Сўнгги йилларда таълим, “яшил” энергетика ва иқтисодиётнинг кўплаб соҳаларида хорижий давлатлар билан ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда. Хусусан, бу борада Германия билан манфаатли шериклик тамойиллари йўлга қўйилди. Берлин ва Остонада Марказий Осиё ҳамда Германия етакчилари иштирокида ўтказилган халқаро саммитларда ҳамкорликнинг истиқболдаги режалари тузиб олинди, мақсадлар белгиланди.

Хусусан, 2024 йил сентябрда Остонада бўлиб ўтган “Марказий Осиё — Германия” саммитида Президентимиз узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш концепцияси­ни қабул қилиш, Германиянинг етакчи ком­паниялари билан инвестициявий ва техно­логик шериклик, “яшил” энергетика, иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш ҳамда транспорт йўлакларини ривожланти­риш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Германия билан ҳамкорлик кўлами тобора кенгаймоқда. Ўзбекистон билан терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг ол­дини олиш бўйича биргаликдаги ишлар да­вом эттирилмоқда. Юртимизда дуал таълим­ни жорий этишда Германия тажрибасидан кенг фойдаланилмоқда.

Бугун мамлакатимизда, жумладан, Қашқадарё вилоятида немис ўқитиш стан­дартларига асосланган мактабгача таълим муассасалари ва техникумлар фаолияти кен­гаймоқда. Айниқса, Германияда талаб юқо­ри бўлган соҳалар бўйича мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мақсадлар муштарак

Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокими бош­чилигида бир гуруҳ мутахассис Германияда хизмат сафарида бўлдик. Учрашувларда бир неча лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оши­риш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, иш ўрин­лари очиш ва тартибли миграцияни йўлга қўйишга доир кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Ҳайдельберг шаҳри мэри Эккарт Вюрцнер билан учрашувда олий ва касбий таълим, соғлиқни сақлаш, инвестицияларни жалб этиш ҳамда тартибли миграция йўналишларида узоқ муддатли ҳамда барқарор ҳамкорликни йўлга қўйиш масала­лари юзасидан музокаралар олиб борилди.

Учрашувлар самимий ва дўстона руҳда ўтди. Жаноб Эккарт Вюрцнер ва Маннҳайм шаҳри мэри Кристиан Шпехт Президенти­миз бошчилигида мамлакатимизда таълим, соғлиқни сақлаш, ёшларни қўллаб-қувват­лаш, камбағалликни қисқартириш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларни юксак баҳола­ди. Ўзбекистон ва Германия ҳамкорлигининг истиқболлари ҳақида илиқ фикрлар билди­рилди.

Ташриф доирасида Ҳайдельберг шаҳрида Германиянинг етакчи ишбилармон доира­лари, савдо-саноат ҳамда ҳунармандчилик палаталари вакиллари иштирокида Қашқа­дарё — Ҳайдельберг иқтисодий форуми ўт­казилди. Мазкур форум икки ҳудуд ўртаси­даги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, янги инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш ва амалий ҳамкорлик меха­низмларини йўлга қўйишга қаратилган.

Қашқадарё — Дюссельдорф иқтисодиёт ва ҳамкорлик форумида ҳам муҳим маса­лалар кун тартибидан ўрин олди. Тадбирда Дюссельдорф шаҳрида фаолият юритаётган 50 дан ортиқ ўрта ва йирик ишлаб чиқариш корхонаси иштирок этди. Томонлар таълим, соғлиқни сақлаш, тартибли миграция ва ин­вестиция йўналишларида ҳамкорликни йўл­га қўйиш бўйича келишувларга эришди.

Маннҳайм шаҳри мэри Кристиан Шпехт ва немис таълим муассасалари, ташкилотлар ва тадбиркорлар билан учрашувда Германия олий ва касбий таълим муассасалари билан тўғридан тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, дуал таълим дастурларини жорий этиш, муҳандислик ва техника йўналишларида мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Маннҳайм шаҳридаги университетлар ва амалий фанларга ихтисослашган ОТМлар тажрибаси Қашқадарё вилоятида замонавий кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллашти­ришда муҳим аҳамият касб этиши таъкид­ланди.

Мулоқотларда қўшма корхоналар таш­кил этиш, саноат парклари ва инновацион кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш, ишлаб чиқаришда рақамлаштириш ва автомат­лаштириш тажрибасини жорий қилиш маса­лалари кўриб чиқилди.

Масъулият юки

Сафардан бир олам таассурот, истиқ­болли режа ва катта масъулият билан қайт­дик. Одамларнинг самимийлиги, тоза-озода шаҳарлар, темир интизом бизда ўзгача таас­сурот қолдирди. Режаларга келсак, ҳамкор­лик йўлида ўз ўрнимиз борлиги, айниқса, кадрлар тайёрлаш масаласига янгича ёнда­шув асосида меҳнат қилишимиз лозимлиги­ни англадик. Бу, ўз навбатида, зиммамизга катта масъулият юклайди.

Германия саноати ва иқтисодиёти ривожланган давлатлардан. Ушбу давлат ялпи ички маҳсулоти бўйича етакчи ўринларда туради. Асосан, машинасозлик ва саноат ускуна­лари, кимё ва фармацевтика, муҳандислик ва технология, қайта тикланувчи энергия соҳалари ривожланган. Ишсизлик даража­си нисбатан паст. Муҳандислар, ахборот технологиялари мутахассислари ва тиббиёт ходимларига талаб юқори.

Мамлакат олий таълим сифати ва қулай шартлари билан машҳур. Олий таълим муас­сасалари асосан уч турга бўлинади: универ­ситет (илмий тадқиқотга йўналтирилган), амалий университет (саноат билан яқин ҳам­корликдаги амалиётга йўналтирилган таъ­лим) ва дуал таълим (ўқиш фаолият билан бирга олиб борилади).

Бугун мамлакатимиз, хусусан, вилояти­миз Германия билан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Вилоят ҳокими бошчилигидаги хизмат са­фари ҳам ана шу ҳамкорликнинг мантиқий давомидир.

Учрашувларда Германиядаги Ҳайдель­берг университети, Маннҳайм техника университети ҳамда Маннҳайм амалий менежмент тадқиқотлари университети раҳбарлари билан мулоқот ўтказилди. Тад­бирларда Қарши давлат техника универси­тетининг илмий ва ўқув фаолияти, илғор натижалар ҳамда ҳамкорлик истиқболлари ҳақида маълумот берилди. Тақдимотлар ўтказилди.

Музокараларда профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик алмашинуви, биргаликда илмий лойиҳалар грантида иштирок этиш, илмий анжуманлар ўтказиш, қўшма таълим дастурларини жорий қилиш каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Келишувларга эришилди.

Германиянинг йирик транспорт-логистика компанияларидан бири — “Pfenning Logistics GmbH” билан ҳамкорлик ўрна­тилди. Мазкур компания 110 филиал, 7000 дан ортиқ ходимга эга. Компания тасарру­фида 1000 та юк автомобили мавжуд бў­либ, у вропа бўйлаб замонавий ва ишончли логистика хизматларини кўрсатиб кел­моқда.

Имзоланган битимга кўра, йилига 300 нафар юк машина ҳайдовчиси ва 300 нафар автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш бўйича малакали мутахассис Гер­манияга юборилади. Бу ҳамкорлик универ­ситетимизнинг логистика соҳасида мута­хассислар тайёрлаш борасидаги фаолиятида янги саҳифа очади.

Германия Сунъий интеллект тадқиқот маркази илмий маслаҳатчиси, профессор Вольфганг Вальстер билан учрашув ҳам биз учун манфаатли бўлди. Сабаби, вилоят олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 50 талаба ушбу марказда малака ошириши учун 2 миллион евро миқдорида грант ажра­тиладиган бўлди.

Тил билганга минг танга

Бугун юртимизда олий таълим муасса­салари фаолиятига 4 мезон асосида, яъни битирувчилар бандлиги, илмий тадқиқотлар учун тармоқ буюртмаси ва маҳсулотини со­тиш, илмий салоҳияти ва тан олинган халқаро журналлардаги мақолалари ҳамда жалб қилинган маҳаллий ва хорижий грантларга қараб баҳо берилади. Шу нуқтаи назардан, талабалар бандлигини таъминлашда герма­ниялик иш берувчилар биз учун яхши имко­ният.

2025 йил ноябрда Берлинда ўтказилган Ўзбекистон — Германия олий таълим муассасалари ректорлари форумида универси­тетимиз ва Германиядаги “Avestos GmbH” халқаро компанияси ҳамда Дрезден техника университети ўртасида ҳамкорлик меморан­думлари имзоланган эди.

Мазкур битимларга кўра, Дрезден тех­ника университети билан ҳамкорликда про­фессор-ўқитувчилар учун малака ошириш, стажировка ва тажриба алмашинувини таш­кил этиш, германиялик мутахассисларни университетимиз таълим ва илмий тадқиқот жараёнларига жалб этиш, биргаликда ERASMUS+ CBHE дастури доирасида қўш­ма лойиҳалар тайёрлаш белгиланди.

“Avestos GmbH” халқаро компанияси би­лан эса университетимизда немис тилини ўқитишни йўлга қўйиш ва талабаларимизни Германияда ҳақ тўланадиган амалиёт дасту­рига тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилин­моқда.

Университетимиз халқаро ҳамкорлик ва академик мобиллик йўналишида сўнгги йилларда салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, Erasmus+ ICM KA171 дастури доирасида 2025 йилда 8 талабамиз халқаро грантни қўлга киритди. Шунингдек, Словакия миллий стипендия дастури дои­расида ўтган йили 4, 2026 йил учун эса яна 4 нафар талаба грант ютиб, хорижда таълим олиш имкониятига эга бўлди. 2026 йилда Erasmus+ ICM KA171 лойиҳаси доирасида қўшимча 10 талабамиз нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида ўқишга юбори­лиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Erasmus+ CBHE йўна­лишидаги HEMUA лойиҳаси доирасида ҳам университетимиз фаол иштирок этиб келмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида бизга ажратилган умумий маблағ қарийб 40 минг еврони ташкил этади. Мазкур грант асоси­да 2 профессор-ўқитувчимиз Италиянинг нуфузли Болонья университетида илмий ва педагогик тажриба алмашиб қайтди.

Талабалар учун амалий ва мавсумий бандлик имкониятларини кенгайтириш мақ­садида “Work and Travel” дастури доирасида ҳам тизимли ишлар бажарилмоқда. Жумла­дан, Болгарияга 100 нафар талабамиз ҳуж­жат топшириб, ҳозир виза олиш арафасида. Шунингдек, Германия йўналиши бўйича 50 нафар талабамиз учун ҳужжатлар расмий­лаштирилган.

Кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш ва хорижий меҳнат бозорига мослашувни ку­чайтириш мақсадида университетимизда не­мис тилини ўқитиш бўйича махсус курслар ташкил этилди. Бугун ушбу курсларда 250 талаба немис тилини ўрганиб, халқаро таъ­лим ва меҳнат дастурларида иштирок этиш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўл­моқда.

Ҳамкорлик бизга нима беради?

Германия дуал таълим бўйича катта тажрибага эга. Бугун юртимизда муҳандислик соҳасида ушбу таълим тизимини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йи­рик корхоналар ва олий таълим муассасала­ри ўртасида илғор муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда. Бу малакали мутахассис­лар тайёрлаш имкониятини янада кенгайти­ради.

Бундан ташқари, Европадаги нуфузли университетлар билан ҳамкорлик халқаро грантлар дастурларида иштирок этишимизга имкон беради. Ёш олимларимизнинг билими ва тажрибаси ошади, янги авлод дарсликла­ри яратилади. Таълим сифати ортади.

Хорижда осон иш топиши учун, аввало, муҳандис талабаларимизга замонга мос таъ­лим беришимиз, шунингдек, асосий таълим йўналишларини халқаро аккредитациядан ўтказишимиз лозим. Университетимизнинг 3 та магистратура мутахассислиги ва 2 та ба­калавриат таълим йўналиши Германиянинг ASIIN компаниясида халқаро аккредитация­дан ўтказилди. Бу нима беради? Эртага тала­бада университет дипломи, муҳандисликка оид халқаро сертификат, тил билиш бўйича яна бир сертификат бўлса, ишсиз қолмайди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда ҳам ўзига муносиб, сердаромад ишни осон топа олади.

— Анчадан бери ёшларни Германияда профессионал фаолият юритишга эрта ва реал тарзда қандай тайёрлаш мумкинлиги масаласи мени қизиқтириб келмоқда, — деди германиялик мутахассис Франк Бирке­меер. — Амалий тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, касбий малакадан ташқари, шахсий муносабат, меҳнат маданияти, мада­ний мослашув ҳамда германиялик иш берув­чиларнинг имконияти ҳал қилувчи аҳамият­га эга. Шу нуқтаи назардан, Қарши давлат техника университети талабалари учун ту­зилмавий ахборот ва йўналтирувчи дастур таклиф этиш ғояси пайдо бўлди. Бу Герма­нияда ишлашни истаган талабалар учун их­тиёрий қўшимча ўқув дастури бўлади.

Ҳамкорлик ўзаро ҳамфикрлик пойдево­рига қурилган бўлса, эзгуликка хизмат қи­лади. Миллатларни ўзаро яқинлаштиради, муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги сўзи, якдил фикри ана шу тамойилга асосланган.

Шерзод НЕЪМАТОВ,

Қарши давлат техника университети ректори

Ҳамкорлик материали