Жаҳон андозалари даражасида билим олган, заковатли, ҳар томонлама баркамол миллий кадрлар тайёрлаш ўқитиш тизимининг ташкил этилганига боғлиқ. Шу боис, таълим соҳасининг барча босқичини ислоҳ қилиш, халқаро андоза ва замонавий талаблар асосида ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган эзгу ғояси ҳамда узлуксиз таълим тизимида ишлаётган мураббийлар, педагоглар, профессор-ўқитувчилар, умуман, зиёлилар янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни сифатида кўрилаётгани бунинг яққол ифодасидир.

Шунинг учун узлуксиз таълим тизимининг барча босқичида зарурий ислоҳотлар кечмоқда. Яқин йилларда мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 мингдан 29 мингга оширилиб, тарбияланувчилар қамрови 24 фоиздан 70 фоизга етказилди. Умумий ўрта таълим 11 йиллик қилинди. 9-синф битирувчилари учун профессионал касб-ҳунар таълими муассасалари ва техникумлар ташкил қилинди. Олий таълимга қабул жараёнида учраётган муамммоларни бартараф қилиш мақсадида қабул механизмида ҳам тегишли ислоҳотлар ўтказилди. Хусусан, мактаб битирувчилари учун кириш тест имтиҳонида бир-бирига яқин бўлган бирйўла 5 та йўналишли олий таълим муассасасини танлаш имконияти яратилди. Олий таълимга қамров қисқа муддатда 9 фоиздан 38 фоизга кўтарилди. Натижада олий таълим муассасалари сони 77 тадан 210 тага етди. Бакалавриатга қабул квоталари 5 баробар, магистратурага 8 баробар, доктрантурага 10 баробар ошди. Шунингдек, тўлов-шартнома асосида қабул квоталарига қўшимча абитуриент қабул қилиш механизми ишлаб чиқилиб, тизимда шу пайтгача учраган коррупцион омиллар йўқ қилинди.

Олий таълимда фаолият юритаётган профессор-ўқитувчиларнинг маоши бир неча баробар оширилиб, ўқув юкламаси камайтирилди. Илмий даражалар берувчи кенгашлар кўпайтирилиб, илмий даража ва унвонлар бериш тартиби соддалаштирилди. Жаҳон тажрибаси асосида олий таълим муассасаларининг 40 тасига академик, ташкилий-бошқарув ва молиявий мустақиллик берилди. Олий таълимни оптималлаштириш орқали сифат даражасини ошириш, ўқитувчи ва талабаларнинг ўқув юкламасини камайтириш орқали фанларни яхши ўзлаштиришига кенг йўл очилди.

Президентимиз Сирдарё вилоятидаги сайловчилар билан ўтказилган учрашувда таълим соҳасида белгиланган режалар ҳақида тўхталиб, илм-фан ва инновацияларсиз ютуқларга эришиб бўлмаслигини таъкидлади. Бунинг учун 2030 йилга бориб олий таълимга қамровни 50 фоизга етказиш, ОТМлар учун қатор имконият ва имтиёзлар берилиши ҳақида сўз юритди. Энди қабул жараёнида абитуриент аввал тест синовини топшириши, тўплаган балига мос олий ўқув юртини танлаш механизми ишлаб чиқилиши, чекка ва олис ҳудудлардаги реал эҳтиёжларга қараб мақсадли қабул квоталари шакллантирилиши, кадр тайёрлаш йўналишлари қайта кўриб чиқиш асосида такомиллаштирилиши, айрим йўналишларда ўқиш даврини 3 йил белгилаш, талабалар турар жойлари ва кутубхоналар ўрнини ошириш шулар жумласидан. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ОТМ профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламасини камайтириш орқали илмий тадқиқот ишларига жалб қилиш суръати оширилиши, йилига 200 нафар профессор-ўқитувчининг давлат ҳисобидан хорижда илмий тадқиқот қилиш учун шароит яратилиши, янгидан қурилаётган уй-жойлардан 20 фоиздан ортиғи олий ўқув юртлари педагоглари учун имтиёзли кредит асосида ажратилишини билдирди. Педагогика олий таълим муассасаларига қабул давлат гранти асосида бўлиши, бундай ОТМлар учун алоҳида ҳайъат кенгашлари ташкил қилиниши, уларни ривожлантириш бўйича тизимли ислоҳотлар олиб борилиши ҳақида маълумот берилди.

