Сўнгги йилларда таълим, “яшил” энергетика ва иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, бу борада Германия билан манфаатли шериклик тамойиллари йўлга қўйилди. Берлин ва Остонада Марказий Осиё ҳамда Германия етакчилари иштирокида ўтказилган халқаро саммитларда ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари тузиб олинди, мақсадлар белгиланди.
Хусусан, 2024 йил сентябрда Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Германия” саммитида Президентимиз узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилиш, Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шериклик, “яшил” энергетика, иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш ҳамда транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Германия билан ҳамкорлик кўлами тобора кенгаймоқда. Ўзбекистон билан терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича биргаликдаги ишлар давом эттирилмоқда. Юртимизда дуал таълимни жорий этишда Германия тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.
Бугун мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида немис ўқитиш стандартларига асосланган мактабгача таълим муассасалари ва техникумлар фаолияти кенгаймоқда. Айниқса, Германияда талаб юқори бўлган соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мақсадлар муштарак
Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокими бошчилигида бир гуруҳ мутахассис Германияда хизмат сафарида бўлдик. Учрашувларда бир неча лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, иш ўринлари очиш ва тартибли миграцияни йўлга қўйишга доир кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ҳайдельберг шаҳри мэри Эккарт Вюрцнер билан учрашувда олий ва касбий таълим, соғлиқни сақлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда тартибли миграция йўналишларида узоқ муддатли ҳамда барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди.
Учрашувлар самимий ва дўстона руҳда ўтди. Жаноб Эккарт Вюрцнер ва Маннҳайм шаҳри мэри Кристиан Шпехт Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг истиқболлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилди.
Ташриф доирасида Ҳайдельберг шаҳрида Германиянинг етакчи ишбилармон доиралари, савдо-саноат ҳамда ҳунармандчилик палаталари вакиллари иштирокида Қашқадарё — Ҳайдельберг иқтисодий форуми ўтказилди. Мазкур форум икки ҳудуд ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва амалий ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйишга қаратилган.
Қашқадарё — Дюссельдорф иқтисодиёт ва ҳамкорлик форумида ҳам муҳим масалалар кун тартибидан ўрин олди. Тадбирда Дюссельдорф шаҳрида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўрта ва йирик ишлаб чиқариш корхонаси иштирок этди. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, тартибли миграция ва инвестиция йўналишларида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришди.
Маннҳайм шаҳри мэри Кристиан Шпехт ва немис таълим муассасалари, ташкилотлар ва тадбиркорлар билан учрашувда Германия олий ва касбий таълим муассасалари билан тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, дуал таълим дастурларини жорий этиш, муҳандислик ва техника йўналишларида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маннҳайм шаҳридаги университетлар ва амалий фанларга ихтисослашган ОТМлар тажрибаси Қашқадарё вилоятида замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Мулоқотларда қўшма корхоналар ташкил этиш, саноат парклари ва инновацион кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришда рақамлаштириш ва автоматлаштириш тажрибасини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Масъулият юки
Сафардан бир олам таассурот, истиқболли режа ва катта масъулият билан қайтдик. Одамларнинг самимийлиги, тоза-озода шаҳарлар, темир интизом бизда ўзгача таассурот қолдирди. Режаларга келсак, ҳамкорлик йўлида ўз ўрнимиз борлиги, айниқса, кадрлар тайёрлаш масаласига янгича ёндашув асосида меҳнат қилишимиз лозимлигини англадик. Бу, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият юклайди.
Германия саноати ва иқтисодиёти ривожланган давлатлардан. Ушбу давлат ялпи ички маҳсулоти бўйича етакчи ўринларда туради. Асосан, машинасозлик ва саноат ускуналари, кимё ва фармацевтика, муҳандислик ва технология, қайта тикланувчи энергия соҳалари ривожланган. Ишсизлик даражаси нисбатан паст. Муҳандислар, ахборот технологиялари мутахассислари ва тиббиёт ходимларига талаб юқори.
Мамлакат олий таълим сифати ва қулай шартлари билан машҳур. Олий таълим муассасалари асосан уч турга бўлинади: университет (илмий тадқиқотга йўналтирилган), амалий университет (саноат билан яқин ҳамкорликдаги амалиётга йўналтирилган таълим) ва дуал таълим (ўқиш фаолият билан бирга олиб борилади).
Бугун мамлакатимиз, хусусан, вилоятимиз Германия билан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Вилоят ҳокими бошчилигидаги хизмат сафари ҳам ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давомидир.
Учрашувларда Германиядаги Ҳайдельберг университети, Маннҳайм техника университети ҳамда Маннҳайм амалий менежмент тадқиқотлари университети раҳбарлари билан мулоқот ўтказилди. Тадбирларда Қарши давлат техника университетининг илмий ва ўқув фаолияти, илғор натижалар ҳамда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Тақдимотлар ўтказилди.
Музокараларда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинуви, биргаликда илмий лойиҳалар грантида иштирок этиш, илмий анжуманлар ўтказиш, қўшма таълим дастурларини жорий қилиш каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Келишувларга эришилди.
Германиянинг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири — “Pfenning Logistics GmbH” билан ҳамкорлик ўрнатилди. Мазкур компания 110 филиал, 7000 дан ортиқ ходимга эга. Компания тасарруфида 1000 та юк автомобили мавжуд бўлиб, у вропа бўйлаб замонавий ва ишончли логистика хизматларини кўрсатиб келмоқда.
Имзоланган битимга кўра, йилига 300 нафар юк машина ҳайдовчиси ва 300 нафар автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича малакали мутахассис Германияга юборилади. Бу ҳамкорлик университетимизнинг логистика соҳасида мутахассислар тайёрлаш борасидаги фаолиятида янги саҳифа очади.
Германия Сунъий интеллект тадқиқот маркази илмий маслаҳатчиси, профессор Вольфганг Вальстер билан учрашув ҳам биз учун манфаатли бўлди. Сабаби, вилоят олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 50 талаба ушбу марказда малака ошириши учун 2 миллион евро миқдорида грант ажратиладиган бўлди.
Тил билганга минг танга
Бугун юртимизда олий таълим муассасалари фаолиятига 4 мезон асосида, яъни битирувчилар бандлиги, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини сотиш, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари ҳамда жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грантларга қараб баҳо берилади. Шу нуқтаи назардан, талабалар бандлигини таъминлашда германиялик иш берувчилар биз учун яхши имконият.
2025 йил ноябрда Берлинда ўтказилган Ўзбекистон — Германия олий таълим муассасалари ректорлари форумида университетимиз ва Германиядаги “Avestos GmbH” халқаро компанияси ҳамда Дрезден техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланган эди.
Мазкур битимларга кўра, Дрезден техника университети билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчилар учун малака ошириш, стажировка ва тажриба алмашинувини ташкил этиш, германиялик мутахассисларни университетимиз таълим ва илмий тадқиқот жараёнларига жалб этиш, биргаликда ERASMUS+ CBHE дастури доирасида қўшма лойиҳалар тайёрлаш белгиланди.
“Avestos GmbH” халқаро компанияси билан эса университетимизда немис тилини ўқитишни йўлга қўйиш ва талабаларимизни Германияда ҳақ тўланадиган амалиёт дастурига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда.
Университетимиз халқаро ҳамкорлик ва академик мобиллик йўналишида сўнгги йилларда салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, Erasmus+ ICM KA171 дастури доирасида 2025 йилда 8 талабамиз халқаро грантни қўлга киритди. Шунингдек, Словакия миллий стипендия дастури доирасида ўтган йили 4, 2026 йил учун эса яна 4 нафар талаба грант ютиб, хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлди. 2026 йилда Erasmus+ ICM KA171 лойиҳаси доирасида қўшимча 10 талабамиз нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида ўқишга юборилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, Erasmus+ CBHE йўналишидаги HEMUA лойиҳаси доирасида ҳам университетимиз фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида бизга ажратилган умумий маблағ қарийб 40 минг еврони ташкил этади. Мазкур грант асосида 2 профессор-ўқитувчимиз Италиянинг нуфузли Болонья университетида илмий ва педагогик тажриба алмашиб қайтди.
Талабалар учун амалий ва мавсумий бандлик имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Work and Travel” дастури доирасида ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда. Жумладан, Болгарияга 100 нафар талабамиз ҳужжат топшириб, ҳозир виза олиш арафасида. Шунингдек, Германия йўналиши бўйича 50 нафар талабамиз учун ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва хорижий меҳнат бозорига мослашувни кучайтириш мақсадида университетимизда немис тилини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилди. Бугун ушбу курсларда 250 талаба немис тилини ўрганиб, халқаро таълим ва меҳнат дастурларида иштирок этиш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқда.
Ҳамкорлик бизга нима беради?
Германия дуал таълим бўйича катта тажрибага эга. Бугун юртимизда муҳандислик соҳасида ушбу таълим тизимини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йирик корхоналар ва олий таълим муассасалари ўртасида илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятини янада кенгайтиради.
Бундан ташқари, Европадаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлик халқаро грантлар дастурларида иштирок этишимизга имкон беради. Ёш олимларимизнинг билими ва тажрибаси ошади, янги авлод дарсликлари яратилади. Таълим сифати ортади.
Хорижда осон иш топиши учун, аввало, муҳандис талабаларимизга замонга мос таълим беришимиз, шунингдек, асосий таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказишимиз лозим. Университетимизнинг 3 та магистратура мутахассислиги ва 2 та бакалавриат таълим йўналиши Германиянинг ASIIN компаниясида халқаро аккредитациядан ўтказилди. Бу нима беради? Эртага талабада университет дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификат бўлса, ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.
— Анчадан бери ёшларни Германияда профессионал фаолият юритишга эрта ва реал тарзда қандай тайёрлаш мумкинлиги масаласи мени қизиқтириб келмоқда, — деди германиялик мутахассис Франк Биркемеер. — Амалий тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, касбий малакадан ташқари, шахсий муносабат, меҳнат маданияти, маданий мослашув ҳамда германиялик иш берувчиларнинг имконияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан, Қарши давлат техника университети талабалари учун тузилмавий ахборот ва йўналтирувчи дастур таклиф этиш ғояси пайдо бўлди. Бу Германияда ишлашни истаган талабалар учун ихтиёрий қўшимча ўқув дастури бўлади.
Ҳамкорлик ўзаро ҳамфикрлик пойдеворига қурилган бўлса, эзгуликка хизмат қилади. Миллатларни ўзаро яқинлаштиради, муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги сўзи, якдил фикри ана шу тамойилга асосланган.
Шерзод НЕЪМАТОВ,
Қарши давлат техника университети ректори