотларни сертификатлаштириш тизими амалиётга кириб келди. Сертификатлаштириш — мувофиқликни баҳолашнинг бир тури бўлиб, маҳсулотнинг сифат талабига қанчалик жавоб беришини кўрсатади. Ташкилотимиз ана шу мувофиқликни баҳолашни амалга оширадиган идоралар, хусусан, синов лабораториялари ва сертификатлаштириш идораларини аккредитациядан ўтказишни амалга оширади. Яъни, юқоридаги каби идораларнинг етарли компетинтетликка асосан фаолият юритиши Аккредитация маркази томонидан тасдиқланади. Бугунги кунда юртимизда 400 дан ортиқ аккредитациядан ўтган мувофиқликни баҳолаш органлари бўлиб, шундан 289 таси синов лабораториялари, 100 таси метрология лабораториялари, 70 таси маҳсулотларга нисбатан синов лабораториялари ҳисобланади.

Очиқ эшиклар кунида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК томонидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар батафсил сўзлаб берилди. Жумладан, тизимда фармон ва қарор ижроси юзасидан ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида “хабардор қилиш” вазифаси бўйича 4 та синов лабораториялари ва 2 та сертификатлаш органи Марказни хабардор қилиши учун имконият яратилади. “Мажбурий аттестацияни бекор қилиш бўйича” 596 нафар эксперт-аудиторлар ва 6152 нафар сертификатланган ходимлар учун мажбурий сертификатлаштириш талаби бекор қилинади. Мувофиқликни баҳолашдаги ташқи кўрикни ўтказиш учун аккредитация олиш талаби бекор қилиниши натижасида эса 268 та лабораторияда 52 тадан кўрсаткич қисқартирилади. Бу эса аккредитация олиш учун сарфланадиган маблағнинг иқтисод қилиниб, 1,26 млрд сўм лаборатория ихтиёрида қолишига замин яратади. Монополияга чек қўйилиши натижасида эса туризм, уруғчилик, экология ва дори воситалари йўналишларида ўзаро тенг шароитдаги рақобат платформаси яратилади.

Журналистлар амалий жараёнга бевосита гувоҳ бўлиш мақсадида  “Ўзбек-Турк тест маркази” МЧЖда бўлди. Ушбу корхона халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилингани ҳақида “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДКни хабардор қилган. Объектда мажбурий аттестация ва ташқи кўрик бекор қилинган.

Маълумот учун, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК Ўзбекистон Республикасининг мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган хисобланиб, ISO/IEC 17011:2017 талабларига мувофиқ фаолият олиб боради. 2021 йилнинг бошидан буён Марказ томонидан 120 та буюртмалар кўриб чиқилган, 32 та мувофиқликни баҳолаш органи аккредитациядан ўтган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири