Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик шодиёнасида ҳам “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни илгари сурилиши бежиз эмас, албатта. Янги Ўзбекистон қисқа давр ичида илғор давлатлар сафига қўшилишни стратегик мақсад сифатида белгилаган. Бу юксак маррага эришиш учун эса бизга салоҳиятли кадрлар, фундаментал тадқиқотлар, инновацион ишланмалар зарур. Бу борадаги ислоҳотлар мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ этишда яққол кўзга ташланмоқда.
Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш даврида олий таълим тизими ҳам янгиланиш ва ислоҳотлар босқичидан ўтмоқда.Тизимда сифат ва самара шиддат билан кўтарилгани олий таълим олишнинг туб моҳиятини англаган ёшлар дунёқарашида, натижаларида яққол намоён бўла бошлади. Хусусан, таълим-тарбия тизимида туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айни вақтда таълим, жумладан, ижтимоий соҳа учун харажатлар миқдори давлат бюджети харажатлари умумий қийматининг салмоқли қисмини ташкил этмоқда. Табиийки, ҳар қандай давлат ҳам бундай катта харажатларни кўтара олмайди. Қанчалик оғир бўлмасин, юртимизда бунинг учун зарур маблағ ва ресурслар излаб топиляпти. Давлатимиз раҳбари мазкур харажатларни харажат эмас, балки, келажак учун йўналтирилган энг самарали сармоя ҳисоблаб, таълим ривожига эътиборни йилдан-йилга кучайтирмоқда.
Айниқса, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни таёрллаш олий таълим тизимидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Жорий йил 25-май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармонда биринчи навбатда инсон қадрини улуғлаш ва иқтидорли ёшларни олий таълимга кўпроқ қамраб олиш учун мўлжалланган, десак муболаға бўлмайди. Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва давлат гранти ажратиш механизмларини такомиллаштириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун мавжуд шарт-шароитларни яхшилаш, кадрлар тайёрлашни иқтисодиётнинг ривожланаётган тармоқ ва соҳаларига манзилли йўналтириш мақсадини кўзда тутади. Шу билан бирга, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанларга устуворлик берилди. Фармонда таълим олувчилар манфаатларини кўзловчи шу каби кўплаб янги тартиб ва ўзгаришлар белгиланиб, янги ўқув йили қабулида шу Фармон асосида талабалар ўқишга қабул қилинди. Ёшларимиз олий таълим муассасасига қабул қилингандан сўнг ҳам унинг талаба сифатидаги имкониятлари давом этади. Жорий этилган имтиёзлар энди уни сифатли таълим олиш ва ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишиш учун руҳлантиришга хизмат қилади.
Ҳозирда юртимизда олий таълим ўқув жараёнларига ишлаб чиқариш корхоналарининг малакали ва тажрибали мутахассислари жалб қилинмоқда. Ўз навбатида, талабалар, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар ишлаб чиқариш корхоналарида амалиёт ва стажировка ўташ тизимли йўлга қўйилган. Олий ўқув юртлари иқтисодиётдаги замонавий корхоналарнинг ривожланиш истиқболларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар тайёрлаш, талабалар олаётган назарий билимларини инновацион ҳамкорлик асосида худди ўша корхоналарда амалий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.
Мамалакатимизда олий таълим муассасаларига белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона политехника институти жамоаси билан жорий йилда институтни 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси ҳамда ушбу стратегиянинг асосий йўналишларидан бири сифатида инновацион фаолиятни “Тармоқ – корхона – олийгоҳ” тамойили асосида янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди. Институтда илмий ва инновацион экотизимни яратиш ҳамда бу орқали илмий тадқиқотлар самарадорлигини оширишга эришиш асосий вазифамизга айланган. Тадқиқотчи ва талабаларнинг илмий тадқиқот, тажриба конструкторлик ишланмалари натижаларини ишлаб чиқаришга трансфери ва тижоратлаштиришга йўналтиришнинг энг самарали механизмларидан бири олий таълим муассасаларида марказлар ташкил этиш ҳамда мазкур марказларга спин-офф корхоналарини бириктириш ҳисобланади. Юқоридаги фикрлардан келиб чиққан ҳолда, институтда долзарб ва устувор йўналишлардаги илмий тадқиқотларга инвестициялар киритиш орқали маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича инновацион инфраструктура ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда Фарғона политехника институтида илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган жами 19 та марказ фаолият бошлади. Тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш маркази, ўқув-ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш маркази, медиа-марказ, қурилиш материаллари аккредитация маркази, АКТ инкубация маркази шулар жумласидан. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 та “Спин-офф” корхонаси очилди. Ҳозирда марказ ва спин-офф корхоналари фаолиятини такомиллаштириш институтнинг 2030 йилгача ривожланиш стратегияси ва мазкур стратегияга асосан 2024-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” асосида олиб борилмоқда. Шу ўринда ушбу марказлар фаолиятига тўхталиб ўтсам. Марказлар халқаро ва миллий меҳнат бозорларига рақобатбардош муҳандис кадрлар тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, илмий-тадқиқот ўқув ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини аккредитациядан ўтказиш, тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш, PR-медиа, ахборот-технологиялари ҳамда дастурлаш йўналишларига мўлжалланган. Шунингдек, Япониянинг Willtec компанияси билан биргаликда халқаро миқёсда қурилиш соҳасида мақсадли кадрлар тайёрлаш учун “Япон тили ва япон технологияларини ўқитиш” маркази ҳам ташкил этилган.
