Бу саволга илмий асосланган жавобларни олиш учун Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) иш ҳақининг таълим даражасига боғлиқ ҳолда ортиб боришини ўрганиб чиқди.
Бунинг учун 18 ёшдан катта фуқаролар иштирокида онлайн сўров ўтказилди ва мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 1 минг 152 та (61 фоиз эркаклар, 39 фоиз аёллар) жавоб олинди.
ПМТИдан маълум қилишларича, таҳлил жараёнида “Минцернинг даромадлар тенгламаси қўлланилди ва баҳолаш Stata дастурий таъминотида энг кичик квадратлар услубида амалга оширилди. Тадқиқот натижасида Ўзбекистонда иш ҳақидаги устама фан доктори (ёки DSc) илмий унвони учун 61 фоиздан, PhD ёки фан номзоди учун 41 фоиздан юқори эканлиги, шу билан бирга, бакалавр босқичининг имтиёзли дипломига эга ходимлар меҳнат бозорида оддий диплом соҳибларига қараганда 8,5 фоиз кўпроқ маош олиши аниқланди.
Сўровда иштирок этганлар орасида иқтисодиёт тармоқлари бўйича компьютер технологиялари соҳасида банд бўлганларнинг ўртача маоши энг юқори эканлиги маълум бўлди. Улар бошқа тармоқларда банд бўлганларга нисбатан 28 фоиздан 37 фоизгача кўпроқ иш ҳақи олади. Иқтисодчилар 24-37 фоиз, молиячилар 29-30 фоиз, профессионал ва илмий-техник фаолият билан шуғулланувчиларнинг ўртача ойлиги 27-38 фоиз кўп эканлиги ойдинлашди.
Баҳолаш натижаларига кўра, юртимизда ҳар бир қўшимча таълим йили иш ҳақининг ўртача 10 фоиз ошишига имконият яратади ва бу кўрсаткич БМТнинг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО нинг баҳосига мос келади.
Институт экспертлари тадқиқотнинг кейинги босқичида зарур билим, маҳорат ва юқори малакага эга бўлиб, маълум бир касбни эгаллаш учун қанча миқдорда сармоя киритиш зарурлигини ҳисоблаш имконини берадиган калькуляторни ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.