Унда давлатимиз раҳбари таълим тизимидаги ҳолатни рўй-рост тасвирлар экан, ўтган асрнинг бошларида маърифатпарвар аллома Абдулла Авлонийнинг “Тарбия – бу ҳаёт-мамот масаласи”, деган фикрини яна бир бор эсга олди, нажот таълимда, тарбияда, билимда эканлигини бот-бот уқтирди. Соҳамизда йиғилиб қолган қатор камчилик ва муаммолар, хусусан, ҳозирда 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги, 2 мингдан ортиқ мактабда спорт зали йўқлиги айтилди. Энг муҳими, бундай масалаларни ҳал қилиш вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари зиммасига юклатилди ва адолатли қарор топди, деб ҳисоблайман. Негаки, очиғи, ҳақиқатан ҳам мактаб раҳбарияти қурилиш, таъмирлаш каби ташкилий, молиявий ишлар билан банд бўлиб, таълим-тарбия сифатини таъминлашга етарли даражада эътибор беролмаётганди. 

Мен, қарийб 40 йилдирки, бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Шу кунга қадар қадар ўн бешта синфга раҳбарлик қилиб, 500 нафарга яқин ўқувчининг саводини чиқариб, бошланғич билимларни улашган ҳолда юқори синфларга кузатдим. Уларнинг аксарияти бугун олий маълумотли, замонавий кадр бўлиб етишиб, турли соҳаларда эл-юрт хизматида. Давлат раҳбари айни пайтгача фойдаланилаётган таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилганини ошкора маълум қилди. Узоқ йиллик тажрибамга назар ташласам, чиндан ҳам бу гапда жон бор. Ўқувчиларга ўтилган мавзуни қанчалик эслаб қолганлиги ва уни оғзаки баён этишларига қараб баҳо қўярдик. Баҳолаш методикасида дарсликлардаги қоида ва формулаларни ёдлашни талаб қилиш билан чегараланардик. Бу эса болаларни мантиқий ва ижодий фикрлашга, амалиётга, ҳаётга ўргатолмасди. Ваҳолонки, глобаллашув асрида мактаб олдига қўйилаётган талаб ёшларга фақат билим беришгина эмас, балки уларни мустақил фикрлайдиган, ватанни севадиган, касб-ҳунарни эгаллаган, жамиятда ўз ўрнини топиб кетишга қодир этиб тайёрлаш вазифаси қўйилмоқда.

2021 йилдан бошлаб бизнинг мактаб ҳам республикада халқаро баҳолаш тадқиқоти ўтказилаётган таянч мактаблардан бири этиб белгиланди. Ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича бошланғич синфларда PIRLS, юқори синфларда PISA халқаро тадқиқотига ҳозирлик ишлари олиб борилмоқда. Шу мавзуда бир неча марта ўқув семинарлари, тренинг машғулотлари ташкиллаштирдик. 4-синф ўқувчилари матнни ўқиб тушуниш даражасини баҳоловчи тест топшириқларини бажаришади ҳамда таълимга қизиқишлари, уй ва мактаб шароитлари тўғрисидаги шахсий фикрларини намоён этувчи ўқувчи сўровномаси, мактаблар ва танланган синф раҳбарлари таълим муассасасидаги таълим муҳитини ўрганувчи мактаб ва ўқитувчи сўровномасини, ўқувчиларнинг ота-оналари ёки васийлари эса фарзандларининг таълим олиш шароитларини ўрганувчи уй сўровномасини тўлдиришади. PISA тадқиқотининг тажриба-синов жараёнига кўра, ўқувчилар компьютерда электрон тарзда математик, табиий-илмий, ўқиш саводхонлиги ва креатив фикрлашини баҳоловчи тест топшириқларини ишлашади ҳамда юқорида ёзилганидек, ўқувчи сўровномасини, танланган мактаб раҳбарлари мактаб сўровномасини тўлдиришади. Ўйлайманки, мазкур тадбир ҳам Юртбошимиз таълим муассасалари олдига қўйган долзарб вазифалар ижросини таъминлашда муҳим омилдир.

Йиғилишда, шунингдек, мактабларда ишлаётган 504 минг педагогдан 60 минг нафари ўрта махсус маълумотли, 190 минг нафарида эса умуман малака тоифаси йўқлиги, аксарият педагогларнинг билими ва маҳорати етарли эмаслиги, ўқитувчи сифатли дарс ўтишга эмас, “кўпроқ соат олиш”га интилиши, ҳисоботлар билан қимматли вақтини совуришини тўғри таъкидланди. Мен катта ёшдаги педагог бўлишимга қарамай, ўтган йили сентябрь ойида малака ошириш курсида ўқидим. Унда таълим беришнинг янгича инновацион технологиялари ҳақидаги билимларимни мустаҳкамладим ва бу кўникмалар фаолиятда жуда қўл келмоқда. Яъни педагоглар малакасини ошириш, олий маълумотли қилиш энг долзарб масалалардан. Чунки таълим сифати биринчи навбатда ўқитувчиларнинг билим савиясига ва педагогик маҳоратига узвий боғлиқ. Мамлакат етакчисининг “Тақдиримиз муаллимлар қўлида” дея баралла овозда юксак ишонч билдиргани ва касбимизга эътирофидан бошимиз осмонга етди.

Мактабларнинг моддий базасини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, янги дастурлар, дарсликлар яратилаётганлиги, ўқитувчиларнинг обрўсини кўтариш, уларни турли жамоат ишларига, хусусан, пахта йиғим-теримига жалб этишга барҳам берилгани, республикада биринчилардан бўлиб вилоятимизда Президент мактаби, Ибрат номидаги ижод ва бошқа ихтисослаштирилган мактабларнинг ташкил этилганлиги ўзининг дастлабки самараларини кўрсата бошлади. Бизнинг муассасамиз ҳам 2021 йилдан бошлаб математикага  ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби мақомини олди. Жорий 2022 йилда Тўрақўрғондаги Ибрат номидаги ижод мактаби негизида чет тиллари институти, қишлоқ хўжалиги техникуми асосида аграр университетнинг филиали очилиши, қолаверса, 7 та олий ўқув юрти ташкил этилиши ҳисобига вилоятда уларнинг сони 10 тага етиши биз муаллимларга мамнунлик бағишлади. Негаки, ҳозир биз таълим-тарбия бераётган ёшларнинг эртага ана шу олий ўқув даргоҳларида ўқиш имконияти ортади.

Президентимиз  вилоятимиз фаоллари билан бўлган сайловолди учрашувда: “Мен ҳар гал Наманган заминига келиб, иймон-эътиқоди мустаҳкам, бағрикенг ва заҳматкаш инсонлар билан дилдан суҳбатлашганимда, уларнинг одоб-ахлоқи, юксак маданиятини, хушмуомаласини кўриб, доим қойил қоламан. Шу маънода Наманганнинг меваси ширин, мевасидан ҳам шеваси ширин, деган гапда жуда катта ҳаётий ҳақиқат бор. ...Устознинг нуфузини ошириш учун ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Ҳаммангиз биласиз, ёшлигимизда ўқитувчи кўчадан ўтса, 5 метр четроққа ўтиб, салом берардик. Мен муаллимнинг маошини 1 минг долларга етказмагунча тўхтамайман”, деганди. Табиийки, биз педагогларга кўрсатилаётган алоҳида эҳтиромдан кўнглимиз тоғдек кўтарилди, бир ғайратимизга ўн ғайрат қўшилди.

Юртбошимиз бир нутқида “Афсуски, кейинги пайтларда ёшларнинг “тарбиячиси” қўлларидаги телефон бўлиб қолди. Бу ҳам замона зайли, албатта, лекин ёшларимиз тарбияси мени жиддий ўйлантиради”, дедилар. Дарҳақиқат, 40 йиллик тажрибага эга муаллим сифатида мен ҳам шу фикрни қўллаб-қувватлайман. Демак, муаммо қўл телефони билан боғлик экан, биз ҳам айни масалага жиддий аҳамият қаратишимиз, ота-оналар билан ҳамкорликда ишлашимиз зарур. Таълим даргоҳимизда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини кучайтиришга, ҳар қайси бола билан якка тартибда шуғулланишга, улар онги ва қалбига миллий қадриятларимизни сингдириш учун кечаю кундуз интиляпмиз. Раҳбарлигимдаги 4-“Н” синфда Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюларига бағишлаб очиқ дарс уюштиргандим. Энди эса Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон  стратегияси” номли китоби асосида “Инсон қадри улуғланган юрт” номли тадбирга тайёргарлик кўряпмиз. Хуллас, зиммамизда масъулиятли вазифалар турганлигини чуқур ҳис этган ҳолда Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини қурувчи баркамол авлодни тарбиялаш, янги “Тараққиёт стратегияси”ни амалга ошириш йўлида бор куч, билим ва салоҳиятимизни ишга соламиз.

Шоира ФАЙЗИЕВА,

Наманган шаҳридаги 7-Давлат ихтисослаштирилган

умумтаълим мактабининг олий тоифали бошланғич синф ўқитувчиси,

Халқ таълими аълочиси.