Бугун мактаб таълимини ривожлантириш масаласи умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиб кетганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг “Келинг, ўзимизга савол берайлик: бизнинг энг катта камчилигимиз нимада? Кадрлар даражасида, билимда, дунёқарашда, ватанпарварликда. Буларнинг барчаси ундай эмас, десак адолатдан бўлар эди. Мактабларни ўзгартирмай, биз инсонни, жамиятимизни ўзгартира олмаймиз. Бу аксиома, буни ҳеч ким рад эта олмайди”, деган фикрини яна бир бор эсга олиш даркор. Мазкур фикрни мантиқий давом эттирсак, яна бир аксиома пайдо бўлади: олий педагогик таълимни ўзгартирмасдан, мактаб таълимини ўзгартира олмаймиз. Чунки таълим келажак хазинаси бўлса, педагогика олий таълим ташкилотлари унинг драйвери вазифасини ўтайди.

Олий педагогик таълимни ислоҳ қилишга доир саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Бунга Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети мисолида гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 11 майдаги “2022–2026 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан университет ҳамда унинг ҳузуридаги таълим ва илмий ташкилотлар Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Шу билан бирга, университет педагогика йўналиши бўйича ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқишда етакчи ОТМ этиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 21 июндаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ОТМни 2026 йилгача халқаро талабларга мувофиқ трансформация қилиш ҳамда мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.

Айни пайтда мактабгача, умумий ўрта ҳамда профессионал таълим муассасалари учун университетда 31 бакалавриат йўналиши ва 30 магистратура мутахассислиги бўйича педагог кадрлар тайёрланмоқда. ОТМнинг 24 мингдан ортиқ талабасига 800 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи соҳа сирларини ўргатмоқда. Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 52 фоизни, ўртача ёш кўрсаткичи 48 ёшни ташкил этади.

Ислоҳотлар самараси ўлароқ, Тошкент давлат педагогика университетида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, халқаро рейтингларда юқори кўрсаткичларга эришиш, таълим сифатини оширишда муайян натижаларга эришилмоқда. Жумладан, ўқув режаси ва дастурларини ишлаб чиқиш учун 2020/2021 ўқув йилида 2 та турдош олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилинган, бироқ жараёнга бирорта ҳам хорижлик эксперт жалб этилмаган эди. 2022/2023 йилга келиб эса мазкур йўналишда 14 та турдош ОТМ билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди ҳамда 30 нафар хорижлик эксперт жараёнда иштирок этди.

Университет ва узлуксиз таълим интеграциясини таъминлаш мақсадида ОТМда иш берувчиларнинг доимий фаолият кўрсатувчи кенгаши иши йўлга қўйилди. Кадрлар буюртмачилари ўртасида ўтказилган сўровномалар натижалари ва уларнинг таклифлари асосида ўқув режаларига айни пайтда ўта муҳим ва зарур ҳисобланган “Медиасаводхонлик ва ахборот маданияти”, “Инклюзив таълим ва госпитал педагогика”, “Узлуксиз таълимдаги тенденциялар ва замонавий ёндашувлар” номли янги фанлар киритилди.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 21 нафар ўқитувчиси университетда илмий тадқиқот ишлари олиб боришга жалб қилинди. ОТМда таҳсил олаётган 2–4-босқич талабаларининг малакавий амалиётини Тошкент шаҳридаги Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги 1 та Президент, 3 та ихтисослаштирилган, 234 та умумтаълим мактаби, 6 та махсус мактаб-интернат, 26 та мактабгача таълим ташкилоти, 3 та академик лицей ва 5 та профессионал таълим муассасасида ташкил этиш бўйича шартномалар тузилди.

Университет ва турдош олий таълим муасссасаларидан шаклланган етакчи профессор-ўқитувчилардан иборат муаллифлар томонидан 2022 йилда 157 та ўқув адабиёти яратилган. 2023 йилнинг биринчи ярмида жорий йил учун фанлардан етишмаётган 108 та ўқув адабиёти нашр қилинди. ОТМда илмий даражалар берувчи 3 та илмий кенгаш мавжуд бўлиб, уларда 6 ихтисослик бўйича илмий ишлар ёқлови ташкил этилган. 2021 йилда университетдаги илмий кенгашда 78 та, 2022 йилда 179 та диссертация муваффақиятли ҳимоя қилинди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 144 та диссертация ёқланди.

Ўқув муассасамиз 2022 йилда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ОТМлар таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингидан жой олди. Шунингдек, 2023 йил учун QS Осиё университетлар рейтингида етакчи 1000 таликдаги кучли университетлар қаторига кирди.

Талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини намоён қилишига имконият яратиш асосий вазифаларимиздан. Шу мақсадда университетда 180 та касбий ва ижодий тўгарак ташкил этилди. Мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли ОТМлар талабалари ўртасида ўтказилган интеллектуал олимпиадада Тошкент давлат педагогика университети талабалари умумжамоа ҳисобида 3-ўринни эгаллаб, Президентимизнинг 100 та ноутбукдан иборат махсус совғасини қўлга киритди. Шунингдек, “Маърифат майдони” танловининг финал босқичида университетимизнинг “Авлоний издошлари” жамоаси 2-ўринни эгаллаб, 25 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди.

Ёшларнинг сифатли таълим олиши учун муносиб шароит яратиш мақсадида ОТМлар орасида биринчилардан бўлиб давлат-хусусий шериклик асосида университетнинг профессионал таълим факультети ўқув биноси ҳудудида минг ўринли талабалар турар жойи қурилиши бошланди. Бундан ташқари, мусиқа маданияти факультети учун 720 ўринли ўқув биносини қайта таъмирлаш якунига етказилмоқда. Ўқув биномиз ҳудудида талабалар учун 500 ўринли ошхона қурилиши тугалланаётир.

Албатта, ютуқлар ўзимизники. Шу билан бирга, олдимизда турган муҳим вазифалар ҳам кам эмас. Бинобарин, бугун давр шиддат билан ўзгариб, барча соҳалар қатори педагогик таълим тизими олдига ҳам ўта долзарб ва мураккаб масалаларни қўймоқда. Мактабгача ва мактаб таълим тизимини ривожлантириш, юқори салоҳият ва инновацион тафаккурга эга ўқитувчиларни тайёрлаш ҳамда касбий ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш, илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш шулар жумласидан.

Мамлакатимизда замон талабларига мос педагог кадрлар тайёрлаш, соҳадаги ислоҳотларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун олдимизда қатор вазифалар турибди.

Биринчидан, абитуриентларни педагогик ОТМларга қабул қилиш тизимини такомиллаштириш зарурати мавжуд. Амалда ёшларнинг педагоглик касбига қизиқиши ва мойиллиги ўрганилмагани сабабли таълим олиш ва меҳнат фаолияти даврида ўқитувчилик билан шуғулланишни истамайдиган талабалар учрамоқда. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбарининг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида дастлабки механизмлар белгилаб берилган. Унга кўра, 2024/2025 ўқув йилида тажриба-синов тариқасида университетнинг педагогика таълим йўналишларига (алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бундан мустасно) қабул жараёнини икки босқичда, жумладан, биринчи босқичда — дастлабки имтиҳон шакли, иккинчи босқичда — кириш тест синовлари орқали амалга ошириш белгиланган. Дастлабки имтиҳонларда аниқ педагогик вазиятларга ечим топиш орқали талабгорларнинг касбий мойиллиги ўрганиш ҳамда ижобий баҳо олган абитуриентларнинг тест синовларига қатнашишига рухсат этиш механизмини ишлаб чиқиш кўзда тутилган. Педагог кадрлар тайёрлашни назарда тутувчи таълим йўналишлари хусусияти ва талабидан келиб чиқиб, қабул чегарасини 130 баллдан кам бўлмаган ҳолатда этиб белгилаш ва шундан кам балл тўплаган абитуриентларни оширилган тўлов-шартнома билан ҳам ўқишга қабул қилмаслик бўйича аниқ механизмларини ҳаётга татбиқ этиш зарур.

