Мазкур таълим гуруҳига таълим тизимидаги барча вазирлик, идора ва ташкилотлар аъзо  ҳисобланади. Маҳаллий таълим гуруҳининг 2022 йилдаги 1 учрашуви 29 апрель куни Тошкентдаги Ҳилтон меҳмонхонасида бўлиб ўтган эди.

Унда «Таълим бўйича глобал ҳамкорлик фонди» (GPE) ҳамда 30 та халқаро ва маҳаллий ташкилотлар вакиллари билан таълим тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар сарҳисоби ва келгусидаги истиқболли режаларни амалга ошириш юзасидан давра суҳбати ўтказилган.

Мазкур Таълим гуруҳи учрашувида Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Британия Кенгаши (British Council), Америка Кенгашлари (American Councils), UNESCO, UNICEF, JICA, KOICA, USAID каби халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.  

Учрашувда таълим гуруҳининг низоми ва таркибий бўлинмалари аниқланди ва гуруҳ аъзолари томонидан тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таълим соҳасида белгиланган устувор йўналишлар бўйича таълим тизимини кейинги йилларда ривожлантиришнинг йўл харитасини халқаро ва маҳаллий ҳамкор ташкилотлар ёрдамида ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишда халқаро молиявий институтларнинг грант маблағларини мақсадли жалб этиш бўйича музокара олиб борилди.

Таълим бўйича глобал ҳамкорлик фонди (GPE) томонидан Ўзбекистон учун ажратилиши мумкин бўлган “System Capacity Grant” ва «Multiplier» грант дастурларини жалб этиш бўйича келишувга эришилди.