Ушбу кўрик-танловда Фарғона вилояти Учкўприк тумани 56- умумий ўрта та‘ъим мактаби ва 1-сон касб ҳунар мактабининг тарих фани ўқитувчиси Хидиров Исломжон Тожибой ўғли ҳам иштирок этди. У танловга “Олой Маликаси Қурбонжон Додхоҳ фаолияти хусусида айрим мулоҳазалар" мавзусидаги мақоласини тақдим этди. Ҳакамлар мазкур мақолада аниқланган янги тарихий маълумотларни ҳисобга олиб, Исломжон Хидировни иккинчи ўринга лойиқ кўришди. Ғолиб "Энг яхши ўқитувчи - 2021" диплом ва кўкрак нишони билан тақдирланди.
–Минг сулоласи томонидан идора этилган Қўқон хонлиги ҳудудий жиҳатдан анчайин йирик мамлакат эди, – дейди Исломжон Хидиров ўз мақоласида. – Хонлик таркибига бугунги Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон давлатларининг ҳам кўпгина ерлари қарам бўлиб, ўзбеклар билан биргаликда қозоқ, тожик, қирғиз халқлари ҳам хонлик аҳолисининг этник таркибий қисмини ташкил этар эди. Ушбу халқлар орасидан Қўқон хонлиги ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган бир қанча тарихий шахслар етишиб чиққан бўлиб, ана шундай шахслардан бири қирғиз фарзанди Қурбонжон додҳо эди.
Устозимиз ҳар бир дарсга ўзгача тайёргарлик кўради. Мавзунинг янги тарихимиз таҳлилидаги жиҳатларига, янгиланган томонларига, маълумотларга алоҳида эътибор қаратади. Ана шу жараёнда ўз-ўзидан янги-янги мақолалар ёзиш истаги туғилади. Биз жонкуяр ва фидойи муаллимимизни ушбу ютуғи билан чин дилдан табриклаб, келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Зуҳра МЕЛИБОЕВА,
талаба