Иккинчидан, педагогликка ўғил-қизларни умумий ўрта мактабнинг қуйи синфларидан бошлаб йўналтириш ва мақсадли тайёрлаш, шунингдек, мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида бажарилаётган илмий тадқиқот ишларининг самарадорлигини тажриба-синовдан ўтказиш учун университет ҳузурида мактабгача ва умумтаълим муассасалари, педагогик коллежлар мавжуд эмас. Шу боис, педагогик кластер ташкил этиш мақсадида ОТМга камида биттадан мактабгача таълим ташкилоти, умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Тошкент шаҳридаги педагогика коллежи бириктирилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Педагогик кластерга бириктирилган таълим муассасалари ўқувчиларини соҳага мақсадли йўналтириш, ўқув даргоҳларида иқтидорли талабаларнинг курс лойиҳалари, битирув-малакавий ишлари, магистрлик ҳамда докторлик диссертациялари бўйича тажриба-синов ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Учинчидан, мактабгача ва мактаб таълими учун кадрлар тайёрловчи ОТМларнинг ўзаро ҳамкорлигини етарли даражада йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Педагог кадрлар тайёрловчи бошқа олий таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи алоҳида тизимга зарурат сезилмоқда. Ўқув-услубий, илмий тадқиқот ва бошқа соҳаларда тажриба алмашиш, ишлаб чиқилаётган ва амалда фойдаланилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш масалалари бўйича доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгашлари ишини йўлга қўйиш, шунингдек, нодавлат ОТМларда педагог кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш мақсадга мувофиқ.

Тўртинчидан, соҳанинг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда педагогика ОТМлари учун ўқитишнинг кредит-модул тизимини ишлаб чиқиш, тизимнинг мослашувчанлиги ва самарадорлигига эришиш зарур. Шунингдек, педагогика таълим йўналишида ўқитишнинг сиртқи ва масофавий шаклларида кадрлар тайёрлашни тўхтатиш зарур. Мазкур ўқитиш шакллари юқори назарий билим, амалий кўникма ва малака, компетенциялар, педагогик маҳоратни шакллантиришга тўлиқ имкон бермайди. Педагогик компетентлик даражаси етарли бўлмаган, фанини чуқур билмайдиган ўқитувчилар таълим сифатини кўтаришга эмас, пасайтиришга хизмат қилади.

Бешинчидан, сўнгги вақтларда ОТМларда профессор-ўқитувчилар билан муддатли меҳнат шартномаларини тузиш оммалашмоқда. Бу педагогика олий таълим муассалари учун жиддий хатарни юзага келтирмоқда. Сабаби, бўлғуси муаллим ўқишнинг дастлабки босқичидан то битиргунича устоз-шогирд тизимида таҳсил олиб, амалиёт ўташи, юқори малакали профессор-ўқитувчилар қўлида шаклланиши лозим. Шу боис, педагогика ОТМлари учун танлов асосида профессор-ўқитувчининг 5 йиллик шартнома бўйича фаолият юритиши масаласини ўз кучида қолдириш мақсадга мувофиқ.

Олтинчидан, педагогика олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг малака ошириш тизимини либераллаштириш лозим. Эҳтиёжга кўра, меҳнат таътили вақтида уларнинг мустақил малакасини ошириш шаклини йўлга қўйиш самара бериши мумкин. Бу орқали ўқув йили давомида ўқитувчиларни ортиқча юкламадан халос қилиш мумкин.

Мактаб таълими ва олий педагогик таълим бир вақтнинг ўзида уйғун тарзда ислоҳ қилиб борилса, сифатли ўқитишга эришилади. Бунинг учун яхлит ўқув-тарбия жараёнининг барча таркибий қисмлари янгилаб борилиши ва мониторинг жараёни тизимли амалга оширилиши лозим.

Мамлакат тараққиёти кафолати бўлмиш азму шижоатли ёшларнинг юқори билим ва малакага эга, рақобатдош етук кадрлар бўлиб етишиши учун амалга оширилаётган барча янгиланишлар биз, соҳа ходимларига қўшимча куч ва ғайрат бағишлайди. Айни чоғда зиммамизга улкан вазифаларни ҳам юклайди. Ана шу залворли вазифалар ижросида камарбаста бўлиш, сидқидилдан меҳнат қилиш фаолиятининг асосий мезони таълим-тарбия бўлган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Абдуғаффор ҚИРҒИЗБОЕВ,

Низомий номидаги Тошкент давлат

педагогика университети ректори,

тарих фанлари доқтори, профессор