Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, шунингдек, таълим ва экология соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, парламентлараро алоқаларни фаоллаштириш ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

“Европа Иттифоқи-Ўзбекистон” парламент ҳамкорлик қўмитаси доирасида самарали алоқаларни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди. Унинг 15-мажлиси жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши режалаштирилган.

Т.Хакала Ўзбекистон халқини давлат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан самимий қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Преференциялар бош тизими плюс (“GSP+”) доирасида бенефициар мамлакат мақомини олганини мамнуният билан қайд этди. Бу эса ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришда муҳим босқич ҳисобланади. Томонлар бу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришга интилиши ўз тасдиғини топди.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича ишлар якунланишидан манфаатдорлик билдирилди.

Бўлажак тадбирларни юқори савияда ташкил этиш масалалари алоҳида муҳокама этилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.