Мен раҳбарлик қилаётган Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги 6-сонли Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаб-интернати математика-физика фанлари чуқурлаштириб ўқитиладиган таълим муассасаси ҳисобланади. Бугунги кунда мактаб-интернатимизда 370 нафар ўқувчига 40 нафар ўқитувчи-педагог замонавий, илғор педагогик технологиялар асосида таълим бериб келмоқда.
Бугунги кунда ўқувчиларга таълим-тарбия беришда замонавий, илғор педагогик технологияларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Дарҳақиқат, таълимда замонавий, илғор педагогик технологиялар таълим жараёнининг унумдорлигини оширади, ўқувчиларнинг мустақил фикрлаш жараёнини шакллантиради. Бир сўз билан айтганда, замонавий илғор педагогик технологиялар, биринчидан, ўқувчиларни билим, кўникма ва малакасини оширишга имконият яратса, иккинчидан, ўқитувчининг ҳам профессионал ўсишига, маънавий ривожланишига ёрдам беради.
XXI аср ахборот технологиялари асри, деб бежиз аталмаяпти. Бугунги кунда дунё миқёсида ахборот коммуникация тизими юксак даражада ривож топиб бормоқда ва бу бошқа соҳалар қатори таълим соҳасига ҳам жадал кириб бориб, уни янада сифатли ташкил этишга ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шу нуқтаи назардан бугунги кун ўқитувчиси АКТдан фойдаланишни чуқур билиши, таҳлил қила олиши ва янгилик яратиш даражасида билимли бўлиши, дарсни ташкил этиш жараёнида барча ўқувчиларга тушунарли, осон, қизиқарли усулларни танлаши ва қўллай олиши, замонавий АКТ ва мультимедиа воситалари, компьютерлардан фойдаланиши, ўқувчиларни ижодий, мустақил ишлашга ундаши жуда муҳим омил ҳисобланади.
Мактаб-интернатимизда таълимнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ўқувчиларнинг сифатли билим олишларини таъминлаш учун ўз соҳасидаги билимларни мустаҳкам эгаллашдан ташқари замонавий педагогик технологияларни ва интерфаол усулларни яхши ўзлаштирган, улардан ўқув ва тарбиявий машғулотларни ташкил этишда фойдалана оладиган математика фани ўқитувчилари Тоҳиржон Қамбаралиев, Зиёджон Маҳкамбоев, Рохилахон Аманова, Адҳамжон Ўсаров, Раънохон Ортиқова, география фани ўқитувчиси Раънохон Исоқова, инглиз тили фани ўқитувчиси Отабек Эргашев, Муножотхон Собирова каби ўқитувчиларимизнинг ўқувчилари ўтказилаётган турли фан олимпиадалари, турли кўрик-танловларда яхши натижаларни қўлга киритиб келишмоқда.
Бугунги кунда мактаб-интернатимизда 2021 йилги Давлат дастурига асосан Наманган вилояти Уйчи туманидаги «Уста Нўмон» қурилиш фирмаси томонидан, 6 млрд. 257 млн. 831 сўм шартномавий қиймат асосида капитал таъмирлаш ишлари ҳамда янги 300 ўринли ўқув биноси қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйига мактаб-интернатининг мукаммал таъмирланиши ва замонавий архитектура андозалари асосида қуриб битказиладиган янги 300 ўринли ўқув биноси ўқитувчилар, ўқувчилар ва ота-оналари учун муносиб совға бўлади.
Янгича ташаббуслар, инновацион ғоялар билан таълим жараёнлари сифатини ошириш, фарзандларимизнинг фанларни мукаммал ўзлаштиришлари йўлида самарадорликка эришишда бор билим, салоҳиятимиз ва куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Хуршида ЖЎРАЕВА,
Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги
6-сонли Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим
мактаб-интернати директори