Жорий йилнинг 6 июль куни “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков раҳбарлигидаги делегация аъзоларини бутун дунёда ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SЕТА) раҳбари – бош координатори Бурханеттин Дуран ташкилотнинг Истанбул шаҳридаги бош қароргоҳида қабул қилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозим, SETA – миллий, минтақавий ва халқаро муаммоларни инновацион тадқиқ этиб борувчи нуфузли нотижорат тадқиқот институти ҳисобланади. Мазкур жамғарма фаолиятининг асосий мақсади замонавий сиёсий ва иқтисодий тенденцияларни таҳлил қилишдан иборат. Жамғарма халқаро мулоқот форумини тақдим этиш билан бир қаторда, тадқиқот ҳисоботлари, нашрлар, ақлий ҳужумлар, конференциялар ва сиёсий тавсиялар орқали сиёсий етакчиларнинг фаолиятига тузатишлар киритишга ҳам ҳаракат қилади. Шунингдек, SETAнинг асосий вазифаси давлат аппарати ва хусусий секторда қарор қабул қилувчилар учун эътиборга молик, ишончли ҳамда мустақил ахборотларни тақдим этишдан иборат.

Ушбу жамғарма илмий-таҳлилий йўналишдаги турли мавзулар билан боғлиқ мақолаларни доимий равишда чоп этиб боради. Хусусан, “Policy Brief” ва “Policy Report” журналларида, босма ва электрон нашрларда эълон қилинаётган ҳарбий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ташқи сиёсий мавзуларга бағишланган мақолалар шулар жумласидандир.

Учрашув аввалида Марказ раҳбари Элдор Туляков Ўзбекистонда барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича мамлакатда амалга оширилаётган ўзгаришлар, бу борада “Тараққиёт стратегияси” маркази ва бошқа нодавлат жамоат ташкилотларининг ўрни ва роли ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўз навбатида, Туркия Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар фонди (SЕТА) раҳбари Бурханеттин Дуран ҳам Ўзбекистон билан Туркия муносабатлари кейинги вақтларда жадал ривожланиб бораётганини таъкидлаб, Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичидаги ислоҳотлар натижасида рўй бераётган ижобий ўзгаришларни юқори баҳолади ҳамда Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилаётган минтақавий ва глобал даражадаги халқаро ташаббуслар Марказий Осиёда барқарор тараққиётга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шунингдек, Бурханеттин Дуран Марказий Осиё ва унга қўшни ҳудудларда ўзаро иқтисодий, транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг самарадорлиги ҳамда уларнинг минтақавий хавфсизлик ва барқарорликка таъсирини етакчи илмий тадқиқот марказлари томонидан таҳлил қилиш муҳим аҳамият касб этишини эътироф этди. Бу борада Сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар жамғармаси (SЕТА) “Тараққиёт стратегияси” маркази билан фаол илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини баён этиб, биргаликда қўшма лойиҳаларни бошлашга тайёрлигини билдирди.  

Шу билан бирга, учрашувда Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи илмий тадқиқот марказлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ҳамда истиқболда ўзаро манфаатли, долзарб мавзуларда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази делегациясининг Туркия Республикасига ишчи ташрифи давом этмоқда, дея хабар беради “Тараққиёт стратегияси” маркази Ахборот хизмати.