Унда Сенат аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда «Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг умумий ўрта таълимга оид қисмининг Тошкент шаҳридаги ижроси муҳокама этилди.
Тошкент шаҳрида 2020-2021 ўқув йилида 316 та мактабда 450,7 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда, уларга 23 530 нафар ўқитувчилар (854 нафари олий маълумотли, 2 963 нафари 1 тоифали, 5 898 нафари 2 тоифали, 13 815 нафари мутахассис) таълим бермоқда.
Сўнгги икки йилда шаҳардаги олий тоифали ўқитувчилар сони 3,5 фоиздан 5,2 фоизга, биринчи тоифали ўқитувчилар сони 12,6 фоиздан 17,3 фоизга ошишига эришилган.
Қайд этилганидек, умумтаълим мактабларида давомат, баҳолаш ва кундалик юритишнинг автоматлаштирилган «kundalik.com» тизими жорий этилиб, 24 600 нафар ўқитувчи ва 400 мингдан ортиқ ўқувчининг уй вазифаларининг бажарилиши юзасидан онлайн мониторинг тизими йўлга қўйилган.
Шаҳардаги мактабларда таълим шароитларини яхшилаш учун 2020 йилда давлат бюджетидан 405 миллиард сўм маблағ ажратилиб, жами 67 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари (3 та янги қурилиш, 5 та реконструкция, 59 та мукаммал таъмирлаш) амалга оширилган, кутубхоналар учун адабиётлар, махсус фан кабинетлари учун тикув машиналари, мусиқа асбоблари ва компьютер техникалари харид қилинган.
Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар ҳамда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари томонидан бу борада ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, мактабларни малакали ўқитувчилар билан таъминлаш натижадорлиги талаб даражасида эмаслиги, айрим мактабларда бирорта ҳам олий тоифали ўқитувчилар мавжуд эмаслиги, туман фан методистларининг фаолиятини кучайтириш зарурлиги, ўқувчиларнинг фанларни билиш даражасининг пастлиги, мактабларда ўқувчилар сони кўплиги сабабли дарс жараёнлари 2,5-3 навбатда ташкил этилганлиги таъкидланди.
Тадбирда халқ таълими тизимида таълим сифатини ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва Қўмитанинг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши билан қўшма қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.