Замон талабларига жавоб берадиган ҳамда миллий қадриятларни ўзида уйғунлаштирган интеллектуал платформа яратилаётгани ҳам шундан далолат беради. Аслида “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойилини ҳаётга татбиқ этиш мазмун-моҳиятида ҳам ёшларни ҳар томонлама баркамол вояга етказиш, жамиятда инсон капитали салоҳиятини тубдан оширишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Таълимнинг энг қуйи бўғинидан юқори поғоналаригача олиб борилаётган бундай некбин ўзгаришлар тўрт-беш йилга мўлжалланган популистик лойиҳалар эмас, балки узоқ истиқболни ўз ичига олган, мамлакатдаги ҳар бир инсоннинг бугуни, эртасига хизмат қиладиган, тақдирига бевосита дахлдор ислоҳотлардир. Зеро, хитойлик машҳур файласуф Конфуций бундан бир неча асрлар айтиб кетган қуйидаги ҳикмат ҳозир ҳам жуда долзарбдир: “Агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк. Ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт кўкартир. Асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, илмли қил”.

Демак, Янги Ўзбекистонда ёшларни илмли, билимли қилиш, уларни рақобатдош кадрлар этиб тайёрлаш, келажакка ишонч билан кириб бориши учун устувор аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Замонавий юксалиш сари қадамлар таълим даргоҳлари остоналаридан бошланаётганининг боиси ҳам шунда.

Шунга яраша бугунги мураккаб ва синовли даврда интеллект энг катта хазина эканини англаб етаётган, фарзандларини ҳам шунга даъват этаётган ота-оналар кўпайяпти. Буни прагматик жиҳатдан ҳам энг тўғри ёндашув деб айтиш мумкин. Мазкур ҳақиқат энг илғор давлатларда тан олингани, амалда ўз исботини топиб келаётганига эса анча бўлди. Масалан, АҚШликларнинг айтишича, ҳеч бир инвестиция боланинг билимли бўлиши учун сарфланган сармоячалик фойда келтирмайди. “Агар нефть ва олтин қазиш соҳасига бир доллар инвестиция киритсангиз, тўрт-беш баравар, бозордан нарса олиб сотсангиз йигирма–ўттиз фоиздан бир бараваргача фойда келтириши мумкин. Шу маблағни фарзандингизни ўқитиш учун йўналтирсангиз, минг доллар бўлиб қайтади”, дейди океан ортидагилар. Бугунги кунда Ғарб давлатларида инновациялар, илм-фан, таълим тараққиёти ва имкониятлари қандай эканидан эса ўзингиз яхши хабардорсиз.

“Таълим — бирламчи” деган ғоянинг яна бир жуда муҳим тарафи борки, у биз учун ҳам актуал бўлиб, нафақат мамлакатимизни янгилаш, равнақ топтириш, балки ижтимоий адолат ва барқарорликни таъминлашда катта роль ўйнайди. Бу камбағалликка қарши курашиш билан боғлиқ. Зеро, АҚШлик иқтисодчи Жеффри Сакснинг таъкидлашича, жамиятнинг камбағаллик чангалидан қутулишига имкон берадиган олтита омил мавжуд. Улар: инсон капитали, ишбилармонлик капитали, инфратузилма, табиий капитал, ижтимоий ўрнатилган капитал ва билимлар капиталидир. Ушбу мезонларга эришишда эса, биринчи навбатда, таълим савияси ва сифати, у билан аҳолини қамраб олиш даражаси ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Бинобарин, давлат раҳбари халқ билан олиб бораётган ҳар бир мулоқотида, видеоселектор йиғилишларида, парламентга йўллаётган Мурожаатномаларида, халқаро минбарлардаги нутқларида айнан маърифат аҳоли турмушини фаровонлаштириш, одамларнинг орзу-мақсадларини рўёбга чиқаришнинг асосий мезони эканига урғу беряпти. Мазкур муҳим ва стратегик нуқтаи назар қабул қилинаётган фармон ва қарорлар, давлат дастурлари мағзини ташкил этмоқда.

