Юртимизда Наврўз айёми шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Бухородаги “Ситораи моҳи хосса” санаторийси яқинида яна бир дам олиш ва соғломлаштириш маскани қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги матбуот хизмати.
Вилоят уруш ва меҳнат фахрийларининг таъмирталаб аҳволга тушиб қолган шифохонаси ўрнида қад ростлаган, юз ўринга мўлжалланган мазкур икки қаватли бинони бунёд этиш учун 15,5 миллиард сўм маблағ сарфланди. Зарур анжомлар, тиббий ташхис аппаратлари келтирилди.
Янги, замонавий, ҳар томонлама қулайликларга эга бўлган ушбу санаторийни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари М.Ҳамроев, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ходимлари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ва вилоят мутасаддилари иштирок этди.
Кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда нуронийларнинг дуолари билан алвон лента кесилди. Шундан сўнг бу ерда яратилган шарт-шароитлар билан танишилди.
Муассаса суяк-мушак, бўғим, умуртқа поғонаси, асаб, овқат ҳазм қилиш тизими, эндокрин, стоматологик ва юқори нафас йўли касалликлари профилактикаси ва даволашга мўлжалланган. Эрталабки бадантарбия учун алоҳида зал мавжуд бўлиб, зарур анжом-ускуналар билан таьминланган.
Даволовчи жисмоний машғулотлар хоналари, бассейн ва сув муолажалари, спорт-соғломлаштириш бурчаклари, шифобахш ванналар, физиотерапия, игна билан даволаш, уқалаш, стоматолог хоналари бор. Парафин-озокерит билан даволаш бўлимлари ва фитобарлар доим дам олувчилар хизматида.
Муолажалардан бўш вақтларда дам олувчилар боғда тоза ҳавода сайр қилишлари ёки телевизор кўришлари, стол тенниси, шахмат-шашка билан шуғулланишлари мумкин. Ўнга яқин олий маълумотли, малакали шифокор ва ўттиздан зиёд ўрта тиббиёт ходими меҳнат фахрийлари соғлиғига камарбаста.