Давлатимиз ижтимоий–иқтисодий фаровонлиги инсон капиталига асосланади. Шунинг учун ҳам кадрлар билан таъминлаш масаласи ёнилғи-энергетика комплексини ривожлантириш стратегиясида муҳим ўрин тутади. Давр тақозосига кўра, бу борада янги талаб ва эҳтиёжлар пайдо бўлмоқда. Улар асосий фанлар, жумладан, кимё фанини ўрганишга асосланган бўлиши керак. Шу маънода, Фарғона политехника институти кафедра ва лабораторияларида ушбу жараён муваффақиятли бажарилмоқда.
Таълим муассасадаги муҳандислик таълими моделининг муҳим хусусияти кўп тармоқлилик, турли вазифа ва мулътитехнологияларга асосланганидадир. Институтда талабалар учун ўзгарувчан технологик жараёнларга мослашувчан ва фаол муносабатда бўлиш имконини берувчи индивидуал таълим йўналишлари тизими жорий этилмоқда. Бу борада Олий муҳандислик мактаби лойиҳаси амалга оширилиши айни муддаодир.
Яқинда Президентимиз раҳбарлигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муасассалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда республикамиздаги 10 та олий таълим муасассасида олий муҳандислик мактаблари очилиши белгиланди. Хусусан, ушбу 10 та олий таълим муасассаси қаторида Фарғона политехника институти ҳам бўлиб, айни йўналишда “Саноат муҳандислиги” олий муҳандислик мактабини ташкил этиш режалаштирилган. Олий муҳандислик мактаби илмий фаолияти орқали машинасозлик, кимё саноати, энергетика ва электротехника соҳаси бўйича юксак салоҳиятли ва етук муҳандис кадрларни тайёрлаш ҳамда саноат тармоқларини ривожига ҳисса қўшишга қаратилган.
Айни пайтда институтда машинасозлик, кимё саноати, энергетика ва электротехника йўналиши соҳасида 2863 нафар талаба бакалавриатда ҳамда 57 нафар талаба магистратурада таҳсил олади. Ўз навбатида 54 нафар таянч докторант ва 1 нафар докторант илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланиб келмоқда.
Машинасозлик, кимё саноати, энергетика ва электротехника соҳаларида “h-(Хирш)” индекси 5 ва ундан юқори бўлган профессор-ўқитувчилар сони 24 нафарни ташкил этади. Олий муҳандислик мактаби лаборатория ва ишлаб чиқариш базалари замон талабларига мос жиҳозланган. Институтда илмий тадқиқот, ўқув ишлаб чиқариш комплекси – Технопарк ташкил этилган бўлиб, “Металларни инновацион қуйиш”, “Металларга механик ишлов бериш”, “Метрология ва реинжиниринг“, “Қурилиш синов” лабораториялари ташкил этилган. Амалиёт базаси сифатида 1100 нафардан зиёд талабалар қамраб олинган.
Олий муҳандислик мактабида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ҳудуд газ таъминот” АЖ, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ, "Ўзбекгидроэнерго" АЖ, Узавтосаноат АЖ, “Quvasoysement” АЖ, “Farg‘onaazot” АЖ, “Kvars” АЖ, “Qo‘qonmexanikazavodi” АЖ каби 20 дан ортиқ маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шунингдек, институт Италиянинг Турин политехника университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Томск политехника университети ва Буюк Пётр номидаги Санкт-Петербург политехника университети билан ҳам ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Дастлабки босқичда олий муҳандислик мактабида машинасозлик, электротехника, энергетика ва кимё технология ихтисосликлари бўйича махсус магистратура дастурлари йўлга қўйилади. Магистратура дастурларида дастлабки йилда кадрлар буюртмачилари талаблари асосида шакллантирилган ўқув режалари асосида ўқитилади. Ўқув режаларида белгиланган малака талаблари бўйича Президентимиз ҳам йиғилишда алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу борада реинжинеринг, коъстинжинеринг ва бошқа ҳозирги замон ривожланиш тенденцияларига мос махсус таълим дастурлари йўлга қўйилади. Талабаларга соҳа буюртмачилари талаблари асосида шакллантирилган махсус ўқув дастурлари асосида янги маҳсулотларни лойиҳалаштириш ҳамда илмий изланишларга йўналтириган дастурлар бўйича таълим берилади.
Магистратуранинг иккинчи йилида янгги маҳсулотлар бўйича тажриба конструкторлик намуналарини яратиш билан боғлиқ технологик жараёнлар корхоналарда бевосита амалиётда синовдан ўтказилади. Амалиёт билан боғланган илмий тадқиқотга йўналган махсус таълим дастурларида таҳсил олган ушбу талабалар келажакда юртимиз иқтисодиётини рақобатбардошлигига, саноатимиз ривожига ҳисса қўшадиган юқори малакали кадрлар бўлиб етишади.
Президентимиз топшириғига биноан Фарғона политехника институти ҳамда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети томонидан "УзАвто" корхонаси билан “Олий муҳандислик мактаблари”ни очиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилишига киришилди. Шу йилнинг 25 июнь куни институтимиз вакиллари "УзАвто" корхонаси мутасаддилари билан учрашув ўтказди. Учрашувда келгусидаги ҳамкорлик алоқалари, олий муҳандислик мактабларини ташкил этиш, инновацион фаолиятдаги ҳамкорлик, дуал таълим каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Учрашувда корхона вакиллари Manufacturing engineering, Manufacturing management ва автомобиллар учун Electrical engineering йўналишларида мутахассислар зарурлигини таъкидлашди. Шу асосда институт ўқув дастурларида реинжинеринг, костинжинеринг, бенч-маркинг, бошқарув каби йўналишларни шакллантириб, фан ва амалиётни ўзаро уйғунлигини таъминлашга келишиб олинди. Бундан ташқари, корхонага автомобиллар электрикаси йўналишида ҳам мутахасис жуда зарурлиги айтилди. Бу йўналишда институт етарлича имконият ва тажриба мавжуд бўлиб, ҳар йили дарс жараёнига хориждан 40 га яқин доимий асосда, 160 дан зиёд модул асосида жалб қилинмоқда.
Мулоқотда “Узавтосаноат” тармоқ корхоналарининг стратегик ривожланиш режалари, муаммолар банкидан келиб чиқиб, илмий тадқиқот йўналишларини белгилаш ва шунга қараб илмий лабораторияни шакллантириш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди. Лабораторияга олий муҳандислик мактаби талабалари ҳамда соҳа бўйича илмий тадқиқот олиб бораётган докторант ва тадқиқотчиларни бириктириш, “Узавто” академияси қошида муаммоларни технологик ечимларини ўрганиш бўйича илмий марказ ташкил қилишга келишиб олинди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбарининг “Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур. Ҳар бир вазир, тармоқ раҳбари, ректор ва профессор-ўқитувчи масъулиятни чуқур ҳис қилиб, қаттиқ ишласа, изланса, бунга албатта эришамиз” деган сўзлари бизга катта куч ва мотвация берди. Президентимиз бевосита бизнинг таълим муассасамизни бу борада тажриба сифатида эътироф этганлиги ушбу жараёндаги ишлар кўламини янада кенгайтиришимиз учун муҳим омилдир.
Умуман олганда, мустақиллик улкан имкониятларни берди. Олий таълимдаги ислоҳотлар ҳам буни яққол кўрсатиб турибди. Байрам шукуҳи кезаётган кунларда Президентимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишда ёшларни илмли, зукко ва интилувчан касб эгалари қилиб тайёрлаш биз таълим соҳаси вакилларини фидоийликка чорлайди.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори,
техника фанлари доктори.