Биргина олий таълим тизимида рўй бераётган сўнгги ўзгаришлар бу ташаббуслар шунчаки қоғозда қолиб кетмаётгани, одамлар, айниқса, ёшлар ҳаётида ижобий ифодасини топаётганини кўрсатиб турибди. Масалан, ўтган йили Ўзбекистонда олий таълим муассасалари сони 130 тага етказилди. Ўз навбатида, олий таълимга қабул параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баробар ўсиб, ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 9 фоиздан 25 фоизга ошди.

Асосийси, бу тенденция тўхтаб қолаётгани йўқ, балки узлуксизлик касб этиб, янада кенг кўламда давом эттирилмоқда. 2021 йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоиз кўпайтирилиши кўзда тутилгани фикримизга ёрқин мисолдир. Умуман олганда, бундай ортга қайтмас ва эл манфаатлари устуворлигини ўзида акс эттирган вазифалар 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам алоҳида белгилаб берилди. Унда ёшларга ғамхўрлик қилиш, ижтимоий муҳофазага муҳтож талабаларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, ижтимоий адолат тамойилини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўрсатиб ўтилиб, уларнинг ижросига киришилди.

Масалан, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти гранти жорий этилади. Ўз навбатида, олий таълим муассасасида икки ва ундан ортиқ фарзанди шартнома асосида ўқиётган оилаларга таълим кредити берилади. Эътиборлиси, талаба томонидан ушбу кредитни ўқиш даври тугагандан сўнг қайтариш амалиёти йўлга қўйилади. Бундай механизм, биринчидан, халқнинг турмуши сифатини оширса, иккинчидан, Ўзбекистоннинг салоҳиятли кадрларга эҳтиёжини таъминлайди. Аҳолининг ҳар бир қатлами учун билим олиш имконияти яратилаётгани эса камбағалликка курашиш асносида “Темир дафтар”га киритилган оилалар сонини камайтириш имконини беради. Олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоиз ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари икки баравар оширилиши, шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилиши ҳам айнан ушбу эзгу мақсадга хизмат қилади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш фақат шу билан чекланиб қолмайди. Давлат дастурида талабаларга академик таътил бериш бўйича қатор енгилликлар кўзда тутилган. Ёшлар учун узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилиши, оиласининг бетоб аъзосини парваришлаши сабабли анъанавий шаклда ўқишни давом эттириш имконияти бўлмаган талабаларга ҳам академик таътил олиш ҳуқуқи берилиши, талабаларга ўқиш давомида академик таътил берилиши бўйича миқдорий чекловлар ҳамда илгари ўзлаштирилган фанлар бўйича қайтадан ўқитиш амалиёти бекор қилиниши шулар жумласидан.

Бу йил апрелдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони беш баробар оширилади.

Илгари сурилаётган ушбу ташаббуслар, амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирларни бевосита кузатиб, айтиш мумкинки, одамлар кўнглида “Баркамол авлод таълим-тарбияси йўналишида жаҳон стандартлари даражасига эришамиз ва бугунги муваффақиятларимиз кўлами ортиб бораверади” деган ишонч мустаҳкамланмоқда.

Олдинга қўйилган марралар, албатта, ўз-ўзидан забт этилмайди. Бунинг учун, аввало, барча бир ёқадан бош чиқариш, ислоҳотлар мазмун-моҳиятини чуқур англаш қаторида, улар ижросига камарбаста бўлиш керак. Бу, ўз навбатида, дунёқарашни ўзгартириш, эскича фикрлашдан воз кечиш, уйғониш ва бошқа мудроқ қалбларга ҳам туртки беришни талаб этади. Зотан, ёшлар тақдири ҳақида қайғуриш нафақат давлат ёки ҳукуматнинг, балки ҳар биримизнинг асосий бурчимиздир.

Бинобарин, жамиятда билимга асосланган ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик кайфияти Учинчи Ренессанс эшикларини очиб беради. Зотан, Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” Шундай экан, мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишлар ҳамиша бардавомдир.

Мансур ЭШОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори,

иқтисодиёт фанлари доктори