Жорий йилнинг “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб аталиши замирида ҳам айни шу эзгу ғоя — таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни давом эттириш, мактаб инфратузилмасини такомиллаштириш, ўқитувчилик касбининг мавқеи ва таълим сифатини оширишдек эзгу мақсад мужассам.
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир. Шу боис, биринчи навбатда, эътиборни Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратамиз”, деган эди.
Шу маънода, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Таълим бўйича глобал ҳамкорлик фонди (GPE), ЮНИCЕФ ҳамда миллий ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 2023-2026 йилларда таълим соҳасини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” имзолангани катта воқеа бўлди.
Сифатли таълимдан адолатли фойдаланишни таъминлашга қаратилган “Йўл харитаси” мамлакатимизда таълим тизимини ислоҳ қилиш жараёнини жадаллаштириш учун жуда муҳим воситадир. Ҳужжат 2026 йилгача мактабгача ва мактаб таълимини ислоҳ қилишдаги устувор йўналишлар, аниқ ва катта мақсадларни ўз ичига олган.
— “Йўл харитаси”ни ишлаб чиққанимиз ҳамкорларимиз билан биргаликда ислоҳот дастурини амалга ошириш учун мантиқий ва муҳим қадам бўлди. Таълим сектори учун ишлаб чиқилган бу харита нафақат ўқитиш соҳасида иштирок этувчи турли манфаатдор томонлар ўртасидаги мувофиқлаштиришни кучайтириш, балки энг самарали ечимларни кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда, — дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.
Айни пайтда 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар қамровини 80 фоизга етказиш учун мактабгача таълим тизимида қўшимча 620 минг ўрин ҳамда 2026 йилгача халқ таълими тизимидаги мактабларда 1,2 миллионга яқин ўрин очилиши керак.
Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган ташкилотлар ўртасида саъй-ҳаракатлар мувофиқлаштирилмагани “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди. Энди мазкур “Йўл харитаси” 54 ҳамкор ташкилотни бирлаштириб, таълим секторидаги ислоҳотларни амалга ошириш учун аниқ дастур ижросини таъминлайди. Мазкур ҳужжат этика, виждонли бўлиш, коррупцияга қарши кураш, адолат ва инсон ҳуқуқларини амалга ошириш тамойилларига асосланади.
— Инсон капитали давлатни тараққий эттиришнинг муҳим омилидир. Ўзбекистондаги демографик имкониятларни дивидендга айлантириш учун ҳамкорлар билан биргаликда таълимга сармоя киритишни устувор йўналишга айлантиришда давом этиш керак. “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш жараёнида бу йўналишдаги муҳим вазифалар белгилаб олинди, — дейди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. — Бунга эришиш учун мактаб ва мактабгача таълим инфратузилмасини кенгайтириш ва модернизация қилишга салмоқли сармоя киритиш билан бирга сифатли инклюзив таълимдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш зарур.
“Йўл харитаси” тақдимоти таълим соҳасида янада юқори натижаларга эришиш учун йўлнинг бошланишидир. Бу борадаги самарали ҳамкорлик адолатли таълим тизимини такомиллаштиришга ҳисса қўшади.
— “Йўл харитаси”да таълим соҳасидаги ўзига хос муаммолардан келиб чиқиб вазифалар белгиланган. Мактабгача ва мактаб таълимида шу пайтгача тўпланган масалаларни ҳал қилиш иккала тизимда ҳам сифатни таъминлашга бевосита алоқадор бўлган, уни амалга оширувчи педагог кадрларнинг малакаси, дарс бериш жараёнини яхшилаш, у билан боғлиқ бўлган ўқув дастурини такомиллаштириш, мактабларда ўқувчи ўрнини кўпайтиришни назарда тутади, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари Абдураҳим Носиров. — Кенг қамровли йўналишларни қамраб олган “Йўл харитаси” устида уч-тўрт ой мобайнида 54 та ҳамкор халқаро ташкилот вакиллари билан бирга ишланди. Дастлаб олти, кейин уларни мақбуллаштирган ҳолда тўртта йўналишдаги вазифалар ишлаб чиқилди. “Йўл харитаси” бир неча бор муҳокамалардан ўтказилди. Халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари олинди.
Ўқитиш сифатини таъминлаш жуда кўп жиҳатдан ўқитувчининг салоҳиятига, дарс бериш маҳоратига боғлиқ. Шу боис, бугун таълим тизимида педагог ва раҳбар кадрларнинг фаолият юритаётган таркибини сифат жиҳатидан яхшилаш, ўқитиш маҳоратини халқаро тажрибалар асосида такомиллаштириш, янги методикаларга ўргатиш, фойдаланилаётган дарсликлар, методикаларни янгилаш, такомиллаштириш каби вазифалар ечими кутиляпти.
“Йўл харитаси”да педагог кадрлар малакасига катта эътибор қаратилган. Маълумки, ўқитувчиларнинг сифат таркиби доим ҳам бир хил бўлмайди. Олий таълимни энди битириб, соҳага кириб келган ўқитувчи билан тажрибали педагогларнинг билим беришида тафовут бор. Янгидан иш бошлаётганларга устозларни бириктириб қўйиш, янги методикаларни ўргатиб бориш орқали сифат, албатта, яхшиланади.
— Бу Марказий Осиёда нуфузли халқаро ташкилотлар билан ишлаб чиқилган биринчи “Йўл харитаси”дир, — дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг бошқарма бошлиғи Лазиз Хўжаев. — Ҳужжатни тайёрлаш жараёнида ҳамманинг фикри эътиборга олинди. Ўқувчилар ва ўқитувчилар, вазирлик ва идоралар, халқаро ҳамкорларнинг маслаҳат ва келишуви асосида, “Йўл харитаси” тузилди. Унда белгиланган мақсадларга биргаликда эришишни кўзда тутувчи ҳужжатга қўл қўйилди. Бу, албатта, барчамиз учун катта ютуқ.
Энди халқаро ташкилотлар томонидан таълимга берилаётган молиявий кўмак, грант ва инвестициялар айнан ушбу харитада белгиланган мақсадларга йўналтирилади. Мазкур харита билан 2026 йилга қадар қайси йўналиш бўйича қанча маблағ сарфланиши, натижаси қандай бўлишини кўрсата оладиган тизим яратилди.
“Йўл харитаси”да мактабларни қуриш ва реконструкция қилиш, дарсликлар ишлаб чиқиш ва ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқувчилар билимини баҳолашнинг адолатли ва шаффоф тизимини ишлаб чиқиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилган.
Бир сўз билан айтганда, “Йўл харитаси” умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилиш орқали фарзандларимизни ҳар жиҳатдан етук, интеллектуал салоҳиятли, эртанги кунимиз суянчи ва таянчи бўла оладиган инсонлар сифатида камол топтиришга хизмат қилади.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири