Бир суҳбатда мендан “Сиз адабиёт инсонни камол топтиришига, кўнглига эзгулик, улуғлик уруғларини экишига, инсониятни қандайдир бошқаришига ишонасизми?” деб сўрашган эди. “Қандайдир” эмас, тўппа-тўғри (маънода) бошқаради”, дедим. Агар гўзаллик, эзгулик уруғини кўнгил (саҳроси, замини)га адабиёт экмаса, бошқа нарса эколмайди. Ҳатто дину диёнат, иймон ҳам адабиёт орқали мустаҳкамланади. Ёшим саксонга яқинлашмоқда, неча йилки, мени Ҳазрати Яссавий, Ҳазрати Навоий, Эргаш Жуманбулбул, Чўлпон, Қ.Муҳаммадий, А.Қодирий бошқариб келади. Бу зотларнинг ҳар бири ўз йўли (жанри)нинг пири, руҳларини шод қилайлик.
Адабиёт инсоният (кўнгли)ни бошқаради. Қўрқитиб бошқарувчи тизимлар мавжуд бўлган, бироқ муваққат. Чунки халқ ва адабиёт буюкдир. Қодирийда юз Анвар, минг Отабек кучи бўлгани аниқ.
Куни кеча кеч соат ўн бирда мукофотланганим ҳақидаги хабарни етказишганида Президентимизнинг мен билган ана шу ҳақиқатларни англашини, мард ва жасур инсон эканлигини чин дилдан ҳис қилдим. Шу кунгача давраларда ва суҳбатларимда жамият ва ҳукумат ҳақида жуда кўп танқидий мулоҳазалар билдириб келганман. Лекин айнан бугун мен давлатимиз раҳбарини мақтайман. Чунки мен айтган танқидий мулоҳазаларим учун жазо кутган эдим, мукофот олдим!
Кечадан бери адабиёт ихлосмандлари қилган қўнғироқлардан, шоиру ёзувчи дўстларимизнинг табрикларидан, хурсандчиликларидан бошим айланиб кетди ҳатто...
Агар давлатимиз раҳбари бизни жамиятдаги камчиликларни тўғри танқид қилаётганимиз учун рағбатлантираётган экан, демак, биз бу тарихий кунларга шукрона келтиришимиз, бу инсон эълон қилаётган қарорларни тарғиб этишда бор кучимиз ва салоҳиятимизни сарфлашдан асло толмаслигимиз керак, деб биламан. Муаммоларимиз қанчалик тез ҳал бўлса, жамиятимиз ҳам шунчалик тез ривожланади. Қайсики давлатда тараққиёт бўлаяптими, демак, ўша давлатда раҳбарлар зиёлилар фикрига, мулоҳазаларига ҳурмат билан муносабатда бўлаётганини сезиш мумкин.
Мендай бир оддий ижодкорнинг камтарона хизматларини тақдирлашяптими, ишонаверинг, биз чиндан ҳам эзгу мақсадли, юксак шижоатли раҳбар билан бир сафда туриб миллатимиз равнақи учун хизмат қилаяпмиз. Бундан жуда фахрланаман!
Йўлдош ЭШБЕК,
Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими