Гувоҳи бўлганимиздек, бизга ёт қарашларни, миллатимизга хос бўлмаган ғояларни, бир сўз билан айтганда, маънавиятсизликни, ахлоқсизликни тарғиб қилиб чиққан айрим аёлларнинг «хурмача қилиқлари» ижтимоий тармоқларда кўплаб эътирозларга сабаб бўлди. Бу биргина мисол эмас. Кундалик турмушда, айниқса, ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган ижтимоий тармоқларда бу каби «тасодифий кўнгилсизликлар»га кўп бора дуч келишимиз одатий ҳолга айланди.
Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» асарида уят, уятсиз деган ибора деярли ҳар бир саҳифада ишлатилган. Юксак ахлоқий, тарбиявий аҳамиятга эгалиги учун ҳам бу асар барчамиз учун севимли ва қадрли миллий романимизга айланди. Ҳар сафар бу буюк асарни қўлга олар эканман, уятсизлик, андишасизлик фожиага олиб келишини янада чуқур англайман. Бугун айрим одамлар, айниқса, кўпчилик ёшларнинг миллий қадриятларимизни йўққа чиқараётган қарашлари, турмуш тарзи дилимизга оғриқ солади. Ана шундагина замон шиддати, унинг чанг-ғуборларга тўла шамоли таъсирида кескин ўзгариб кетган айрим кимсаларнинг маънавиятга нақадар эҳтиёжи ортиб бораётганини ҳис этамиз.
Инсонда маънавий дунёқарашнинг ўсиб бориши албатта, биз бот-бот таъкидлайдиган оиладаги тарбияга бориб тақалади. Ҳар қандай юксалиш ёки таназзул тарбия билан боғлиқ эканлигини барчамиз яхши биламиз. Оилада соғлом муҳит барқарор бўлмас экан, фарзанднинг ёруғ келажагига умид боғлаш ноўрин. Ота ва она тарбияда ибрат бўла олмаган оилада ўсган ўғил-қизнинг маънавияти ҳам ҳаминқадар бўлиб бориши, шубҳасиз. Оиладаги бош бурч ва мажбурият унутилган, отанинг ота сифатидаги ўрни йўқолган ёки она тирикчилик илинжида кўчадан ортмаётган ҳолатларнинг учраётгани фарзанд тарбиясига ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Ана ўшанда бизни юрагимизга оғриқ солаётган, маънавиятсизлик, тарбиясизлик ахлоқсизлик, андишасизлик илдиз ота бошлайди.
Хўш, ечим қандай? Қачон биз бу каби оғриқли муаммоларга батамом барҳам бера оламиз? Оилалардаги бурч ва мажбурият ҳис этила бошлангандами?Унутиб юбораётган урф-одат ва анъаналаримиз фаровон умр кечиришнинг асоси эканлигини тўлиқ англаб етганимиздами? Қадриятлар қадрланган оилалардагина тарбия устун, маънавият юксак бўлаверади. Муҳит соғломлиги фарзанд камоли учун замин яратади.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг бош мақсади ва илгари сураётган ғоялари тарбия билан чамбарчас боғланган. Шу боисдан ҳам ахлоқ, мустаҳкам тарбия ва бой маънавият билангина «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини таъминлаш, амалий ифодасини юзага чиқариш мумкин деб, ҳисобланади.
Шубҳа йўқки, яхши тарбия, гўзал ахлоқ, ақл-заковат юксак маънавиятга элтувчи ёруғ йўлнинг бошланишидир. Зеро, фарзандларимизнинг ана шу ёруғ йўлдан бориши ўзимизга, ўз хатти-ҳаракатимизга боғлиқ. Уларга ибрат бўлайлик, тарбия маънавий тараққиётимизнинг таянч нуқтаси эканлигини унутмайлик!
Гулноза УМИРОВА,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик
партияси Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби.