Тадбирда уюшма раиси ўринбосари Ботир Эргашев, Президент таълим муассасалари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Кенжаев, ёзувчи Маъмура Зоҳидова ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этди. Сўзга чиққанлар бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ишлар, яратилаётган имкониятлар, китоб мутолааси ва китобхонликка қаратилаётган эътибор хусусида таъкидлаб ўтди.

Тадбир давомида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ижодкор ўқувчиларининг “Шеърият гулдастаси”, “Ижодим сеҳри” номли бадиий чиқишлари намойиш этилди.

– Мактабимиз ижодга ихтисослашгани билан ажралиб туради, – дейди Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчи Азизбек Тошқураев. – Шу боисдан ҳам биз китоб мутолаасига алоҳида эътибор қаратамиз. Ёзувчилар уюшмасининг бизга бераётган китобларидан беҳад хурсандмиз. Олдиндаги машғулотларимизда эса янада кўпроқ бадиий асарлар ўқишга киришамиз.

Шунингдек, тадбирда ёшлар учун Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон билан адабий учрашув уюштирилди. Суҳбатда ўқувчилар ёзувчининг ижодга кириб келиши, асарларининг ёзилиш жараёни, адабиёт олами хусусидаги саволларига жавоб олишди. Фикрлар алмашишди. Тадбирда агентликка уюшма томонидан тақдим этилаётган китоблар жамланмасининг рамзий сертификати топширилди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист